Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

У машҳур «Омадли жентльменлар» фильмида ўйнаши мумкин эди, аммо...

У машҳур «Омадли жентльменлар» фильмида ўйнаши мумкин эди, аммо...

Ўзбекистон халқ артисти, театр режиссёри, таниқли кино ва театр актёри, «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари соҳиби Бахтиёр Ихтиёров ҳаёт бўлганида 85 ёшга қадам қўйган бўларди. У Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театри, Аброр Ҳидоятов номли театр бош режиссёри ва актёри эди. «Ёр-ёр», «Дилбарим», «Ажойиб хаёлпараст», «Еттинчи жин», «Водиллик келин», «Шум бола», «Еттинчи ўқ» ва бошқа кўплаб фильмларда роллар ижро этган.

 Бахтиёр Ихтиёров 1940 йил 28 мартда Бухоро шаҳрида туғилган. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)нинг мусиқали драма актёри факультетини, кейинчалик шу институтнинг режиссёрлик факультетини тугатган...

У санъаткорлар оиласида туғилган. Онаси уй бекаси бўлса-да, мусиқага жуда қизиқарди. Отаси профессионал мусиқачи, бастакор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, бир вақтлар Бухоро Мусиқали театрининг бош дирижёри бўлган.

Бахтиёр Ихтиёров болалигидан санъатга ошно бўлиб яшади. Таниқли ўзбек кинорежиссёри Равиль Ботиров Бухоро театрига бош режиссёр бўлиб келиши унинг ҳаётида катта рол ўйнади. Ўша даврда, Бахтиёр Ихтиёров мактаб ўқувчилиги пайтида Бухоро театрида кичик ва оммавий ролларда чиқа бошлади. Режиссёр Равиль  Ботировдан театр сабоқлари биринчи бўлиб олади ва театрга янада ошуфта бўлади.

Санъатга қизиқиши туфайли, 1958 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтининг мусиқий драма факультетига ўқишга киради. Институтда иккинчи курслигидан бошлаб Муқимий  театрида ишлай бошлайди. У барча спектаклларни ёддан билар ва агар актёрлардан бири касал бўлиб қолса, ҳатто саҳнада алмаштириши мумкин эди...

1960 йилдан Бахтиёр Ихтиёров фильмларда рол ўйнай бошлали. Кўплаб фильмларида ва турли мамлакатлар билан ҳамкорликда (болгар,  югослав, ҳинд, афғон) яратилган фильмларда 60 дан ортиқ эсда қоларли образларни яратди. Театр саҳнасида ижро этган ролларининг сони ҳақида гапиришга ҳожат ҳам йўқ. 

1960 йилда у кинорежиссёр Дамир Салимовнинг «Чўлдаги осмон» фильмида Бахтиёр ролида қатнашади. 1964 йили  режиссёр Али Ҳамраев ёш актёрни «Ёр-ёр» фильмидаги бош ролга таклиф қилади. «Ўзбекфильм»нинг энг сара фильмларидан ҳисобланган мазкур фильмда Бахтиёр Ихтиёров бош ролни маҳорат билан ижро этиб, бутун Ўзбекистоннинг таниқли актёрига айланади...

Хоҳ театр, хоҳ кинода роль ўйнасин, қандай жанр ёки қай даражадаги роль бўлмасин, у ҳар бирини моҳирона ижро этарди. Бир ролини бошқасидан устун қўймасди. Ўзининг таъкидлашича, ҳақиқий актёр ҳар қандай образга кўникиши керак.

Санъат оламида шундай актёрлар борки, улар шон-шуҳрат ва машҳурлик учун роль ўйнамайди, бу ҳақда ўйламайди ҳам. Роллари катта ёки кичик бўлишидан қатъи назар, томошабин севиб ва умрбод эслаб қолиши учун, маҳорат билан ижро этади. Бахтиёр Ихтиёров айнан шу актёрлар тоифасига кирарди.

1971 йилда Бахтиёр Ихтиёровни «Мосфильм»да суратга олинаётган «Омадли жентльменлар» фильмига таклиф қиладилар. Бахтиёр Ихтиёров сценарий билан танишиб чиқади, Кейин киносинов учун фотосуратга тушади. Режиссёр Георгий Данелия фильмдаги Василий Алибабаевич роли учун актёр излаётган эди. Бу ролга 50 дан ортиқ актёрни синовдан ўтказади. Ниҳоят, Бахтиёр Ихтиёров суратини кўриб, унинг сиймосида Василий Алибабаевич турганига амин бўлади ва ролга таклиф қилади. Фильмда «доцент» ролида қатнашган машҳур актёр Евгений Леонов шу заҳоти фотосуратга бармоғини тегизиб: «Мана у, Вася!» дейди, Савелий Крамаров ҳам: «Ҳа, ҳа, бизнинг Вася!» деб тасдиқлайди. Машҳур совет актёрлари Евгений Леонов, Савелий Крамеровга ҳам Бахтиёр Ихтиёров ёқиб тушади. Лекин...

Бахтиёр Ихтиёров  ўйланиб қолади ва Тошкентга қайтади. Чунки унинг бу ерда тўртта роли бор эди. «Ўзбекфильм» раҳбарияти: «Бахтиёр, агар кетсангиз, «Ўзбекфильм»нинг режаси, жадвалини ўзгартирасиз, бизга қийин бўлади, сиздан ранжиймиз» деб уни огоҳлантиради.

Бахтиёр Ихтиёров яна режиссёр Данелиянинг олдига, Москвага боради ва таклиф этилган ролдан бош тортади. Машҳур режиссёр бошини чайқаб, уни огоҳлантиради, «Бахтиёр, сен бутуниттифоқ экранига чиқишинг мумкинлигини тушуняпсанми? Бу кинодан сўнг бутун мамлакат сени танийди. Нега рад этяпсан? Ўйлаб кўр!» – дейди. Бахтиёр Ихтиёров кўп йиллар давомида Тошкентда  саҳналарда бирга роль ижро этган, ҳамкорликда ишлаган одамларни ранжитмай дея, «Омадли жентльменлар»даги  Василий Алибабаевич ролидан воз кечади...

Бахтиёр Ихтиёров ижро этган ролларида режиссёрнинг ҳар бир кўрсатмалари тўлиқ адо этилган. Актёр сифатида ўз ролини маҳорат билан ўйнаган, бутун вужуди ила «ролга кириб кетган»...

«Агар яхши актёр бўлишни истасангиз, ҳаётдаги кўплаб қувончлардан – дам олиш, севимли одатлардан, севимли машғулотлардан воз кечишингиз керак. Қачонки томошабин сизни қабул қилаётганини англасангиз, ролга кириб, ролни ёқтириб ўйнасангиз, ўзингизни ҳақиқий актёр деб билишингиз мумкин» деб таъкидлаган эди Бахтиёр Ихтиёров...

 

Абдурашид Қўзибоев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг