Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алишер Қодиров тарихдан қўрқмайди, келажакдан-чи?

Алишер Қодиров тарихдан қўрқмайди, келажакдан-чи?

Тошкентнинг қоқ марказида юртимизни ишғол қилиш чоғида ҳалок бўлган 24 нафар Чор Россияси аскари шарафига бунёд этилган Авлиё Георгий бутхонасининг қайта таъмирланиши жамоатчиликнинг, хусусан, зиёли қатламнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Миллатнинг ори ва ғурурига боғлиқ бўлган айни воқелик хусусида сиёсий партия лидерларидан аллақачон садо чиқиши керак эди. Айниқса, «Миллий тикланиш» демократик (МТДП) партиясидан! Бошқа партия етакчилари сукутни аъло билиб турган пайтда МТДП раиси Алишер Қодиров, дарҳақиқат, ўз муносабатини билдирди. Муносабатки, А Қодировнинг ўзига хос, ўзига мос тарзда. Шу боис унинг муносабати ижтимоий тармоқларда навбатдаги муҳокамалар тўлқинини келтириб чиқарди.

Қуйида бир вақтнинг ўзида парламент қуйи палатаси спикери ўринбосари вазифасини ҳам адо этиб келаётган Алишер Қодировнинг муносабати келтирилмоқда.

Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига тан.

«Тарих – ўтган кун. Ундан заифлар қўрқади. Ўтган кунлардан кутиладиган ягона манфаат – хулосадир. Хулосани ўқиш-ўрганиш билан қилса бўлади, лекин энг самарали хулоса учун кўзда кўриш, қўл билан ушлаш яхшироқ. Музейлардан мурод шунда!

Бу қабрни таьмирланганлигида фойда бор. Бу ерга фарзандларингизни олиб боринг. Кўрсатинг ва эсланг! Қачонлардир бизни босиб олишган ва ғуруримизни, юртимизни топташган. Тартиб билан тизиб қўйилган замбаракларнинг ўқини қўл билан ушлаб кўришсин. Арзимас чақага тайёрланган қўрғошин қуймаси ва замбаракларни душманлардан каррасига кўпроқ сотиб олиш учун тилласи бўлиб туриб белкурак ва найза билан ҳимояланган озодлик... Талон бўлган миллат ва хонавайрон бўлган юрт. Илмсизлик, тадбирсизлик, парокандалик, танга учун сотилган шарафсиз, хиёнатчи «ўзимизникилар»...  Заиф юрт, заиф бошқарув, заиф жамият. 

Бугун хатоларни такрорламаслик учун кечани таҳлил қилиш, хулосаларни тўғри чиқариш керак. Олимларимиз ихтиро қилишсин, талабаларимиз илм олишсин, тадбиркорларимиз серҳаракат бўлишсин, давлат хизматчилари фидоий ва ҳалол бўлсинлар. Оилаларимиз мустаҳкам бўлсин, фарзандларимиз соғлом ва ғурурли тарбия кўрсинлар. Ҳар биримиз ишимизни масьул ва маромида бажарайлик.

Шунда биз ҳам Амир Темурни Олтин Ўрдага якун ясаб, тарихни янги ўзанига асос солган майдонларига бориб эслатмалар тикамиз.

Мамлакат ва миллатни беҳуда ва бефойда шовқин билан эмас, қайноқ юрак ва совуқ тафаккур билан асрашни ўрганишимиз керак».

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг