Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шерали Жўраевнинг китоби чоп этилди

Шерали Жўраевнинг китоби чоп этилди

Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти ҳамда «Фидокорона хизматлари учун», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари соҳиби Шерали Жўраевнинг қўшиқлари ярим асрдан зиёдки, асл санъат шайдоларининг кўнгил мулкидан жой олиб келаётир. Эллик йилдан ошибдики, ҳофиз хонишлари дилларга малҳам, ўксик қалбларга юпанч, Ватан, миллат, муҳаббат, ўзлик, ғурур ва ор ҳақида оташин нидо бўлиб янграмоқда.

Шерали Жўраев – серқирра истеъдод соҳиби. «Тарих куйлайди» номли театрлаштирилган концерт дастурининг муаллифи. Ўзбекистон, Тожикистон ва Озарбойжон кино ижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинган «Шерали ва Ойбарчин» бадиий фильмининг сценарий муаллифи ва бош роль ижрочиси. Ўз ҳаёти ва ижодий йўли, ўй-кечинмаларию дунёқарашидан ҳикоя қилувчи «Бола дунёни тебратар» китоби муаллифи (1988 йили чоп этилган).

Куни кеча «Янги китоб» нашриёти томонидан етук бастакор, истеъдодли шоир ва хушовоз ҳофиз ижодидан сара намуналар ва турли мақолалардан иборат «Бир қўшиқ куйлайки...» китоби чоп этилди. Унда Шерали Жўраев қаламига мансуб шеъру ғазаллар ҳамда «Ишқ» достони ўрин олган. Бу гўзал шеърлар халқимиз томонидан мароқ билан тингланиб келинаётган қўшиқларга айланганига кўп йиллар бўлди. Китобдаги мақолаларда эса ҳали оммага эълон қилинмаган тафсилотлар келтириб ўтилган.

«Бир қўшиқ куйлайки...» таниқли журналист, шоир ва мунаққид, «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори Мақсуд Жонихонов томонидан нашрга тайёрланган.

Ўйлаймизки, ушбу китоб муносиб туҳфа сифатида ҳофиз мухлисларининг қалб жавонидан мустаҳкам ўрин эгаллайди. Қуйида китобдаги қизиқарли мақолалардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз.

«Ошиқларнинг сардори» аслида ким?

Яқинда қизиқ бир воқеа бўлди. «Миллий тикланиш» газетасининг бош муҳаррири, таниқли журналист Миродил ака Абдураҳмонов телефон қилиб, «Соҳибжон, Шерали Жўраевнинг «Сардори менман» ашуласининг шеъри кимники эканини биласизми?» – деб сўради, бир оз қувлик билан. Ўйлаб ўтирмай, «Расул Ҳамзатов», – деб жавоб бердим. «Ана! Сизам билмас экансиз, – деди ака, ўйлагани тўғри чиққанидан хурсанд бўлиб. – Кеча бир ҳурматли одам билан гаплашдим, у кишининг айтишича, бу шеърни Шерали аканинг ўзи ёзган экан!» деди тантановор оҳангда, Миродил ака. «Йўғ-ей, билмас эканман», – дедим. Чунки, чиндан ҳам бу гапни аввал сира эшитмаган эдим. Миродил ака темирни қизиғида босди: «Шерали ака билан шу ҳақда газетамизга битта суҳбат қилиб берсангиз-чи».

Тўғриси, ўзим ҳам қизиқиб қолганим учун, фурсатни ўтказмай Шер акага телефон қилиб, муддаони баён қилдим. Ҳофиз кулиб, «Ҳақиқатан бу гап тӯғри, майли гаплашамиз», дедилар. Кейин, “Фақат шу кунларда кўнглимда тўпланиб қолган яна бир-иккита гаплар бор. Уларни ҳам ёзасизми?» – деб сўрадилар. «Албатта! Суҳбат янаям қизиқ бўлади-ку», – дедим мен. Хуллас, ака билан кўришиб, анча гурунглашдик ва шу пайтгача билмаган кўп нарсалардан хабардор бўлдим ва уларни сизгаям илиндим.

* * *

Шерали Жўраев:

– Ҳақиқатан бу жуда қизиқ воқеа бўлган. Адашмасам, етмишинчи йиллар эди, «Ўзбегим» ва «Биринчи муҳаббатим» сингари қўшиқларим билан анча танилиб қолганман. Андижондан Самарқандга кетаётиб, Тошкентда, бир дўстимнинг уйида тўхтадим. Келганимни эшитиб, асли самарқандлик Обиджон исмли дўстим йўқлаб қолди. Салом-алиқдан кейин, Обиджон, «Ҳозир телевизорда Расул Ҳамзатов аёлларни табриклаб (8 март байрами кунлари эди), сени мингта одам яхши кўрса, ўшаларнинг орасида мен борман, юзта бўлса ҳам борман, битта бўлса, ўша менман, сени ҳеч ким яхши кўрмай қўйса, Расул ўлибди, деб ўйлагин», деган мазмунда шеър ўқиди, – деб қолди.

«Ие! Зўр гап экан-у, буни қўшиқ қилиш керак, шеъри борми?» – деб сўрадим. Афсуски, у кўрсатув жонли эфирда бўлган, Расул оға шеърни рус тилида ўқиган, табиийки, дўстим шеърни ёзиб олмаган экан. Лекин, шеърнинг ғояси кучли бўлгани учун уни ҳозир, шу заҳоти қўшиққа айлантириш фикри менга тинчлик бермай қўйган эди.

Мен тўхтаган уйнинг дарвозасидан кирганда чоғроққина хона бор эди. Кечаси ўша хонада тунадим. Алламаҳалгача ухламай, шу шеърни ёзишга уриндим. Аксига олиб, қоғоз топилмайди. Уй эгаларини уйғотиш ноқулай. Чўнтагимдан тўй таклифномаси чиқиб қолди. Шунинг орқасига эрталабгача майда-майда ҳарфларда ёзиб чиқдим. Бир пайтнинг ўзида ҳам ёзяпман, ҳам куйи ҳам «пишяпти».

«Агар ошиқларинг ўн мингта бўлса,

Билгинки, аларнинг сардори менман»,

деб бошланганди шеър. Расул Ҳамзатов шундай ёзган бўлса зўр бўларди-да, деб хурсанд бўламан ўзимча. Эртасига Самарқандга кетдим. У ерда Раҳмонали деган ўртоғим орқали Ургутнинг ҳурматли кишилари меҳмонга таклиф қилишди. Кичикроқ давра эди, бир-иккита ашула айтдим. Мезбонлар янгисидан сўраб қолишди. Бояги ашулани бошламоқчи бўлиб, энди оғиз жуфтлаб тургандим, бирдан булбулнинг «чаҳ-чаҳ» уриб сайрагани эшитилди (баҳор фасли, биз ўтирган боғда булбуллар кўп экан). Шундан илҳомланиб:

Булбуллар ичинда тинмас забонман,

Ҳамон ёнингдаман, танангда жонман,

деган сатрлар келди хаёлимга ва янги қўшиқни шу сўзлар билан бошладим. Шу тариқа ушбу қўшиқ яралди.

Бир иш билан Москвага борганимда Расул оға билан кўришганман. Бизни учраштирган дўстларимиз, «Бу йигит сизнинг ўша шеърингизни ўзбек тилида ашула қилган», деб айтишган экан.   Расул оғага қўшиқ маъқул бўлди, ҳатто, «Мен бу шеърни ёзганда сен айтган жойларини  ўйламаган эканман», – дегани ҳалигача эсимда.  Мен у кишига, «Шеърнинг бошидаги тўрт қатори сизники, уни халқимизнинг табиатига мослаб айтдим», – дедим. Расул оға, «Баракалла!» – дедилар.

Соҳибжон АЛИЖОНОВ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг