Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Шароф Бошбековнинг сўнгги туғилган куни

Шароф Бошбековнинг сўнгги туғилган куни

Ёзувчининг сўнгги таваллуд кунидаги фотосурат.

Таниқли драматург, «Темир хотин» трагикомедияси ва бошқа пьесалар, бадиий фильмлар, «Чархпалак» телесериали муаллифи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шароф Бошбеков шу йилнинг 26 январида вафот этди. Камина билан суҳбатда у 1997 йили ўзининг инсультга дучор бўлганини айтиб берган эди.

Мен ўзимнинг сценарийим асосида «Фарҳод плюс Ширин» деган фильмни суратга олаётгандим (кейинчалик бошқа режиссёр уни «Дока рўмол қуриши» номи билан фильм қилди). Чарчадимми, кўп асабийлашдимми, мазам қочиб қолди. Врачлар «инсульт» деб ташхис қўйишди. Касаллик туфайли бир неча йил ижоддан тўхтаб қолдим. Қўл ишламайди, тил ишламайди, лекин калла ишлайди-ку! Инсульт мия касаллиги, деган эди Шароф ака.

Бу касаллик драматургни яна безовта қилди. Ўлимига ҳам инсульт сабаб бўлди.

Ажал экан, инсульт бўлдилар, – дейди Шароф Бошбековнинг рафиқаси Мавжуда Орифхўжаева ғам-андуҳ билан. Учинчи марта. 97-йили биринчи инсульт рўй берган бўлса, кейин, яъни бундан тўрт-беш йил олдин қаттиқ гриппга йўлиқиб, касаллик яна қайтди.

Шароф Бошбеков узоқ йиллар муқаддам кўп сигарета чекиб, форточкани очиб ўтириб ишлаган. Рафиқасининг айтишича, илк инсульт сабаби шу!

Ўшанда врачлар операция қилиш кераклигини тушунтиришди. Бошдаги томирда қон қисилиб қолган эди. Лекин Шароф акага кимдир шипшиди, «Операция қилдирманг, тўрт соат мобайнида ҳаётдан узиб қўйишади, юрак, бош, буйрак ҳамма аъзоларни аппаратга улашади. Мен операция қилдириб одам бўлмай қолдим. Шундай яшайверинг», деди. Шароф ака уколдан роса қўрқарди, Самарқанддан келтирилган ноёб дори-дармонларни ҳам хоҳламади. Операцияни қатъиян рад этди.

Инсультдан сўнг Шароф Бошбеков яна 25 йил яшади. Аммо орада оёқларидаги варикоз қийнади. Дўрмонда дам олаётганида оёқларига иссиқ қўйиб ўтириб, мазаси қочди. Шишиб кетди. Оёғини операция қилдиришга тўғри келди. «Инсульт қайталади, шекилли», деди Шароф аканинг ўзи.

Шароф Бошбеков йўлбарс йилида туғилган, индамас, лекин ўжар эди. Характер одами бўлган. Асарлари ҳазил-мутойибага бой бўлса-да, ўзи анча жиддий, овози чиқмас, уч кунлаб гапирмаслиги ҳам мумкин эди.

Ўтган йилнинг охирларида Шароф акани Ёзувчилар уюшмасига таклиф қилишди. Китобларингиз чиқяпти, келинг, дейишди. Одатда у киши, мен касалман, дер, аҳволи яхши бўлса ҳам телефон қилганларга, «ало-о-о, мазам йўқ» деб заиф овозда жавоб берарди. «Менга шундай гапириш ёқади, енгил тортаман», дерди. Мавжуда опа илтимос қилди. «Уюшмага борганда ўзингизни яхши тутинг, тетик юринг», деди. «Бўпти, сен учун шундай қиламан», деди Шароф ака. Кейин эса у ерда гапиришга ҳам ҳоли келмади. «Мукофот сизга нима беради?» – деб сўраган тележурналистга, «масъулият», деб бошқа гапирмади. «Хотиним гапирсин», деди ва Мавжуда опа жавоб берди.

2022 йил 4 январда Шароф Бошбеков туғилган кунини нишонлади. Уйга кўп одам келди. Меҳмонлар орасида касал бўлганлар, қариндошлар, йўталаётган кишилар ҳам бор эди. Кейинги кунлари Шароф акани қаттиқ йўтал тутиб, гриппга дучор бўлди. Касаллик меҳмонлардан юқди, шекилли, уйдагиларнинг ҳаммаси йўталиб қолди. Айниқса, Шароф акада бу оғир кечди. Аслида у қалин кийинмас, енгил либосда кириб-чиқиб юраверарди. Аҳволи оғир бўлса-да, шифохонага ётишни хоҳламади.

Поликлиникага қўнғироқ қилсак, коронавирусга тест топширинглар, дейишди, – дейди Мавжуда опа. Шароф ака зўрға юряпти ўзи. Мен, аҳволлари оғир, боролмайдилар, дедим. Поликлиникадан укол учун дори-дармонлар бериб, витаминлар тавсия қилишди. Шароф ака уколга икки кун чидади, кейин рад этдилар. Керак эмас, деб кўнмадилар. Тузалиб кетадилар, дея мен ҳам кўп қистамадим.

Бошбеков тоза-озода юришни яхши кўрарди. Ётавергани учун безовта бўлди. «Ўзимнинг ҳидим ёқмаяпти», деди. Мавжуда опа чўмилтириб қўйишини айтди. Эгизак сингиллари бор, уларни ёрдамга чақирди. Ваннага кўтаришиб киришса бўлди, деб ўйлади. Сингиллари эртаси куни келишди. Шароф ака уларни кўриб қувониб кетди. Мавжуда опа ҳамшира бўлиб ишлаган синглиси орқали Шароф акага укол қилдирмоқчи бўлди. Шароф ака барибир кўнмади.

Ҳа, Бошбеков яна дори ичишни истамади. У қандайдир ўзгарган эди. Балки... ўлим аён бўлгандир. «Мен, – деди хотинига, – жуда дангаса бўлганман. Дарёда чўмилганимда узоқ сузардим. Ўртасига бориб чарчаб қолсам, ўлсам ўлай, деб сузишдан тўхтаб чўкиб кетаверардим. Одамлар ўзлари қутқариб чиқишарди. Жуда кўп ўлимдан қолганман. Инсульт бўлганимда шифохонада ҳаётим тугади, деб ўйлагандим. Яна яшаб кетдим».

Ўлимидан уч кун олдин Бошбеков ўзининг ижодхонасига қайта-қайта ғалати қараб қўяверди. Худди у ерда биров бордай. Мавжуда опа ҳайрон бўлди. Кимга қараяпсиз, деб сўради. Шароф ака индамади.

Мавжуда опа эрининг ўлишини сира кутмаган эди. Ўша куни у сингиллари билан шолғом ва сабзини қирғичдан ўтказиб, юмшоқ палов дамламоқчи бўлди. Заҳро синглисига поччасига қараб туришни тайинлади. Вақт пешиндан анча ўтган эди. Мавжуда опа орада таҳорат олиб, намоз ўқимоқчи бўлди. «Поччам чақиряптилар», деб қолди синглиси. Мавжуда опа югуриб кирди. «Мазам бўлмаяпти», деди Шароф ака беҳол. Унинг қанд касали ҳам бор эди. «Сахари тушиб кетган», деб ўйлади Мавжуда опа. Шоколад едирди, новвот чой ичирди. Шундай қилса, тузалиб қоларди-да. Бироқ ўзгариш сезилмади. Мавжуда опанинг сабри етмади, Камола қизига телефон қилди. «Тез ёрдам»ни чақиришни тайинлади.

Шароф аканинг мазаси қочаверди. «Қанд касаллиги туфайли комага тушяпти», деб ўйлади Мавжуда опа. Қон босимини ўлчашди. «Бир юз йигирма, бу яхши», деди Заҳро опа. Қанд касалини таҳлил қилиш ускунасини ишлатишди, аммо қон чиқмади. «Тез ёрдам» келди. Шароф ака уларга қарамади-да, қайнсинглисига: «Заҳро, бошимни қаттиқ қис», деди. Заҳро опа у айтгандек қилди. Шароф ака на «уф» деди, на... ғарғара келди.

Ҳаммаси бир дақиқанинг ичида рўй берди, – дейди Мавжуда опа. – Шароф ака менга қараб турдилар. Кўзлари шунақанги ёрқин, чиройли эдики, ёшлик даврини эслатиб юборди. Шаҳло эди кўзлари. Улар катта очилганди. Бу кўзлардан нур тараларди. Мен у кишини ўлади, деб ўйламадим. Ўлаётган одамнинг кўзлари бошқача бўлади, парда тушиб, талваса юз беради. Шароф аканинг кулиб турган кўзларида эса ҳаёт акс этарди. «Ўлмайдилар, қанд туфайли комага тушяптилар», деб ўйладим яна. Кўзларини юмдилар. Юз кўринишлари жудаям хотиржамлик касб этди.

Дўхтирлар – икки қиз Шароф аканинг қон босими ва юрак уришини ўлчаб кўришди. «Ўлган», дейишди. Мавжуда опа ишонмади. Укол қилишларини сўради. Улар эса ишонтиришга уриндилар. Кўзларини очиб, «қорачиқлари тепага қараяпти», дейишди. Кейин эса, «Майли, кўнглингиз учун», деб битта укол қилишди. Ўзгариш бўлмади. «Хола, жони узилган», дедилар.

Қирқ беш йил жарроҳлик бўлимида ишлаган Заҳро опа буни аллақачон сезган экан. Мавжуда опа овқатга уннаётганида Шароф ака айтган экан. «Заҳро, ҳеч нима егим келмаяпти. Ризқим тугади, шекилли. Лекин ризқи тугасаям, овқат емасаям, умри якун топмаса, одам ўлмас экан». Мавжуда опа бир кун олдин Шароф акани овқат ейишга мажбур қилганида, у киши уришиб берганди. «Бўлди, емайман, ўз ҳолимга қўй. Мен тинч ётишни хоҳлайман. Укол, дори-пори тиқиштирма менга», – деган ўшанда  Шароф ака...

Мавжуда опа эрининг жасадини маҳкам қучоқлаб йиғлади. «Кетмайдилар», деди нуқул.

Кейинроқ қизи айтди, Шароф аканинг чап қулоғи кўкариб кетган экан. «Бошида томири ёрилган», – деди доктор.

Ўзбекнинг зўр ижодкори, моҳир драматург, ажойиб ёзувчи, режиссёр ва сценарийнавис Шароф Бошбеков бу дунёни абадулабад тарк этганди. Ўшанда 2022 йил январининг охирги кунлари, сўнгги таваллуд айёмидан 22 кун ўтган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг