Санъаткорларнинг тўйга чиқишини чеклаш, даромадини солиққа тортиш — нотўғри йўл
Шу кунларда Олий Мажлис Сенати тўй-маросимларни тартибга солишга қаратилган муҳим қарор устида иш олиб бормоқда.
Мазкур қарор мамлакатимизнинг ижтимоий-маданий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам бу борада кўплаб фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилмоқда. Қуйида ана шундай таклифларнинг бири билан танишишингиз мумкин.
Дабдабали тўйларни чеклашга оид Олий Мажлис қарори лойиҳасининг санъаткорларга оид қисми юзасидан ўз муносабатимни билдирмоқчиман.
Қарор лойиҳасида битта тўйга битта санъаткор бориши қайд қилинган.
Албатта, бундай қарор қабул қилинишининг маълум бир сабаблари бордир ва у адолатлидир.
Аммо бу қарорнинг санъаткорларни чеклашга доир бандларини киритишга ҳали анча йиллар керак бўлади. Мазкур банднинг қарорга киритилиши нафақат санъаткорларнинг норозилигига сабаб бўлади, балки санъатимизнинг умумий ривожига, бундан ташқари ижодкор ёшларимизнинг ўз келажагига бўлган ишончи йўқолади. Демак, ушбу шартларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши ёшлар фаолиятига оид давлат сиёсатига мутлақо зиддир.
Мавзуга доир: «Депутат: санъаткорларга солиқ имтиёзи бекор қилиниши керак»
Охирги пайтлар нафақат санъаткорлар фаолиятини чеклаш, балки уларнинг даромадлари ҳам кўпчиликни қизиқтириб қолган. Афсуски, кўпчилик битта қўшиқ яратиш учун бир неча миллион сўм сарфланиши, уни халққа танитиш учун эса ундан ҳам кўп пул керак бўлишини билмайди. Масалан, ҳозирги эстрада йўналишини оладиган бўлсак, шуни айтишим мумкинки, бу соҳада аксарият ҳолатларда ёш санъаткорларнинг фаолияти муваффақиятсиз якунланмоқда.
Бунга сабаб нима? Асосий сабаблардан бири улар яратаётган куй ва қўшиқлар саёз эканлиги бўлса, иккинчиси мамлакатимизда соҳа ижодкорларини қўллаб-қувватлаш, хусусан, рағбатлантиришнинг аниқ бир тизими (муаллифлик ва турдош хуқуқларни бошқариш тизими) ишламаётганлигида деб биламан.
Маълумки, санъаткорларнинг аксарият қисми ёшлардир. Ёш иқтидорларнинг санъат соҳасига кириб келишидаги тўсиқлардан бири «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан илк маротаба лицензия олувчиларга 3 миллионга яқин пул тўлаш шарти белгиланганидир. Эндигина махсус ўқув юртлари ёки институтларни тамомлаб келган ижодкорлар шунча пулни қаердан олиши керак деган савол турибди. Мазкур муассаса олдига қўйилган вазифалардан бири ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат эмасми?
Мавзуга доир: «Санъатдаги муаммоларнинг зоҳирига эмас, илдизига ҳам қараш керак»
Муассаса вакилларини айблашдан йироқман, чунки бу бир неча йиллар давомида қўллаб келинаётган тизимдир. Менинг фикримча, биринчи марта лицензия олаётган санъаткорлар қаттиқ имтиҳондан ўтказилиши ва шундан сўнггина уларга 2 йил муддатга бепул лицензия берилиши, шу билан бирга қўшиқларининг телерадиоканалларда ротация қилинишида муайян имтиёзлар яратилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда улар ҳар ҳолда оёққа туриб олишлари учун катта замин яратилади, уларнинг ичидан энг саралари – ҳақиқий санъат эгаларини кашф қилишимиз учун кенг имкониятлар очилади.
Юқоридаги қарорга қайтсак, ҳозирги кунда санъаткорларнинг асосий даромад манбаси тўй-маросимлар эканлиги ҳаммага маълум. Шундай экан, уларнинг тўйларга чиқишига турли чекловлар қўйиш, тўйдан олаётган даромадларини солиққа тортиш каби чоралар нотўғри йўлдир. Санъаткорлар ва муаллифларнинг бугунги кундаги ҳолатини ҳисобга олиб, уларга вақтинча тегмаган маъқул. Аввал уларнинг фаолиятида бугунги замонга мос келадиган тартибларни ўрнатиб олишимиз керак. Бунинг учун биринчи навбатда миллиардларни ташкил этувчи гонорарларни ундириш тизимини тўғри шакллантириш, бунда хорижий тажрибалардан албатта фойдаланиш лозим. Ижодкорлар яратаётган асарлари учун муносиб гонорар олса, шундан сўнг уларнинг даромадларидан солиқ ушланса мақсадга мувофиқ бўлади. Бизда эса ҳозир тескари, ҳеч бир давлатда йўқ тизим амал қилмоқда. Санъат соҳасига кириш учун аввалдан пул тўлаш керак (лицензия тўловлари). Табиийки, бу борада солиқ кодексига ўзгартириш киритилиш лозим.
Вақт келиб гонорарлар тизими ривожлангандан сўнг қўшиқчилик соҳасида вужудга келган аксарият муаммолар автоматик равишда ўз ечимини топиб кетади. Санъаткорларимиз ҳам ривожланган мамлакатлардаги санъаткорлар каби асосан тўй-ҳашамлардан эмас, балки гонорар ҳисобидан даромад топишни бошлайди, бу уларнинг ҳам орзуси. Бунинг учун имкон қадар тезроқ муаллифлик ҳуқуқини бошқарувчи ташкилот тузиш, шунингдек, гонорар тўловларининг янги манбалари юзасидан ҳукумат қарорлари қабул қилиниши керак.
Шуни таъкидлаш жоизки, 25 йил давомида гонорар тўловларини бошқариш тизими лозим даражада ишламаганлиги оқибатида юзлаб иқтидорли санъаткорларимиз хорижий давлатларга чиқиб кетди.
Юқорида келтирилган масалалар юзасидан қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш даркор:
- Мамлакатимизда муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи ягона ташкилот ташкил этишимиз лозим. Бу борада ҳукумат қарорининг лойиҳасини ишлаб чиқяпмиз, тез кунларда тегишли органларга юборамиз.
- Хорижий тажрибалардан келиб чиқиб, гонорар тўловидан ундириладиган маблағнинг муайян бир қисми иқтидорли ёшларнинг илк фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилиши қарорда белгиланиши керак.
- «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси иқтидорли санъаткорларга лицензияни биринчи марта бепул бериши масаласи кўриб чиқилиши лозим.
Машҳурбек Сатторов,
Республика ёш ижодкорлар кенгаши раиси ўринбосари,
иқтисодчи, ҳуқуқшунос
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter