Санъат асарини бир неча минг долларга сотмаган кулол. Риштондаги мўъжиза (фото)
Фарғона водийсидаги Риштон тумани — моҳир кулоллари ва ноёб қизил лойи билан машҳур. Айтишларича, кулолчилик бу ерда минг йил олдин пайдо бўлган экан.
IX-X асрларга келиб эса Риштоннинг сопол идишлари сирланиб, уларга гўзал жилолар берила бошлаган.
Риштон кулолчилиги жуда хилма-хил ва ўта гўзалдир. Нақшларнинг бетакрорлиги, рангларнинг тусланиши... ҳар қандай инсонни ўзига ром этади.
Риштондаги кулол Равшан Тожиддинов ўз устахонасини ҳақиқий санъат музейига айлантириб юборган.
Устахонага кириш айвонининг чап тарафида машҳур испан сайёҳи Клавихонинг заминимизга ташрифи тасвирланган сурат жой олган.
Равшан Тожиддиновнинг айтишича, бу асар энг тажрибали усталар томонидан бир неча ой давомида яратилган. Бу асар учун бир неча минг доллар беришга тайёр харидор чиққан, аммо сотмаганини айтади кулол.
«Баъзи маҳсулотларимизни ҳар қандай пулга ҳам сотгим келмайди. Уни юртимизга келадиган меҳмонлар кўришсин дейман, ахир бу ҳам мамлакатимизнинг юзику», дейди Равшан ака.
Бу ерда 90 нафарга яқин киши ишлайди. Маҳсулотларнинг тури сон-саноқсиз. Ҳар бир жараён — қўл меҳнати.
Сополга «жон киритаётган» қизлар тасвирлар такрорланмас бўлиши, ҳар сафар ҳар хил ижод нақшларини чизишларини айтади.
Таъкидланишича, буюртмалар жуда кўп. Хориждан 100та улкан кўза ясаб беришларини сўрашган, Самарқандда ўтадиган ШҲТ саммити учун ҳам махсус идишлар шу ерда тайёрланмоқда...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter