Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган нуфузли халқаро конгресс бўлиб ўтади

Самарқандда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган нуфузли халқаро конгресс бўлиб ўтади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ҳар йили 300 дан ортиқ хорижлик олимлар иштирокида Ўзбекистонда халқаро конгресс ўтказилади.

Хабарингиз бор сўнгги йиллар Республика Президенти томонидан сўнгги йиллар Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича кўплаб лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда. Мазкур лойиҳа ҳам улардан бири ҳисобланади.

Жорий йилги конгресс 5–8 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳридаги Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуасида ташкил этилади. Бир қатор миллий ва халқаро ҳамкор ташкилотчилар иштирокида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгрессда «Ўзбекистон маданий мероси» туркумидан 61–70 жилдлардан иборат 10 та янги китоб-альбомлар тақдим этилади. Озарбайжон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия (шу жумладан Татаристон), Туркиядаги Ўзбекистон маданий мероси тўпламларига бағишланган китоб-альбомлар шулар жумласидан. Эътиборли жиҳати ушбу тўплам китоблар кутубхоналарга бепул тақдим этилмоқда.

Шунингдек, Бутунжаҳон жамиятининг бошқа ноширлик лойиҳалари – «Шарқ миниатюрасида тарихий шахслар», «Клавихо: Самарқанддаги Темур саройига саёҳат кундалиги (1403–1406)», «Риштон кулолчилиги», «Ўзбекистон санъати дурдоналари», «Орол ва Аму бўйларида: қорақалпоқ санъати», «Бадиий атамалар энциклопедияси» альбомлари, шунингдек, «Безак энциклопедияси» мавзуларига бағишланган режалардаги нашрлар, «Ўзбекистон гиламлари», «114 Қуръон», «Шарқнинг 100 нодир қўлёзмаси» лойиҳалари ҳам конгресс иштирокчиларига тақдим этилади.

Бўлажак Конгресснинг илмий қисми 5 та халқаро конференциядан иборат бўлиб, уларда 120 га яқин илмий маърузалар тингланади. Булар «Мероснинг янги қирраларини кашф этиш: жаҳон тўпламларидаги ўзбек коллекциялари», «Бутунжаҳон жамияти лойиҳаларидан Шарқ қўлёзма мероси дурдоналари», «Бутунжаҳон жамияти лойиҳаларида Марказий Осиё музейлари ва кутубхоналари», «Марказий Осиё тарихи ва санъати: изланишлар ва кашфиётлар» ҳамда «Кино ва медиа олами: меросга янгича нигоҳ» каби мавзулар ўрин олган.

Республика Президенти томонидан сўнгги йиллар Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва сақлаш соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўплаб қарор ва фармонлар маданий меросимиз соҳаси ривожига сабаб бўлди. Бир қатор бошқа йирик илмий маданий лойиҳалар каби ушбу конгресс ҳам дунё ҳамжамияти эътиборига тушмоқда.

Тадбир ташкилотчиси ва ҳомийси ERIELL нефть-серфис гуруҳи.

Шунингдек конгрессда дунё мамлакатлари тарихи ва тарихий шахслари ҳақида фильмлар яратиш учун ТУРКСОЙ мамлакатлари кино ташкилотларининг ижодий ва ишлаб чиқариш имкониятларини бирлаштиришнинг янги механизмлари таҳлил қилинади. Туркий дунё мамлакатлари ўртасида келгусида ҳамкорликдаги фильмларни ишлаб чиқариш мавзулари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU)  2018 йилда дунёнинг 40 мамлакати 300 дан ортиқ шарқшунослари ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, 2019 йилда Парижда расман рўйхатдан ўтган. Жорий йилда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) Ўзбекистонда рўйхатдан ўтди ва Тошкент шаҳрида ўз ваколатхонасини очди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг