Панжоблик машҳур актёр 86 ёшда: унинг биринчи гонорарига фақат нонушта қилса бўларди
Дхармендра – машҳур ҳинд киноактёри, продюсер, сиёсатчи. Панжоблик (жанубий Ҳиндистон) бу йигит кинода мардонавор қиёфасини яратиб, оиласи ва қишлоғининг фахрига айланди.
У – нуфузи жиҳатидан Ҳиндистонда учинчи поғонада турувчи «Падма Бхушан» фуқаролик мукофоти совриндори. «Filmfare», «Zee Cine» ва ҳинд киноакадемияси мукофотлари билан ҳам тақдирланган. Машҳур актёр ҳозирги саксон саккиз ёшида ҳам ҳурмат билан тилга олинади. Дхармендра ижросидаги ўзбек ва ҳинд киноусталари томонидан суратга олинган «Алибобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари» фильмини 70 дан зиёд мамлакат сотиб олган. Мазкур картина Ҳиндистонда узоқ вақт мобайнида экранлардан узлуксиз тушмаган...
«Сен, яхшиси, хоккей ўйна!»
Дхармендра – Дхарам Кевал Кришн Сингх Деол 1935 йилнинг 8 декабрида Панжоб штатининг Фагвар қишлоғида туғилган. У дунёга келган оила эски ақидаларга берилган ва келажакда болакайнинг актёр бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Дхарам эса болалигидан кинода суратга тушишни орзу қиларди.
19 ёшида уйланган Дхарам Американинг Ҳиндистондаги корхоналаридан бирида бурғуловчи бўлиб ишлай бошлади. Аммо кинога бўлган интилишини асло сусайтирмади. Аввал бошдан кинога орзуманд Дхарам қадрдон қишлоғи Пхагвардан бир неча чақирим йўл босиб, актриса Сурайёнинг суратга тушаётганини кўриш учун бошқа ҳудудга йўл оларди. У бурғулаш корхонасида хизмат қилаётган бўлса-да, бу ишга меҳр қўя олмади.
Дхармендра қиёфасида шоирона ҳиссиёт ва аскарона қатъият уйғунлашиб кетган ва... бошқа ҳеч нима керак эмас эди. Шон-шуҳратининг чўққисида Дхармендрани дунёдаги энг чиройли ўн нафар эркак сафига қўшишгани бежиз эмас.
У актёр бўлишга қатъий аҳд қилди. Пагхвардан кетиши осон бўлмади, албатта. Актёрликни орзу қилган Дхарам Filmfare танловида қатнашиш учун поездга ўтириб, Бомбейга йўл олди. Бироқ киносиновдан сўнг режиссёр унга хоккей ўйнаса яхшилигини маслаҳат берди. Фақатгина продюсер Хингорани Дхарамга ишонди ва 51 рупия эвазига «Ҳаётим ва қалбим сеники» (1960) фильмида суратга тушиши учун шартнома тузди. Бу гонорарга маҳаллий емакхонада фақат нонушта қилиб олиш мумкин эди, холос.
Фильм муваффақиятсизликка учради, бироқ Дхармендра учун старт берилган эди. Киноиндустриядаги дастлабки ўн йил мобайнида унинг омади юришмади. Дхармендранинг актёрлик маҳоратини тан олмасдилар, Дхарам эса истеъдодини исботлашга қарор қилди. Ундаги ишонч ва кўркам қиёфа ўзининг истиқболини белгилаб берди.
Орадан кўп ўтмай, Дхармендра барча тўсиқларни оддий табассуми билан бартараф қилиб, секин-аста омад зинасидан кўтарила бошлади. 60-йилларда Дхарамнинг танлаш кўлами катта бўлмаган. У шартнома имзолаган киноасарлар бош қаҳрамони аёллардан иборат эди: «Маҳбус аёл» (бош ролда Нутан), «Тақдир ҳазили» (Мала Синха) ва «Main Bhi Ladki Hoon» (Мина Кумари иштирокида).
Бора-бора Дхарам ўзининг ташрифини ҳис этишларини самимийлик ила сингдира бошлади. Бироқ у ҳануз иккинчи даражали ролларни ўйнашга ҳам рози эди. Жумладан, суперюлдуз Ражендра Кумар ва гўзаллик қироличаси Сайрабону ижросидаги «Муҳаббат асри» (1964) худди шундай фильм бўлди.
Кинодаги кичик ролларидан сўнг у бош қаҳрамонларни ўйнаб, экранни эгаллай бошлади ва ортига қарамади. Кейин бир нечта фильмда суратга тушадиган юлдузга айланди. «Анпад», «Бандини» ва бошқа киноасарларда ўзгача қиёфада намоён бўлган Дхармендрани Нутан билан дуэти олдинги планга олиб чиқди. Дхармендра-Мина Кумари жуфтлиги эса кейинги оммабоп фильмларга йўл очди.
Минанинг ўзи Дхармендра билан қизиқиб қолган эди. Мазкур жуфтлик ижросидаги «Гул ва тош» (1966) олтин хитга айланди. Ёлланма жиноятчи ролини ўйнаган Дхармендра мардонаворлик, меҳр-муҳаббатни омухталаштириб юборди ва кўплаб мухлислар орттирди.
Айни шу дамда Ришикеш Мукхержи Дхарамнинг ҳиссий таъсирчанлигидан фойдаланишга уриниб кўрди. Дхармендра унинг «Anupama» (1966) фильмида камбағал, бироқ ўзини ҳурмат қиладиган вазмин ёзувчи ролини ижро этди.
Муваффақият – оддийликда
Дхармендрани ҳақиқий юлдуз қилган фильм «Phool Aur Patther» ҳисобланади. Унинг иштирокидаги илк картиналар жуда романтик тавсифга эга эди. Дхармендра ёқимтой, мафтункор йигитларни ўйнарди. «Сатякам» фильми ёш актёрни янгича амплуада – Ҳиндистон озодлиги учун курашчи сифатида намоён этди. Отаси унинг қаҳрамонига зулм ўтказаётган саҳнада индамай туриши Дхармендрани машҳур қилиб юборди.
Муваффақиятининг чўққисида Дхармендра жиддий фильм продюсери бўлишга қарор қилди. У Ришикеш Мукхержи суратга олган «Satyakam»да ҳақиқат учун яшаб жон берган тўғрисўз қаҳрамонни ижро этди. Гарчанд Шармила Тагор қўллаб-қувватлаб, Дхармендра томонидан энг яхши ижро этилган роль бўлишига қарамай, фильм тижорий жиҳатдан муваффақият қозонмади.
Айнан шу омадсизлик ва янги феномен – Ражеш Кханнанинг пайдо бўлгани боис Дхармендра бошқача услубдаги фильмларга шўнғиди. Унинг энг катта ютуғи Кханна тўлқини юз берган пайтда бошини «сув тубида» ушлаб тургани бўлди. Қолаверса, айни шу дамда Дхарам учун сеҳрли эликсир – Хема Малини топилган эди. Дхармендра-Мина Кумари романтик жуфтлиги эса бирмунча олдин – «Chandan Ka Palna» ва «Baharon Ki Manzil» фильмлари туфайли сўниб бўлган эди. Аша Парекх ва Шармила Тагор ҳам Дхармендра билан ажойиб жуфтлик яратишса-да, Хема Малини иштирокидаги дуэт энг керакли «порох» ҳисобланади.
Ўша пайтда Дхарам-Хема жуфтлиги еттита омадли фильмни қамраб олди: «Олижаноблик», «Кўркам ва ўжар», «Янги замонлар», «Севимли Раж», «Зита ва Гита», «Тиллақўнғиз» ва «Дўстлар». Уларнинг экран ортидаги муҳаббати билан боғлиқ овозалар эса бу тўлқинни алангалатиб юборди. Хусусан, 1972 йили Дхармендра бош роллардан бирини ижро этган «Зита ва Гита» машҳур бўлди. Кейинги фильмлар эса янги уфқларга йўл очди.
1970 йилларда Дхармендра иштирокидаги фильмлар кинотеатрларни томошабинга лиқ тўлдириб юборган. Айниқса, «Қасос ва қонун» худди Баччан каби Дхармендрани ҳам юксак даражага кўтарди. Мазкур экшн Дхармендранинг комедия жанридаги истеъдодини ҳам очиб юборди. Шаддод раққоса Басанти ва шўх Вирунинг қувноқ муҳаббати экранда ўзига хос ҳазил-мутойибани акс эттирди. Шу зайлда комедия Дхармендранинг ташриф қоғози бўлиб қолди.
Бир нечта фильмда биргаликда роллар ижро этган Дхарам ва Хема кейинроқ севишиб, турмуш қурдилар.
– Муваффақият келиб-кетаверади, – дейди Дхармендра, – бироқ ҳамиша самимий бўлиб қолиш керак. Мен ўз илдизимни унутганим йўқ. Ҳеч кимга оддийликни йўқотишни маслаҳат бермайман, акс ҳолда каламушлар пойгасининг иштирокчисига айланасиз. Инсонийлик ва софдилликни асрасангиз, миллионларнинг меҳрини қозонасиз. Мен ҳамиша ҳалол бўлганман, одамлар ана шу ҳалоллигим ва ёқимли феъл-атворимни қадрлашади.
Дхармендра кинодаги фаолиятининг бошида ўша замон актрисаларидан фарқли ўлароқ, севги саҳналарида бирмунча уялган. Масалан, Мина Кумари билан «Гул ва тош» фильмида роль ўйнаётиб, қулоқларигача қизариб кетарди.
Унга ҳавас қиладилар, уни яхши кўрадилар
80-йилларнинг ўрталарида Дхармендра кинода камроқ суратга тушадиган бўлди, бироқ ҳар йили унинг иштирокида бир нечта фильмлар чиқиб турди. У бошқа тенгдошлари каби кинони тарк этмади, балки романтик қаҳрамонларнинг отаси ролини ижро этадиган бўлди. 90-йилларда эса Дхармендра ўзини продюсерликда ҳам синаб кўрди.
– Кутганинг бўлмагач, кўнгил қолиши ҳам рўй бермайди, – дейди у. – Умидсизлик бўлмаса, оғриқни ҳис этмайсан. Бу тамойил менинг киноиндустрияга бас келишимга ёрдам берди.
Ҳа, қишлоқлик соддадил Дхармендра ҳамиша барча одамларни яхши деб ишонарди. Киноиндустрияда шунча йилни ўтказгач, фикри ўзгарди.
– Мен ҳамиша жўшқин одам бўлганман, – эътироф этади актёр. – Ботинимда нимаики бўлса, яшира олмайман. Жуда очиқман. Ҳиссиётларимни кучли равишда намоён этаман. Қаттиқ ғазабланаман. Жаҳлдорликни бартараф этмоқчи бўлдим, аммо у менинг улкан бўлагим экан. Аммо қаҳр-ғазаб вайронакорликдан бошқа ҳеч нима олиб келмайди. Мен жаҳлим чиққанида телбаларча иш тутаман, кейин эса қаттиқ пушаймон бўламан.
Дарҳақиқат, шундай. Бир куни Дхармендра шунчалик ғазабландики, журналистни тутиб олиб, оёғини осмондан қилди. «Мен ўша ондаёқ бу ишимдан пушаймон бўлдим ва ҳозиргача афсус чекаман».
Дхармендранинг яна бир муаммоси – ичкиликка муккасидан кетгани. У узоқ йиллар бу иллатдан қутула олмади.
– Ичкилик менга ҳамиша кўнгилсизликлар келтирган. Ҳаётим мобайнида ҳамиша зарарли эҳтирослардан халос бўлишга интилдим, бироқ эриша олмадим. Бу одатни бир неча марта ташлашга ҳаракат қилдим, аммо ҳар сафар шишани охиригача кўтарардим. Агар сиз менинг ҳаётимга ичкилик нуқтаи назаридан назар солсангиз, оғир беҳушлик ҳолати, саволлар ва ундовларга дуч келасиз.
Шахсий ҳаётига келсак, Дхармендранинг биринчи рафиқаси Пракаш Каур бўлиб, уларнинг тўйи 1954 йилда бўлиб ўтган. Оилада икки ўғил (Санни ва Бобби) ҳамда икки қиз (Вижеета, Ажеета) туғилишди. Кейин эса Дхарам ҳамкор актриса Хема Малинини севиб қолди. Уларнинг тўйи 1980 йили бўлиб ўтди. Хема Иша ва Аханни дунёга келтирди.
Хема Малини билан муҳаббат тарихи
Хема Малинига биринчи бўлиб кўнгил изҳори қилган актёр Санжив Кумар бўлади. Кейинчалик бу сафга Гириш Карнад, Житендра ва Дхармендра қўшилди. Санжив Кумар бўйдоқликда вафот этди.
Афтидан, Санжив Кумар ва Дхармендра Хема Малинини бир вақтда севиб қолишган. Дхармендра актриса билан илк бор 1969 йили фильм премьерасида учрашди. Ўшандаёқ бир-бирларига талпинаётганларини ҳис этдилар. Кейин эса биргаликда суратга тушиш учун тўртта фильмга шаротнома имзолашди. Бу Болливуддаги энг романтик муҳаббат тарихининг бошланиши эди.
«Зита ва Гита» фильмидаги иштироки пайтида Хема гўзаллиги ва соф қалби билан Дхармендрани янада ўзига мафтун этди. Хема унинг ёнида ўзини қанотлари бордек ҳис қиларди. Орадан икки йил ўтгач, «Қасос ва қонун» суратга олинаётганида уларнинг ҳиссиётларидан барча воқиф бўлди.
Дхармендра мазкур фильмда Габбарни ўйнашни хоҳлаган эди. Директор Рамеш Сиппи огоҳлантириб, агар у Габбар ролида чиқса, Хема билан муҳаббат саҳналарини Санжив Кумар ижро этиши мумкинлиги ҳақида айтди. Дхармендра дарҳол фикрини ўзгартириб, Виру ролини эгаллади.
Шундай кунларнинг бирида, суратга олишнинг айни қизғин палласида Дхармендра Хемадан сўради: «Сен мени севасанми?» Актриса бу саволни кутмаган, севишини тан олишга жасорати етмас, уйдаги мавжуд шароит унинг ҳиссиётларидан устун турарди. «Мен фақат бўлажак эримни яхши кўришим керак, – деди Хема. «Шу жавобми?» – ранжиди Дхармендра. «Менинг бошқа жавобим йўқ».
– Отам мен учун топган жуда кўплаб муносиб куёвлар бор эди, – деб эслайди Хема. – Бироқ улар мени заррача ҳаяжонга солмасди. Нима учун? Мен фақат у (Дхарам) билан ниманидир ҳис этардим. Нега мантиқан ўйламай ва жамоатчилик фикрини ўйламай, уни танладим? Бу – тақдир. Шундай бўлди. Мен ҳеч кимга зарар етказишни истамасдим. Қолаверса, бу фақат мен билан юз бермади. У ҳам шуни ҳис этар, мени қўллаб-қувватлар, тўла-тўкис менинг томонимда эди.
1978 йили Хеманинг отаси инфаркт туфайли ҳаётдан кўз юмди. Бу эса севишганларга кенг йўл очиб берди. Отаси ҳаёт бўлганида Хема ҳеч қачон уйланган эркакка турмушга чиқишга ботинмасди.
Фарзандлар ва иш
Дхармендранинг ўғиллари Санни ва Бобби Деоллар ҳам актёр бўлиб етишдилар. Жумладан, Санни худди отасининг изидан бориб, ўзбек ва ҳинд киноусталарининг навбатдаги «Севги афсонаси» фильмида суратга тушган. Иша Деол ҳам кинода илдам. У қатор фильмларда роллар ижро этмоқда.
Икки ўғли билан киноэкранда муваффақиятга эришган Дхармендра бугун кексалик гаштини сурмоқда. У Санни ва Бобби иштирокида жиддий ва кулгили фильмларда ҳам суратга тушган.
– Иш мен учун ҳамиша рағбат бўлган. Болалигимдан фильмлар орзум эди, бугун мен бу оламнинг бир қисмиман. Мен юзимда грим билан ўлишни хоҳлайман, – дейди у.
Кўплаб актёрлар Дхармендра каби бўлишга ҳаракат қилади. Ваҳоланки, ккинчи Дхармендра бўлиши мумкин эмас! Соҳибжамол Хема Малини К.Аббос фильмининг премьерасида илк бор Дхармендрага кўзи тушиб, нигоҳини узолмай қолган. Сайрабону унинг италянча қиёфаси борлигини эътироф этган. Говинда ва хотини ўғиллари худди Дхармендра каби ташқи кўриниш билан кўзларни қувнатишини хоҳлаганлар.
Бироқ Дхармендра шунчаки кўркам эркак эмас, у ҳинд кинематографиясидаги мардлик рамзи ҳам бўлиб келди ва шундай бўлиб қолади.
Акбар Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter