Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ҳақидаги роликда Амир Темур қонхўр босқинчи деб таърифланди

Ўзбекистон ҳақидаги роликда Амир Темур қонхўр босқинчи деб таърифланди

Бир қатор хорижий видеоблогерлар Ўзбекистон ҳақида бадиий видеоролик тайёрлашди ва унда Амир Темурни қонхўр босқинчи деб таърифлашди.

Ушбу видеоролик Туризм ва спорт вазирлигининг Фейсбукдаги расмий саҳифасида оммага эълон қилинди. Ролик Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида суратга олинган. Унда Ҳолливуднинг таниқли киноқаҳрамонлари янгича талқинда гавдалантирилган: Индиана Жонс, Лара Крофт ва номаълум (Натан Дрейк). Улар қабр ва хазиналарга қизиқадиган қадимшунос кино образларидир.

Ролик сюжети Амир Темур шахси ва 1941 йилда унинг қабри очилиши оқибатида иккинчи жаҳон уруши бошлангани ҳақидаги афсона билан авж олади. «Тимур Тамберлан — дунёдаги энг машҳур босқинчилардан бири бўлиб, у ҳақидаги барча ҳикоялар қонли дарёлар билан тугайди. Унинг қўлидан 17 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган, 14-асрга келиб у ер юзидаги барча аҳолининг 5 фоизини қириб ташлаган. У «ўлим отаси» сифатида ҳам танилган», деган таърифлар билан ролик бошланади.

Амир Темурнинг бундай салбий саркарда сифатида таърифланиши ўзбек зиёлилари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг жиддий эътирозларига сабаб бўлган. Хусусан, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон: «Наҳотки Ўзбекистонни дунё одамларига танитиш учун ўзбек миллий давлатчилигининг тимсолларидан бирига айланган Соҳибқирон бобомизни ерга уриш, топташ керак бўлса?!», деб эътирозини яшира олмаган.

Ролик остидаги изоҳларда асосан хорижликлар сюжет ва актёрлар маҳоратини мақтаган, Амир Темур шахсиятига тўхталишмаган (балки уларга бу қизиқ бўлмагани учундир), аммо ўзбек фойдаланувчилар дунёга миллатни бундай салбий бўёқлар билан бўрттиришни қоралаб чиқишган.

Бу ҳолатга ҳозирча Туризм ва спорт вазирлиги изоҳ берганича йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг