Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгашига аъзо бўлди

Ўзбекистон Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгашига аъзо бўлди

Ўзбекистон Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгашига аъзо бўлди.

Бу нимани англатади?

Энди ўзбек ёзувчилари ва ижодкорлари ҳам ушбу кенгаш томонидан таъсис этилган танловларда қатнашиш ва халқаро миқёсда китобхонлар эътирофига сазовор бўлиш имкониятига эга.

Бу ўзи қандай ташкилот?

Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгаши (International Board on Books for Young People — IBBY) 1953 йилда Цюрих (Швейцария)да ЮНЕСКОнинг Болалар ва ўсмирлар адабиёти бўйича халқаро кенгаши томонидан ташкил этилган. Кенгашнинг асосий мақсади болалар ва ёшлар адабиётини ривожлантириш, мамлакатлар миллий адабиётини халқаро миқёсга кўтариш ва оммалаштиришга кўмаклашишдир. IBBY айнан шундай мақсадга кўра ижодий ва ижтимоий кучларни бирлаштиришади. Шу кунга қадар Ўзбекистон ушбу ташкилотга аъзо эмас эди. Ташкилот низомига кўра, ҳар бир давлатда Миллий шўъба ташкил этилиши мумкин, фақат бунда ташкилотнинг ўзига яраша шартлари ва тўлов суммаси мавжуд.

IBBYнинг Ўзбекистон Республикаси Миллий шўъбаси АОКА ташаббуси билан ташкил этилди.

IBBYга аъзолик бизга нима беради?

Бундан буён Ўзбекистоннинг барча ижодкорлари, жумладан, болалар ёзувчилари, рассомлар ва бошқа китоб соҳасида меҳнат қилувчи инсонлар халқаро конгрессларда иштирок этиш имкониятига эга бўлишади.

Яна бир қувонарли томони, ўзбек тилидаги болалар адабиётини ҳам жаҳон миқёсида тақдим этиш, ижодкорларимизни турли хил совринларга, жумладан Ҳанс Кристиан Андерсен номидаги соврин учун номзодини илгари суриш имконияти пайдо бўлди.

IBBY, шунингдек, ҳар икки йилда бир маротаба миллий шўъбаларнинг ҳар биридан кўзга кўринган ёзувчилар, иллюстратор-рассомлар ва таржимонларни эътироф қилиш мақсадида уларнинг энг яхши ишларини IBBY Honour List рўйхатига киритади.

IBBYнинг барча аъзолари учун алоҳида аҳамиятга эга воқеа бу ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Халқаро болалар адабиёти кенгашининг Бутунжаҳон конгрессидир. Миллий шўъбага эга ҳар бир давлат Халқаро конгресс мезбони бўлиш имконига эга ва мамлакат мезбонликка ариза бергач, кенгаш ижроия қўмитаси аъзолари томонидан овоз бериш йўли билан аниқланади. Демак, бундай имконият Ўзбекистон Республикаси Миллий шўъбасида ҳам мавжуд.

2022 йилги IBBY Конгрессига Малайзия мезбонлик қилади. Ушбу конгрессда бу йил Ўзбекистон ҳам қатнашади.

Бундан чиқди, ушбу халқаро ташкилотга аъзолик Ўзбекистонда болалар адабиётининг ривожланиши учун катта манфаат келтиради. Бу юртимизда китобхонликни ривожлантириш, рағбатлантириш ва тарғиб қилиш борасидаги катта қадамдир. Эндиликда IBBY орқали адабиёт борасида ҳам ўзаро ҳамкорликлар олиб борилиши, жумладан ўзбек болалар адабиётининг хорижий тилларга ва хорижий тиллардаги энг машҳур болалар китобларининг ўзбек тилига таржима қилиниши кутилмоқда.

Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгашига аъзолик бугунги байрам — Халқаро болалар адабиёти куни учун ажойиб совға бўлди дея оламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг