«Ўттиз йилдан бери қироллик оиласининг устидан кулиб келаман»: Роуэн Аткинсон 65 ёшга тўлди (фото)
Бугун, 6 январь куни британ актёри ва комиги Роуэн Аткинсон 65 ёшини қаршилади. Ёшлигида Оксфорд университети Куинз-коллежида электротехникадан сабоқ олган, бўш вақтида театр машғулотларига қатнаган. Аткинсон 1970-йилларнинг охирларида радио ва телевидениеда дебют қилди. «Қора илон» мини-сериалидан кейин актёр сифатида танилди, аммо чинакам машҳурликка ўзи ўйлаб топган Жаноб Бин образи билан эришди. «Агент Жонни Инглиш», «Ғаройиб пойгалар», «Мегрэ» сингари комедиядан тортиб жиддий кинофильмларгача роллари бор.
Роуэн Аткинсон Англиянинг Дарем графлигида 1955 йили таваллуд топган. Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр билан битта мактабда ўқиган.
Мактабни битирган Аткинсон Ньюкасл университетига электротехника йўналишида ўқишга киради. 1970-йилларнинг ўрталарида Оксфорд университети Куинз-коллежида ушбу йўналишда магистрлик даражасига эришди. Бу пайтга келиб театр санъатига қизиқиши кучайган Аткинсон актёрлик тўгаракларига серқатнов бўлиб қолганди.
1970-йилларнинг охирларида Аткинсон радиода «The Atkinson People» юмористик эшиттириши билан дебют қилди. Айни шу даврдан унинг телекўрсатувлардаги чиқишлари ҳам бошланди, 1980-йилларнинг бошларида у қатнашган «Қора илон» мини-сериали экран юзини кўрди.
Аммо Аткинсонни ўзи ўйлаб топган Жаноб Бин образи машҳур қилди.
«Жаноб Бин»дан сўнг «Жодугарлар», «Қайноқ бошлар-2», «Тўртта тўй, битта аза» каби фильмларда суратга тушди. 1990-йилларда ўзини дубляжда ҳам синаб кўрди: «Қирол шер» мультфильмидаги каркидон-тўти Зазуга айнан у овоз берган.
«Скуби-Ду» фильмида Аткинсон ёвуз Эмил Мондавериусни ўйнаган.
Аткинсоннинг дўсти ва ҳамкасби Ричард Кёртис уни ўзи суратга олаётган «Реал муҳаббат» фильмидаги эпизодик, аммо характерли ролга таклиф этган. Бу фильмда Алан Рикман, Хью Грант, Колин Фёрт, Эмма Томпсон, Кира Найтли, Эндрю Линкольн, Лиам Нисон, Билл Найи каби юлдузларни кўриш мумкин.
«Реал муҳаббат» билан бир йилда Аткинсоннинг бошқа бир фильми — «Агент Жонни Инглиш» премьераси бўлиб ўтди.
Британ агенти Жонни Инглишга бағишланган фильмлар 2011 ва 2018 йилларда ҳам дунё юзини кўрди. Бироқ Аткинсоннинг асосий роли Жаноб Бин бўлиб қолмоқда. Ҳатто шу образда Аткинсон Лондон олимпиадасини 2012 йилда очиб берганди.
Роуэн Аткинсоннинг фильмографияси қарийб 80 та турли форматдаги кино ва телелойиҳалардан иборат. Икки марта BAFTA мукофотига сазовор бўлган.
Роуэн Аткинсоннинг ҳоббиларидан бири — камёб машиналарни тўплаш. Унинг гаражида «McLaren F1», «Aston Martin V8 Zagato», «BMW 328» ва «Jaguar MK7» сингари машиналар бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter