«Муҳташам юз йил. Кўсем империяси»
«Муҳташам юз йил. Кўсем империяси» – ўткир сюжетли драма жанрида яратилган тарихий телесериал. Сериал тақдимоти 2015 йилнинг 12 ноябрида «Star TV» телеканалида бўлган. Икки фасл, олтмишта қисмдан иборат сериал сценарийини Йилмаз Шаҳин, Нюкет Бичакчи ёзган. Продюсер – Тимур Савжи. «Муҳташам юз йил. Кўсем империяси»да Нургул Йешилчай, Фараҳ Зайнаб Абдуллоҳ, Лайло Ферай, Асли Тандоған, Эже Чешмиўғлу, Метин Акдюлгер, Анастасия Тсилимпиу, Берен Саат, Хюля Авшар сингари актёрлар гуруҳи суратга тушган.
Кўсем султон Усмонийлар давлати тарихида бир эмас, бир неча ҳукмдор султоннинг онаси бўлмиш Буюк волида-аёл сифатида қолган. Унинг шахси ҳар доим тарихчиларни ҳам, бошқаларни ҳам қизиқтирган. Аммо, табиийки, сериалга тарихий ҳақиқат билан бирга бадиий тўқималар ҳам киритилади.
Маълумки, султоннинг ҳарамига кўплаб канизаклар келтирилган, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ҳукмдорнинг маҳбубасига айланмаган – асиралар хизматкорлик қилишган, саройда тарбияланиб, дарс олишган, турмушга чиқишга, маълум муддат ўтгандан сўнг ҳарамни тарк этишга ҳам имкон топишган.
Аҳмад ва Кўсем илк бор учрашганда ҳали ўсмир бўлишади, аммо буни сериалда кўрсатиш имкони бўлмагани боис бу қаҳрамонларни катта актёрлар ўйнаган. Аслида султон ва канизак деярли тенгдош бўлган.
Султоннинг севгиси ва канизаклар
Усмоний султонлар тарихдаги энг қудратли ҳукмдорлардан бўлган, шу боис улар учун истаган аёлларини қўлга киритиш катта муаммо эмасди. Бироқ Аҳмаднинг Анастасия (бўлажак Кўсем) суратига ғойибона ошиқлиги тарихи – сценарийнависларнинг тасаввури меваси.
Аслида Аҳмаднинг ҳарамидаги канизаклар етарли бўлиб, ёш канизакни у саройга келгандан кейингина севиб қолган. Тарихчиларнинг тахминича, Кўсем саройга Аҳмад ҳукмронлигига қадар келиб қолган, аммо отаси Меҳметнинг ҳарамига тушмаган, чунки жуда ёш бўлган.
Кўсемнинг тарихий илдизлари
Кўсемнинг келиб чиқиши ҳақидаги аниқ маълумотлар у қадар кўп эмас. Унинг греклиги ва исмининг Анастасия бўлгани ҳам аниқ исботланмаган. Фақат бир нарсага шубҳа йўқ, Кўсем насроний бўлган, исломни ҳарамда қабул қилган. Сериал муаллифлари унинг янги исми – Моҳпайкардан фойдаланмай, Анастасия деб аташган, унинг тарихда энг машҳур исми Кўсем эса лақабга яқин саналади.
Ҳокимиятга йўл
Кўсем султон подшоҳнинг севимли аёли бўлган, аммо унинг ҳукмронлиги айнан султоннинг вафотидан сўнг кучаяди. Маълумки, султон уни севган, аммо давлат ишларига аралашишига кўп ҳам йўл қўймаган. Бундан ташқари, Кўсем ҳукмдорнинг на биринчи, на ягона маҳбубаси бўлган. Салтанатда у Аҳмаднинг севгисидан кўра асосан болалари ҳисобига нуфузга эришган. Хуллас, сериалда муҳаббатга тарихда бўлгандан кўра кўпроқ аҳамият берилади. Қолаверса, ёш бўлишига қарамай Аҳмад қаттиққўлроқ бўлган: муаллифлар уни юмшоқроқ кўрсатишга қарор қилишган.
Аёллар таъсири
Аёлларнинг султон ҳокимиятига таъсири нақ бир аср (1550 йилдан 1656 йилгача) давом этган. Бу давр тарихига беш нафар султон аёллари исми битилган. Уларнинг ҳар бири оғир курашда ўз ўрнини ҳимоя қилади. Аммо уларнинг ўзаро кураши сериалда кўрсатилганидек бўлмаган. Султон Аҳмадни аёлларнинг бундай таъсири қониқтирмаган, бувиси София султонни тахтга ўтириши биланоқ ҳокимиятдан четлаштирган. Аҳмаднинг онаси Хандон аслида ҳеч қачон у қадар катта нуфузга эга бўлмаган. Шунинг учун аёллар ўртасидаги фитна-ю ҳийлаларнинг ҳаммаси ҳам аслида бўлганидек эмас.
Аёллар ҳукмронлиги Кўсем султон даврида айниқса авжига чиқади. У икки ҳукмдор султон – Мурод IV ва Иброҳим I нинг волидаси бўлган. Кўсем султоннинг ҳукмронлиги «Муҳташам юз йил. Кўсем империяси» сериалида жуда ёрқин тасвирланади. Нургул Йешилчай эса актёрлик маҳорати билан томошабинларни яна бир бор қойил қолдирди.
Севдора
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter