Президент қарори: «Ёш китобхон» танлови давом эттирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 12 май куни «Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Унга кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда жамоатчилик вакилларининг мамлакат ёшлари ўртасида ўтказилган китобхонлик танловларини ижобий баҳолаган ҳолда, ушбу танловларни ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Буюк аллома, адиб ва мутафаккирлар ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида «Ёш китобхон» танловини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Шунингдек, ўн кун муддатда «Ёш китобхон» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом янгитдан ишлаб чиқилади.
Мазкур низомда:
— буюк аллома, адиб ва мутафаккирларнинг меросини чуқур ўрганиш мақсадида алоҳида номинациялар бўйича танловлар ташкил этиш;
— 2018 йилги танловларни Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Бердақ сингари буюк мутафаккирлар ижоди ва фаолияти, жаҳон адабиётининг дурдона асарлари, шунингдек, «Алпомиш», «Гўрўғли», «Кунтуғмиш» каби халқ достонлари бўйича ўтказиш;
— кейинги танловларни даврлаштирган ҳолда давом эттириш учун тегишли рўйхатларни шакллантириш;
танлов ғолибларини мукофотлаш ва рағбатлантиришнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, хусусан, республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган қатнашчиларни енгил автомобиллар билан тақдирлаш, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ва фаол иштирокчиларни ҳам муносиб рағбатлантириш чоралари назарда тутилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter