Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Мен шу ёмон қизни яхши кўраман». Машҳур қўшиқнинг шеъри кимга атаб ёзилган эди?

«Мен шу ёмон қизни яхши кўраман». Машҳур қўшиқнинг шеъри кимга атаб ёзилган эди?

Хонанда Имрон куйлаган, ўз вақтида анча оммалашган «Мен шу ёмон қизни яхши кўраман» қўшиғи шеърини бойсунлик истеъдодли шоир, иқтидорли ижодкор Жўрабек Рамазон ёзган эди. Минг афсуски, унинг умри эрта хазон бўлди. Жўрабек Рамазон 2014 йили 31 ёшида вафот этди.

Шоирлар орасида бундай қисмат эгалари кўп. Ўзбек шоирлари Чори Аваз ва Равшан Файз умрларининг 35 ёшида бу дунёдан риҳлат қилишган. Шоир, драматург Илҳом Ҳасанов 31 ёшида ҳаёт билан видолашган.

Қисқа умри даврида бетакрор шеърлар ёзиб қолдирган Жўрабек Рамазон юрак хасталиги туфайли ҳаётдан кўз юмган. У назм ва насрда ижод қилган бўлса-да, асосан шеърлари шуҳрат топди. Айниқса, «Мен шу ёмон қизни яхши кўраман» тилларга тушди. Хонанда Имрон уни қўшиқ қилиб куйлагач, у янада оммалашди. Афсуски, бу вақтда Жўрабек ҳаётдан кўз юмган эди.

Марҳум шоирнинг умр йўлдоши Нодира Жўрақулова мазкур шеърнинг яралиши ҳақида шундай дейди.

– «Мен шу ёмон қизни яхши кўраман» – атайлаб мен учун ёзилган ва мени ҳаяжонга солган шеър. Жўрабек ака уни ишхонада, ёнимда ўтириб 3-4 дақиқада ёзиб тугатган ва менга бериб, «Ўқиб кўринг-чи, сизни қандай таърифлабман», дедилар. Мен ўқиб хурсанд бўлиб кетсам ҳам сездирмай «Нега энди мен ёмон қиз эканман?» дедим. «Мен дарров гапга кирадиган мулойим қизларни эмас, ўз гапидан қолмайдиган қайсар, ёмон қизни яхши кўраман», дегандилар.

Биз Жўрабек ака билан бирга «Бойсун» газетаси саҳифаларини тайёрлар эдик. Шунда қарасам, бир саҳифа тайёр, тепасига катта-катта ҳарфлар билан «ЁМОН ҚИЗНИ ЯХШИ КЎРАМАН» деб ёзилган. Пастда эса 5-6 та шеър. Менга аталган шеър газетага чиқаётгани учун нималарни бошимдан кечирганимни таърифлаб бера олмайман. 2007 йил эди ўшанда.

Жўрабек Рамазон рафиқаси ва фарзанди билан.

Шеърнинг қўшиқ бўлганини тасодифан интернет орқали билиб қолдим. Қўшиқчининг ўзи ҳам бу шеърни интернетда ўқиб, қўшиқ қилибди, муаллифининг вафот этганидан хабари йўқ экан. Очиғи, қўшиқни эшитиб хурсанд бўлдим. Нақаротини ўзидан қўшган экан, бир жойида «Кўргим келар мовий кўзини» деган жойини эшитган қизим хафа бўлди. Негаки, у бу шеърни «дадам мен учун ёзган», деб юрарди. «Ойи, менинг кўзим мовий эмас, қора-ку, нимага «мовий кўзини» деб шеърни ўзгартирибди?» деб анча пайт аразлаб юрди.

Нима бўлганда ҳам бу шеър қўшиқ бўлганидан жуда хурсандман. Кўча-кўйда кафе-барларнинг ёнидан ўтиб кетаётганимда қўшиқни баланд қилиб қўйишади ёки кимнидир телефони жиринглаб, шу қўшиқ янграб қолади. Бундан жуда ғурурланаман. Жўрабек ака шеъри қўшиқ бўлганини эшитмади-да, роса хурсанд бўларди, деган армон юрагимни кемиради.

Фақат бу эмас, Жўрабек аканинг «Бугун» китобидаги кўп шеърларни менга бағишлаб ёзган. У китоб бизнинг бугунимиз – бирга юрган пайтларимиз, бошимиздан ўтказган кунларимиз, кечинмаларимиз ҳақидаги шеърлардан иборат. Афсуски, умр йўлдошимнинг кўп китоблари вафотидан кейин чиқди, – дейди Нодира Жўрақулова.

Акбар

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг