Иқбол Мирзо: «Тил – одам ДНКсидаги оҳанглар жилосидир»
Ёзувчилар уюшмасида «Онажоним – шеърият» тўгараги аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув тил мавзусига бағишланди.
– Тил – одам ДНКсидаги оҳанглар жилосидир, – дейди шоир Иқбол Мирзо. - Дарҳақиқат, тил – миллатга, Ватанга бўлган ҳурматнинг бош ифодасидир. Она тилимизни бошқа тиллар билан қориштириш, ўзлигизимизни йўқотиш демакдир. Чунки миллатнинг эртанги куни, унинг бардавомлиги тил билан уйғундир.
Шунингдек, жонли мулоқот «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳиятига бағишланди.
Суҳбат давомида Фармонда бугунги тилшуносликдаги муаммолар ва соҳада олдинда бажариш лозим бўлган вазифаларга йўл очилгани таъкидланди.
– Бугунги кунда тилимизни бузиб гапираётганларга биз ёшлар бефарқ бўлмаслигимиз керак, – дейди тўгарак аъзоси Комила Турсунова. – Шаҳримиз бўйлаб осилган айрим эълонларда сўзларни тўғри ёзилмаслиги, кафе, ресторан, меҳмонхоналар номларини бошқа тилда номланиши одамни бироз ўйга толдиради. Боиси, халқимиз ўттиз йилдирки, ўз давлат тилига эга ва бу қонунан тасдиқланган ҳам. Албатта, ҳар бир фуқаро Ватанимизга, тилимизга дахлдорлик ҳиссини туйган ҳолда, ўз муносабатларини билдириб, ўзбек тилининг ривожига муносиб улуш қўшиши лозим, деб ўйлайман.
Учрашувда тўгарак аъзолари томонидан турли мавзудаги, хусусан, юрт ва она тилимизни улуғловчи шеърлар айтилди. Учрашув сўнггида Ўзбекистон Халқ шоири Иқбол Мирзо йиғилганларга янги шеърларидан ўқиб берди.
Зулайҳо Аҳмаджонова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Ахборот хизмати мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter