«Инсон» фильми. «Меҳр» инсонпарварлик операцияси ҳақида
Истеъдодли кинорежиссёр Фурқат Усмонов ҳужжатли фильмлар устаси сифатида анча ишлар қилди. Унинг жиддий ишларидан бири 2021 йилда суратга олинган олти қисмли “Инсон” туркумидир. Туркумнинг биринчи қисми суронли Суриянинг совуқларида, чанг-тўзонларида сарсону саргардон тентираган ўзбек оналарию қизларининг дарду дунёсига бағишланади. Картинани “Адашганлар истиғфори” деб ҳам қабул қилсак янглишмаймиз. Фильмни кўряпман-у Абдулла Ориповнинг “Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига //Қандай чидай олган экан одамзод!” мисраси бот-бот хаёлдан ўтди.
Фильм муваффақияти шундаки, муаллиф қаҳрамонларига ҳукм ўқишдан ўзини тияди. Уларга “мўмай даромад илинжида” адашган осийлар дея маломат тошларини отмайди. Аксинча, қисматнинг қаҳри қаттиқ шамолларига йўлиққан ожизалар дея ҳамдард бўлади, уларни тинглайди.
Шунинг учун ҳам мазкур ҳужжатли фильм Давлатнинг махсус буюртмаси билан суратга олинган бўлса -да, томошабин уни ташвиқот асари эканини маълум муддат сезмайди. Чунки режиссёр заргарона эҳтиёткорлик билан биринчи ўринга ғояни эмас, ИНСОНни қўяди. Аёл қалби орқали воқеликка, уруш кечаётган юртга нигоҳни қаратади.
Аёл қаерда бўлмасин, кимнинг ёнида турмасин, у доим ҳаёт хамирини қориш билан овора. Хамир қораётган қўллар фильм лейтмотиви бўлиб қайта-қайта такрорланади. Уч қаҳрамоннинг ҳам бадиий фильмга асқотиши мумкин бўлган ўз достони, ҳар бир аёлнинг эр зотига айтар ўз арзу додлари бор. Аёл дарди нима? Аёл дарди — жамият жароҳати. Аёл овози — жамият овози.
Картинада “Меҳр” инсонпарварлик операцияси тарихий воқеа сифатида инсон истиғфори, кўзёшлари орқали кўрсатилган.
Юзлаб одамлар орасидан қаҳрамонлар тўғри танланган. Уларнинг юз-кўз ифодаларида, сўзида самимият қалқиб турибди. Вазминлик билан ифодаланган ички туғёнлар испан кинорежиссёри Педро Альмадоварнинг аёл қаҳрамонларини эслатади. Ҳар бир омадли эркак ортида кучли аёл туради деган кўникма бор, чиндан шундай бўлса, унда бахтсиз, лекин азамат аёл елкасига чиқиб олган ким? Бир эрйигитниг ўйламай ташлаган қадами аёл зотига қанчага тушади?
Беминнат қайтар қўналғамиз - Ватаннинг қадри аёллар тилидан ортиқча пафосларсиз акс этган. Фурқат Усмонов ижодидаги изтироб ёруғ, руҳни катта ишларга чоғлайди, қанотсиз ҳам учиш мумкин эканига ишонч уйғотади. Айнан шу кайфият маҳзунлик билан некбинлик қоришиб кетган фильм мусиқасида акс этган.
“Инсон” туркумининг иккинчи қисми шифокорлар матонатига бағишланган. Ҳужжатли фильм қаҳрамонларининг ҳаётий ҳикоялари, дардчил хотиралари томошабинда ҳиссий кайфиятни уйғотади.
Тиббиёт фидойилари қиёфасида нафақат ўз соҳасининг усталарини, балки ҳаётнинг қувончу ғамларидан холи бўлмаган оддий одамларни кўра бошлайсиз. Фақат бурч туйғусининг қатъийлиги уларни айрича, хос инсон эканини эслатади. Уларнинг фаолияти орқали юртимизда тиббиёт соҳасининг олдинга қараб қандай одимлаётганидан хабар топамиз.
"Инсон" – Давлат ташвиқотини мағзида сир тутган фильм. Ижодкорлардаги нозик дид, ҳадни чамалаш фаросати мазкур фильм муваффақиятининг сиридир. Ф. Усмонов қаҳрамоннинг юраги орқали ижтимоий воқеликка йўл олади. Гўё воқелик инсондан кейин турувчи унсурдек таассурт уйғотади. Аслида айнан шу манёвр ахборот асри одамларига таъсир қила олади.
Иқбол Қўшшаева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter