Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ибрат» — ҳақиқатан ибрат бўла оладими?!

«Ибрат» — ҳақиқатан ибрат бўла оладими?!

Маърифатпарварлик ва жадидчилик ўзбек адабиётининг ривожида муҳим ўрин тутади. Кино санъати ҳам адабиётнинг бир бўлаги бўлиб, ундан озуқа олади, чунки кинонинг ҳақиқий асоси ва пойдевори драматургия бўлса, адабиётнинг энг юқори тури шу соҳадир. Ўзбек киноижодкорлари сўнгги йиллар миллий кинематографиямизда тарихий жанрдаги тўлиқ метражли бадиий фильмлар яратишга катта эътибор қаратмоқда. «Исломхўжа», «Элпарвар», «Қўқон шамоли», «Авлоний», «Илҳақ» ва ниҳоят 1 октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан премьера қилинган «Ибрат» фильми. Фикрларимизни маърифатпарварлик ва жадидчиликдан бошлаганимиз ҳам бежиз эмас, бугунги фикрларимиз шу фильм ҳақида.

Постановкачи режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг «Ибрат» тарихий бадиий фильми шоир, таржимон, адабиётшунос, етук тилшунос олим Исҳоқхон Ибратнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. Ўзбек мумтоз адабиётининг етук вакиллари ҳақида атоқли режиссёр Комил Ёрматовнинг «Алишер Навоий», Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи асосида яратилган режиссёр Мақсуд Юнусовнинг «Бобур» кўп қисмли видеофильми яратилган бўлиб, эндиликда киноижодкорлар маърифатпарвар ва жадидчи олимлар ҳаёти ва ижоди ҳақида фильмлар суратга олиб мазкур анъанани давом эттиришмоқда, кинотеатрларимизда «Авлоний», «Ибрат» бўлса, келгусида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фурқат ҳақида фильмлар кутиб турибди. Демак, кўрганим ва тасаввуримда жонлангани «Ибрат» фильми ҳақидаги таассуротларимни ёзиб қолдираман.

Мазкур фильмнинг энг катта ютуғидан бири ҳақиқатан Ибрат яшаган XIX охири ХХ аср бошларидаги давр атмосфераси яратилган. Айниқса, бош қаҳрамон саёҳат қилган Арабистон, Искандария ва бошқа мамлакатлардаги атроф-муҳит чиройли тасвирланган. Бу борада постановкачи рассом ва либослар бўйича рассом иши кўзга яққол ташланади. Уларнинг маҳорати постановкачи режиссёр маҳоратидан устунроқ бўлиб қолган, назаримда.

Фильмда профессионал актёрлар ансамблини ўзига хос ролларда кўриш мумкин. Бироқ драматургик жиҳатдан ёрқин характерлар яратилмаган. Бадиий фильмнинг ўзига хослиги унда воқеа ва конфликт томошабинни тортиб олади, «Ибрат» фильмида эса қоида у қадар ишламаган. Биз бош қаҳрамонни саёҳати, типография очгани ва бошқа маълумотларга эга бўламиз. Назаримда, бу борада ҳужжатли фильм ишланса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ибрат Искандариядаги саёҳатида икки ватандошига ёрдам беради. Улардан бири ҳатто ўз юртини ташлаб, Ибратнинг хизматига чоғланади. Бу роль Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, марҳум санъаткор Абдурайим Абдуваҳобовнинг ҳаётлик чоғидаги сўнгги ижроси бўлиб қолди. Шу билан бирга, марҳум санъаткор, профессионал дубляж актёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиевнинг ҳам сўнгги ролини кўришимиз мумкин.

Режиссёр бош қаҳрамонга профессионал актёр Фарҳод Маҳмудовни таклиф этган. Бироқ Ибрат қиёфасини тўлиқ яратишда, устоз жадид олим сифатида ёрқин характер яратишда кўпроқ қаҳрамоннинг кексалик даврини яратган актёр Саидкомил Умаровнинг ижроси маҳоратли чиққан. Намойишлар учун тарқатилаётган постерларда эса фақат Фарҳод Маҳмудовни қиёфасини кўрамиз, бироқ ҳақиқий қаҳрамон Саидкомил Умаров бўлганлиги аён. Нега энди унинг ҳам қиёфасидан фойдаланилмаяпти?! Ибратнинг ёшлиги ва кекса пайтларидаги воқеалар параллель равишда намойиш этиб борилади. Бу формулада Фарҳод Маҳмудов ҳамда Саидкомил Умаров ижроларини бир қаҳрамон қиёфасида солиштириш имконини беради. Кексалик чоғидаги ижроларда сиёсий тузум ўртасидаги конфликтнинг кучлилиги ва воқеаларнинг ёрқинлиги акс этган.

Фильмлардан халқ ўзига қаҳрамон қидиради. «Ибрат» фильмида бош қаҳрамондан кўра, НКВД ходими Мирҳодиев қаҳрамон даражасига кўтарилган. Сиёсий тузум ва маърифатпарвар олим ўртасидаги зиддият туғилади. Пенсияга чиқишидан олдин охирги тергов хонасига кирган ходим Ибрат билан суҳбат асносида уни олим эканлигини, халқ фидойиси эканлигини англаб етади ва «халқ душмани» сифатида қоралашдан воз кечади. Ҳатто подполковник томонидан берилган буйруққа ҳам қарши чиқади. Айниқса, фильм якунида Ибрат ва рафиқаси Собиранинг сўнгги видолашуви учун рухсат бергани ҳам Мирҳодиевни инсоний характерини очган. Режиссёр ўша даврдаги тузумни қоралаш, миллий маърифатчилик ва ижтимоий ривожланишга қарши чиққанликда кўрсатишни мақсад қилган ҳолда, НКВД ходими Мирҳодиевни қаҳрамон даражасига олиб чиққан. Энг катта конфликт ҳам айнан шу персонаж билан содир бўлади. Она ва бола Ибрат билан кўришиш учун келиб, рухсат берилмай қайтиб кетаётганида Мирҳодиев улар олиб келган тугунни ўзи Ибратнинг камерасига олиб киради ва уни намоз ўқиётганини кўради. Мазкур воқеалар ҳатто Ибратнинг ёшлигида кўрсатилган ҳаётий саёҳатларидан кўра қизиқарли ва томошабинни ларзага солади.

Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ҳамда Беҳзод Муҳаммадкаримов персонажлари билан муаллимлар ўртасидаги фисқ-фасод ва туҳматлар фильм моҳиятини очиб беради. Ўша даврдаги таълим ва маориф муаммолари қисман ёритилади. Ибрат типография ускунасини олиб келади ва қийинчиликлар билан босмахонага асос солиб, ишга туширади. Фильмда воқеалар ривожи сустроқ тасвирлангани боис, томошабинда қизиқиш пасаяди.

«Ибрат» фильми бугун юртбошимиз олға сурган китобхонликка сафарбарликни оширади, маърифатпарварлик ва мутолаа маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Халқ саводини чиқариш, бугунги тинимсиз, аммо у қадар фойда бермаётган ислоҳотлар ҳақида кичкина бўлса ҳам тарихий тасаввур уйғотади. Айниқса, бош қаҳрамоннинг «Бугун китоб ёқаётган миллат эртага одамларини ҳам ёқади» қабилидаги сўзлари таъсирли чиққан ва драматургик тарафдан асар моҳиятига хизмат қилган.

Фильмда Собира ролида ёшлиги Шаҳзода Матчонова, катта ёшда Зулхумор Мўминова, Ибратнинг ўғли Аббосхон ролида Акбархўжа Расулов қиёфасини кўрамиз. Аммо актёрларнинг характерлари ёрқин тарзда очиб берилмаган. Ибрат қамалганидан сўнг она-бола фақатгина миршабхонадан қайтади холос. Ҳолбуки, завжаси ва ўғли Ибратнинг ишини давом эттириши, шогирдларини камолга етказиши мумкин эди.

Сарлавҳада қўйган саволимизга қайтсак, «Ибрат» фильмидаги Исҳоқхон Ибрат ҳақиқатан халқимизга ўрнак бўла оладими? Фильмда шахс очиб берилган, аммо биз кутган қаҳрамон яратилмаган. Исҳоқхонтўра инсонларга маънан ибрат бўла олади, тарихий манбаларга кўра унинг босиб ўтган йўли ҳам тарбиявий ва синовлидир. Зеро, қаҳрамон айтганидек: «Инсоннинг қандоқ кўмилмоғи эмас, қандоқ яшамоғи муҳим!»

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг