Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Голландияда отилган 101 нафар ўзбекка бағишлаб кино ишланади. Фильм бюджети — 7 миллион доллар

Голландияда отилган 101 нафар ўзбекка бағишлаб кино ишланади. Фильм бюджети — 7 миллион доллар

Фото: «bbc.com»

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 24 июлдаги миллий киносаноатни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига илова қилинган «Йўл харитаси»да 2020 йил февралига қадар «101» номли бадиий фильм суратга олиш ҳақида кўрсатма берилган, деб хабар бермоқда «Дарё»нинг телеграмм канали.

Иккинчи Жаҳон урушида фашизмга қарши курашда қатнашган ўзбекистонликлар номини абадийлаштиришга бағишланган фильм «101» номли роман асосида суратга олинади.

Режа бўйича, 2019 йил январига қадар фильм сценарийси тайёрланиши, 2019 йил февраль-май ойларида суратга олиш ишларига тайёргарлик кўрилиши, июнь-сентябрь ойларида фильм Ўзбекистон ва Голландия киноижодкорлари иштирокида суратга олиниши, 2019 йил октябридан 2020 йил январигача монтаж ишлари бажарилиб, тайёр фильм топширилиши керак. Суратга олиш ишлари Ўзбекистон, Россия, Германия ва Голландияда бўлиб ўтади.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик бу 101 қаҳрамон шарафига 2020 йил апрелида ёдгорлик (ҳайкал) ҳам ўрнатилиши кўзда тутилган. Фильм ва ҳайкал ўрнатилиши учун камида 7 миллион доллар сарфланиши кўзда тутилган.

Концлагердаги 101 ватандошдан атиги бир фотосурат (юқоридаги) ва икки портрет қолган. Фото: «bbc.com»

«Дарё»нинг ёзишича, Гитлер Германиясининг Голландиядаги Амерсфоорт концлагерига 1941 йили Смоленск яқинида асирга олинган 101 совет аскари олиб келинган — уларнинг бари ўзбекистонлик эди. Уларнинг 24 нафари 1941 йилнинг қаҳратон қишида ҳалок бўлган, қолган 77 нафарини эса, кучсизланиб, бирор ишга ярамай қолганидан сўнг, концлагер яқинидаги ўрмонга олиб чиқиб, отиб ташлашган... Бу воқеа — 101 ўзбек ҳақида биринчи бўлиб 2017 йил майида Голландиядаги тарихчилар, архившуносларга асосланиб «Би-би-си» ёзган.

Президент қарори билан Иккинчи Жаҳон уруши ҳақидаги яна бир — «Қаҳрамонлар» номли фильм ҳам суратга олинади. У шу номли роман асосида ишланади. Романда ўзбекистонлик майор Максумов хитойлик етим бола Вэй Лини қандай моҳир разведкачи қилиб етиштиргани ҳақида ҳикоя қилинади. Фильм 2019 йил сентябригача тайёр бўлиши керак, 2020 йил майида эса майор Максумов ва унинг шогирди Вэй Ли шарафига, Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб, ҳайкал ўрнатилиши керак. «Қаҳрамонлар» лойиҳасининг умумий қиймати — 10 миллион доллар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг