Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чўлпон ҳақидаги «Тегирмон» романи нашрдан чиқди (фото)

Чўлпон ҳақидаги «Тегирмон» романи нашрдан чиқди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Таниқли ёзувчи ва шоир Наби Жалолиддин қаламига мансуб Абдулҳамид Чўлпон ҳаёти ва ижоди ҳақидаги «Тегирмон» романи китоб ҳолида нашрдан чиқди.

Фото: «Xabar.uz»

«Чўлпон» нашриёт-матбаа уйида нашрга тайёрланган ушбу китоб икки қисмдан иборат бўлиб, унда ўша замонда яшаган кўплаб машҳур кишиларининг ҳаёти ҳақида ҳам сўз боради.


Мавзуга доир:
Янги давр Чўлпонни соғинмоқда. Нега унинг юбилейи нишонланмаяпти?


«Тегирмон» романи республика китоб байрами доирасида расталарга чиқди. Уни ҳозирча Сайилгоҳ кўчасидан, тез кунларда эса барча китоб дўконларида сотиб олиш мумкин.

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

Қуйида мазкур романдан парча келтирамиз:


«Тегирмон» романидан парча 

Супа узра ўн чоғли одам тизилди: энг басавлат ва виқорлиси генерал-губернатор Куропаткин эди. Дума аъзоси Керенский эса пастроқ бўйли, елкаси бироз қунишгандек кўринади. Погонсиз оқ кители ўзига ярашган, ўнг қўлининг тўрт бармоғини тугмалар орасидан кители ичига тиқиб, атрофга синовчан боқади. Уларнинг ёнида икки катта унвонли зобит, Миролимбой, Чайкин, Асадуллахўжаев, тилмоч ва шу ерлик бир-икки зодагонлар.

Халойиқ мудом тинчимас, умумгувиллаш киши кўнглига ваҳм солади. Гувиллаш бедор вужудларнинг жунбушларида туртина-туртина супага ёвуқ келиб қолган Чўлпоннинг юрагига қаттиқ санчилди. Юраги ингранди, «Бу менинг халқим! Менинг жон халқим!», дея чийиллади оғриқ пинжида. Юракдаги тўлғоқ, тўфон шуурига қалқди: «Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир, Халқ исёндир...» Бирдан ўйларига ҳам, туғёнига ҳам завол етди, шоир юраги ғайб оламидан фанога қайтгандек бўлди. Сўл қўлида ёғоч-ҳасса тутган чол унинг чап билагини чангаллаганча турарди. Фақатгина устихон, этдан иборат, томирлари шохлаган бу қўл қора косовни эслатарди. Аммо бағоят тафтли эди. Чол ҳаддан ортиқ озғин, ғижим яктаги яширишга уринган жуссаси ҳолсиз ва забун, ё чарчаганиданми, ёки нафаси қисармиди, елкалари силтаниб-силтаниб, тинсиз ҳарсилларди. Шунинг асносида мадорсизликдан янада ингичкалашган бир тутам соқоли титрарди. Чўлпон унинг томир уришини нафақат сезди, балки эшитди.

– Халқ оловдир!.. – деди овоз чиқариб, чолнинг қўлини ўнг кафти билан оҳиста босаркан.

Валлоҳки, оламга хожадай турган Куропаткиннинг кўзи мана шу чолга тушди: лаблари қайрилди, юзлари ҳар ён тортилиб, тиришди, садафдай тишлари кўринди-да, тилмочга ишорали қараш қилиб қўйди.

– Ҳой, пошшо! – деди чол қўлини Чўлпоннинг билагидан олиб, ожизона сермаркан. – Оқпошшога айт, мени улимни (ўғлимни) қайтарсин! Улим келмаса, мени ким кўмади, балларимни ким бақади? Ўзи битта улим бор иди, шуйниям обкетти оқпошшо. – Энди чол мажолсиз оёқларида қолиб, кўкрак керишга уринаркан, ҳассасини Куропаткинга нўқди. – Улимни қайтар, онағар!..


Мавзуга доир:
Яна бир оғриқли нуқта! Чўлпон йўлига ғов бўлаётганлар ҳозир ҳам топилмоқда


Чўлпоннинг шуурини ҳамон хаёлида айланаётган мисранинг сўнгги жумласи забт этди: «Халқ ўчдир...»

Куропаткин нималардир деди, қандайдир имо-ишоралар қилди, тилмочга, ёнидагиларга неларнидир ёзишни буюрди, ваъдалар ҳам берди, ҳатто охирида чолга боқаркан,

– Ўғлингни қайтараман, мужик! – деди.

Сўнг ҳамма нарсани унутдими, яна боши осмонни ўйган улуғвор кимса кепатасига кирди. Халққа ваъз айта бошлади. Аслида у ва Керенский хуфиялар, Асадуллахўжаеву Чайкиннинг арзу шикоятлари орқали ҳамма нарсадан хабардор эдилар.

Куропаткин аввалига оқпошшонинг мадҳида анча сўз айтди. Сўнгра Керенскийга бир қараб олгач, «мардикор олди»нинг йил охирига бориб, балки эртароқ тамом бўлишини билдирди. Охирида полковник Брзежицский ва бир қанча элликбошию юзбошиларнинг мансабларидан бўшатилганликларини маълум қилди.

Сўнгра Керенскийга сўз берилди. Энди халқ унга умид кўзини тикди.

– Азиз фуқаро, – Керенский тугмалари орасидаги бармоқларини ташқарига чиқариб, тўхталиб, томоқ қириб олди. Ҳаяжонланарди шекилли, қўли титрарди. Буни яшириш учун бармоқларини дарров яна жойига тиқди. – Он ҳазрат подшоҳи оламимиз, империянинг суянчи ва таянчи, пушти паноҳимиз ҳар дафъа фуқаронинг ташвиши, эл-юрт ғамида яшаши барчангизга аён. – У таржима қил дегандай тилмочга қаради. Тилмоч тутила-тутила таржимани тугатгач, давом этди. – Бироқ дунё аҳлини тобора домига тортаётган малъун уруш кўплаб юмушларимизга халал бераётгани ҳам рост. Ҳадемай подшоҳи олам уруш домидан айрилиб, фақат ва фақат мардум ташвиши ила яшамоқ умидидадир. Айниқса, ортиқ жабру ситам оғушида қолган Туркистонга, унинг аҳлига қутлуғ назарини солмоқ ниятидадир. Тез орада «мардикор олди» сиёсати барҳам топади. Сўнгра янги заводу фабрикалар қурилади, мактаблар очилади, эл бола-чақасини бемалол боқа олиши учун имконлар яратилади. Фақат бунинг учун Туркистон халқи подшоҳ жаноби олийларига садоқатли бўлмоқлари лозим. Ҳар хил фитначи кимсаларнинг сўзига кирмай, исёну жанжалларга барҳам бериб, бугунги қийинчиликларга сабр этмоқлари зарур. Халқни ҳурмат қилмаган амалдорлар эса бугунгидек мансабларидан олиниб, жазога тортилаверадилар. Зеро, адолат тарозуси подшоҳимиз илкидадир... Яшасин Туркистоннинг озод халқи! Подшоҳи аъзам олий ҳазратларига шон-шарафлар бўлсин!..

Амалдорлар Куропаткинга эргашиб, қарсак чалиб юбордилар. Уларга яна кимлардир қўшилди.

«Томоша» адоғида ҳалиги чол яна Чўлпоннинг билагига тирмашдию, ерга қулади. Ҳассаси бир ён, бир сиқим жуссаси бир ён қолди. Буни ҳеч ким пайқамади. Халқ ҳафсаласиз қўзғолиб, тарқала бошлади. Чўлпон тупроққа беланган чол бечоранинг билагидан тутди. У жон таслим қилганди, аммо кўзлари очиқ эди. «Бир қўзғолур...», дея пичирлади Чўлпоннинг лаблари...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг