Бухорода анъанавий «Ипак ва зираворлар» фестивали карвони юриши ёмғир билан бошланди (фото)
Халқаро анъанавий «Ипак ва зираворлар» фестивалининг ўзига хос сервиқор тантанали карвони юриши шаррос ёмғир остида «Арк» қўрғонидан «Лаби Ҳовуз» қадар давом этди. Халқимизнинг бой маданий мероси, анъаналарини ўзида акс эттирган фольклор жамоаларнинг чиқишлари, халқ амалий санъати усталарининг ҳунармандчилик маҳсулотлари, ипак матолар жозибаси, бетакрор либослар кўрки минглаб томошабинлар қалбига завқ улашди.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросими Лаби Ҳовуз мажмуасида бўлиб ўтди. Унда 50 дан ортиқ давлатлардан меҳмонлар, шунингдек, 35 элчихона вакиллари, халқаро ташкилот ҳамда 10 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот вакиллари иштирок этди. Очилиш маросими Бухоро шаҳар ҳокими Карим Камолов табрик сўзи билан очилди. Унда фестивалнинг нуфузи йилдан-йилга ошиб, қамрови кенгаётганлиги таъкидланди.
-Фестиваль карвони юришини биринчи марта кўраяпман. Саёҳатимнинг айнан фестиваль кунларига тўғри келиб қолгани мен учун катта совға бўлди. Жудаям завқли экан. Ҳатто, ёмғирнинг шаррос қуйиши ҳам ҳеч кимни ташвишлантирмади. Қайтага фестивалга янада кўтаринкилик бағишлади. Айниқса, ёмғирдан сўнг Бухоро осмони бўйлаб камалакнинг камондек ёйилгани ҳайратларимизни оширди, -деди Қозоғистоннинг Остона шаҳридан келган Елена Присяжина.
200 дан ортиқ савдо ярмаркалари, тажрибали ва моҳир усталар меҳнати билан яратилган бетакрор санъат асарлари, шифобахш ўсимликлари кўргазма-ярмаркалари ташкил этилган. Ўтмиш усталари жило берган заргарлик, зардўзлик, каштачилик, кандакорлик буюмлари, тўқилган ипак гиламлар, зарринқалам хаттотлар ва мусаввирлар яратган қўлёзма китоблар ва миниатюралар дунёдаги энг машҳур музейларнинг ноёб экспонатларини яна бир карра дунёга намойиш этишдек эзгу мақсад кўзланган.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter