«Бу зотни ўзбек халқи ҳам эъзозлайди» – Бокуда жаҳон адабиётининг улуғ намояндасига бағишланган халқаро анжуман ташкил этилди
Озарбайжоннинг Бoку шаҳрида буюк аллома Низомий Ганжавий таваллудининг 880 йиллигига бағишланган халқаро анжуман бошланди.
«Низомий Ганжавий: маданиятлар ўртасида кўприк» деб аталган илмий-маърифий тадбирнинг очилиши маросимида Озарбайжон бош вазири ўринбосари Али Аҳмадов, маданият вазири Анор Каримов, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой иштирок этди.
Анжуманда 15 мамлакатдан келган олимлар ва арбоблар қатнашди.
Фото: Озарбайжон маданият вазирлиги
Президент Илҳом Алиевнинг 2021 йил 5 январдаги қарори билан жорий йил Озарбайжонда «Низомий Ганжавий йили» деб эълон қилинган. Озарбойжон маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган халқаро анжуман ҳам шу доирадаги тадбирлар сирасига киради.
Форумда сўзга чиққан мезбон мамлакат маданият вазири Анор Каримов буюк шоир ва мутафаккир Низомий Ганжавий жаҳон адабиётида чуқур из қолдирган даҳолардан бири эканини таъкидлади. ХII асрда кўҳна Ганжада туғилган шоир умрининг охиригача ушбу шаҳарда яшаб, жаҳон маданияти хазинасига ноёб адабий дурдоналарни туҳфа қилди. Низомий яратган назм жавоҳирлари замон ва макон чегараларидан ошиб, ҳозирга қадар мутолаа қилиб келинмоқда.
Вазир А.Каримов Низомий Озарбайжон халқининг улуғ фарзанди бўлиб қолмай, дунё бўйлаб маданиятларни боғловчи кўприк экани, унинг ижодий мероси эса бутун инсоният маънавий мулки эканини таъкидлади.
М.Н.Эрсой ва О.Назарбеков. Илмий машварат икки туркий давлат вазири
Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам илмий анжуман очилишида нутқ сўзлаб, туркий дунёнинг икки буюк адабиёт сиймоси – Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий асарларидаги робиталар хусусида сўзлади. Қайд этилишича, ҳар икки ижодкор асарларида умуминсоний қадриятлар – меҳр-муҳаббат, маърифат ва адолатни тараннум этган. О.Назарбеков Озарбайжон давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида ҳам ўзбек халқининг Низомийга эҳтироми юксак эканини урғулаган.
Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой эса ўз чиқишида барча турк халқлар Низомий каби даҳо ижодкор билан фахрланишга ҳақли эканини билдирди.
«Биз аждодларимиз меросини муҳофаза этишга масъулмиз. Акс ҳолда, бизни яхлит вужуд каби бирлаштириб турган ушбу бетакрор сиймолар ё унутилади, ё бегоналашади. Биз минг йиллик меросимизни сақлаш йўлида ҳам бирлашмоғимиз керак», – деди М.Н.Эрсой.
15 мамлакатдан келган олимлар, фан арбоблари ҳамда экспертлар, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этаётган форумда қўшма баёнот қабул қилинди.
«Инсоният даҳоларидан саналган Низомий Ганжавийнинг ўлмас ғоялари ва мушоҳадалари Мавлоно Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий каби Шарқнинг пешқадам шоир ва мутафаккирларини илҳомлантириб қолмай, минтақада адабий-поэтик анъаналар шаклланиши, фалсафа, ижтимоий-маданий ва сиёсий ҳаёт тараққий этишига ҳисса қўшган», – дейилади қўшма баёнотда.
Озарбайжон маданият вазири А.Каримов Низомийнинг Шарқу Ғарб адабиётига таъсиридан баҳс этди. Фото: «Trend» ахборот агентлиги
Илмий анжуман давомида давра суҳбатлари, шунингдек, мутафаккир асарлари тақдимоти ўтказилиши режалаштирилган.
Низомий Ганжавий (1141–1209) таваллудининг 880 йиллиги Ўзбекистонда Алишер Навоийнинг таваллудининг 580 йиллиги, Туркияда Юнус Эмро вафотининг 700 йиллиги нишонланаётган санага тўғри келгани рамзий маънога эга. Бу туркий халқларнинг азалий дўстона робиталари ва қардошлигининг яна бир тимсоли бўлса ажаб эмас.
Низомий Ганжавий (тахаллуси; асл исм-шарифи Абумуҳаммад Илёс ибн Юсуф ибн Закий Муайяд) – шоир, мутафаккир ва маърифатпарвар. Манбаларга кўра, у Қуръонни ёд олган, фиқҳ, тарих, география, фалсафа ва мантиқ бўйича устод даражасига етишган. Табиий фанлар, хусусан, табобат, илми нужум ва математикани ҳам пухта ўзлаштирган.
Шарқ мумтоз адабиётининг турли жанрларида баракали ижод қилган шоирдан 20 минг байтдан иборат шеърий девон мерос қолган. «Маҳзан ул-асрор», «Хусрав ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Ҳафт пайкар», «Искандарнома» каби беш достондан иборат «Хамса» асари шоир ижодининг чўққиси саналади. Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да Ганжавийни шайхлар қаторида зикр этган. XIV аср ўрталарида Қутб Хоразмий «Хусрав ва Ширин» достонини туркий тилга ўгирган. XIX асрда эса Огаҳий «Ҳафт пайкар»ни насрий таржима қилган. Низомий Ганжавий муҳташам адабий мероси билан туркий дунёнинг бир неча авлод қаламкашлари ижодига кучли таъсир кўрсатган.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter