Биз кашф этишни истаётган вундеркиндлар асли қаерда?
Жорий йилнинг 12-13 февраль кунлари Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши томонидан Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти Кенгаши ҳамкорлигида «Навоий ворислари» кўрик-танловининг Республика босқичи Навоий вилояти Навоий шаҳрида ўтказилди.
Мазкур танлов партия дастури ва сайловолди платформасида белгиланган вазифалар асосида ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, Навоий ижодини том маънода халқ мулкига айлантириш ҳамда халқ таълими тизимида жонбозлик кўрсатаётган она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларини, шу фанга қизиққан ёшларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилди.
Кўрик-танлов дастлаб, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида синов тариқасида ўтказилиб, 2017 йилда у илк бор республика миқёсида ташкил этилди. Кўрик-танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларида мамлакатимизнинг 2 минг 853 мактабидан жами 6 минг 246 нафар ўқитувчи ўз ўқувчилари билан бирга иштирок этиб, шундан 206 нафар қатнашчи ғолибликни қўлга киритди. Танловнинг ҳудудий босқичларида 206 нафар ёшдан 14 нафари республика босқичига йўлланмани қўлга киритиб ва танловнинг якуний босқичида барча ҳудудлардан 1-ўринни эгаллаган иқтидорли ва истеъдодли ёшлар ўзаро беллашдилар.
Тадбир давомида 3 нафар финалга чиққан номзодлар ҳакамлар ҳайъати аъзолари ва 700 дан ортиқ томошабинлар иштирокида танлов Низомидаги талаблар асосида синовдан ўтказилди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринга Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 30-сонли умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Исоқова Ситора, Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 34-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Нодирқулова Маржона 2-ўринга, Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги 34-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Сирожиддинова Хосиятхон 3-ўринга лойиқ, деб топилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан танловнинг 11 нафар фаол иштирокчиcи «Навоийнинг ғазалхон вориси», «Навоий тилининг билимдони», «Ғазални ифодали ўқиш», «Навоий ғазалларини тўғри шарҳлаш», «Алишер Навоий ғазалларини хорижий тиллардаги таржималарини ёдлаш» номинациялари ва 1-2-3-ўрин соҳиблари диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Энг, энг, энг
* Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 5-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Шаҳзодахон Раҳмонова Алишер Навоийнинг 457 та ғазалини, шунингдек, шоирнинг яна қўшимча равишда «Лисон ут-тайр» (366 минг байтдан иборат) достонини яхлит ёд олгани аниқланди ҳамда унинг салоҳияти навоийшунос мутахассислар ёрдамида жамоатчилик олдида яна бир бор имтиҳондан ўтказилди. Саҳнада мутахассислар томонидан иштирокчига Алишер Навоий девонидаги ғазалларнинг биргина сатрини ўқиб эшиттириб, уни давом эттириш шарти қўйилганда, Шахзода Раҳмонова ҳайъат аъзолари томонидан тақдим этилган мумтоз адабиёт намуналарини ҳали ҳайъат биринчи сатрини ўқиб улгурмасдан у бирорта хатосиз ғазалларни айтиб берди ва 5-синф ўқувчиси ушбу танловнинг мутлақ ғолиби ва кашфиёти деб эълон қилинди ҳамда энг олий мукофотга лойиқ топилди.
* Навоий вилояти ҳокими Қобилжон Турсунов Навоий вилояти иштирокчиси Маржона Нодирқуловага Президент совғаси сифатида 50 000 000 сўм пул мукофотини тақдим этди ҳамда 14 февраль куни вилоят ҳокими Навбаҳор тумани ҳокими билан биргаликда танлов ғолиби таълим олган 34-сонли умумтаълим мактабида унга қимматбаҳо совғаларни топширди. (Бироқ Халқ таълими вазирлиги мутасадди раҳбарлари танловнинг Республика босқичида иштирок этмади)
Танловнинг муҳим натижалари:
Алишер Навоий ижодини тарғиб этишга қаратилган танлов биринчи маротаба туман (шаҳар), ҳудудий ва Республика босқичида ўтказишга эришилди.
Навоий ижодини халқ мулкига айлантириш ғояси Халқ таълими тизимидан бошланди.
Навоийнинг инсонпарварлик ғоялари билан ёшлар қуроллантирилди.
Навоий ижоди орқали ўзбек тили ва адабиётининг нуфузини юксалтиришга эришилди.
Навоий ижоди орқали ёшларнинг ёзма ва оғзаки нутқи шакллантирилди.
Навоий ижодини турли хорижий тилларда ўрганишга эришилди.
Навоий ижодига қизиқувчи нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларнинг фаол жамоаси аниқланди ва устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилди.
Ҳар бир ҳудудда Навоий ижодини 50 тадан 100 тагача ёд олган, унинг маъносини шарҳлаб, таҳлил этиб берадиган ёш авлод вакиллари кашф этилди.
Навоийнинг нафақат ғазалларини, балки яхлит асарларини тўлиқ ёд биладиган ёшлар аниқланди.
Лойиҳанинг тафсилотлари ва республика босқичи «Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан тўлиқ суратга олинди ҳамда икки қисмли махсус ҳужжатли фильм, «Маданият ва маърифат» телеканали томонидан махсус кўрсатув тайёрланди.
«Миллий тилкланиш» партияси матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter