Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бахшичилик фестивали бизга нималар беради? Гулистондан репортаж

Бахшичилик фестивали бизга нималар беради? Гулистондан репортаж

Фото: Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековнинг телеграм канали

Бугун Гулистонда халқаро бахшичилик фестивали бошланди. Ушбу тадбир юртимизда ўтказилаётган учинчи фестивал бўлиб, олдингилари Термиз ва Нукусда бўлиб ўтган эди. Аввалгилари сингари бунга ҳам етарлича тайёргарлик кўрилган ва ташкилотчилар анча меҳнат қилгани сезилиб турибди.

Хўш, бу фестивал Ўзбекистонга нима беради? Хабар.уз ушбу тадбирни ўтказишга оид учта сабабга тўхталади.

Илмий аҳамият

Фестивал ҳақида гап кетаркан, энг аввало унинг илмий аҳамиятига тўхталишни лозим кўрдик. Замонавий ўзбек адабий тили ўтган аср бошларида шаклланди ва унга асос сифатида қарлуқ-чигил-уйғур, қипчоқ ва ўғуз лаҳжаларининг турли жиҳатлари олинди. Ушбу мураккаб жараённинг ижобий жиҳатлари ҳақида истаганча гапириш мумкин ва шу билан бирга вақт ўтгани сари асрлар давомида шаклланган меросимизга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурати юзага келганини инкор этиб бўлмайди.

Мана шу жиҳатдан бахшичилик фестивалининг аҳамияти жуда юқоридир. Тадбир бошланиши олдидан таниқли филолог олимларимиздан бири: "Фестивал ўтадиган кунлари Ўзбекистонда бўлмайман, аммо бу тадбирни ёритишда қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан", деганди. Бежизга эмас, шу кунларда Гулистонда асрлар давомида оғиздан оғизга ўтиб келган достонлар куйланади. Бу эса бебаҳо тадқиқотлар объекти демакдир.

Моддий аҳамият

Ўзбекистон сўнгги йилларда туризмни ривожлантиришга обдон ҳаракат қилмоқда. Аммо машҳур мақолда айтилганидек, "қўшнилар танланмайди". Камига охирги йиллардаги воқеаларни қўшадиган бўлсак, туризм бозорига жуда қулай вақтда чиқдик, деб айта олмаймиз - пандемия ва шимолдаги уруш кўп муаммолар келтирди. Жанубдаги қўшнимизда бўлаётган воқеликларга эса кўникиб бўлганмиз. Ҳар сафар хорижга чиққанда Ўзбекистон бошқа "истон"лардан фарқ қилишини қайта-қайта тушунтирадиган ҳамюртларимиз буни тасдиқлашади.

Мана шундай вақтда биз учун турли халқаро тадбирларни ўтказиш жуда муҳимдир. Минг марта эшитгандан кўра бир марта кўрган яхши - мана Ўзбекистон, мана бошқа "истонлар", фарқини кўряпсизми?!

Биз туризм бўйича потенциалимиздан хозирча фойдалана олганимиз йўқ, аммо йил ўтгани сари қийинчилик билан бўлсада, мақсад сари қадам ба қадам яқинлашяпмиз. Бахшичилик фестивали эса мана шу мақсад йўлида ташланаётган қадамлардан биридир.

Ҳудудий аҳамият

Биз туризм ривожи ҳақида истаганча гапиришимиз мумкин, аммо инфратузилма бўлмаса айтилган гаплар ҳавода қолиб кетаверади. Меҳмонхона, кафе ва ресторанлар у ёқда турсин, оддий хожатхона муаммоси трендда бўларкан, депсиниб тураверамиз.

Муаммо кўп - йўл бор, сув, электр, газ - булар доимий ҳамрохларимиз, ўрганиб қолганмиз. Ўзбек эса шунақа халқки, меҳмон келадиган бўлса ҳар қандай муаммони ҳал қилиб ташлайди. Шунинг учун биз кўпроқ меҳмон кутишимиз керак.

Бу томонлама тадбирнинг Сирдарё учун аҳамияти ҳақида кўп гапириш шарт эмас. Фестивал сал бўлмаса вилоятда йил ҳодисаси ўлароқ қабул қилинмоқда. Тан олиш лозим, тайёргарлик ҳам шунга яраша кўрилган — кўчалар тоза-озода, павильонлар тартибли – ташкилотчиликка ўн балли тизимда бемалол 7-8 қўйса бўлади.

Энг муҳими - шунақа фестиваллардан сўнг катта тадбирларни ўтказиш тажрибаси шаклланади ва умид қиламизки, яқин келажакда бу тажриба ҳали кўп асқотади.

Зафар Қосимов
Гулистон шаҳридан тайёрланди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг