Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ахборотни жиловлаб бўлмади. «Ўзбеккино» раҳбари ўзига нисбатан «исён» юзасидан баёнот бермоқчи

Ахборотни жиловлаб бўлмади.  «Ўзбеккино»  раҳбари ўзига нисбатан «исён» юзасидан баёнот бермоқчи

Фото:«Gazeta.uz»

Кеча кечки пайт пешқадам сайтлардан «Daryo.uz»да бир гуруҳ кино намоёндалари «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов устидан  ҳукумат раҳбарига шикоят қилганига оид мақола чоп этилди. Унда агентлик раҳбарлигига келганига саккиз ой бўлмаган Ф. Абдухолиқов фаолиятига нисбатан ўта жиддий эътироз ва айбловлар баён этиладики, шунданми дарҳол жамоатчилик эътиборини тортди. Орадан саноқли соатлар ўтиб, мақола сайтдан ўчирилса-да, айни ахборотни жиловлаш имконияти қўлдан кетганди. Зеро, ахборот ижтимоий тармоқларга сизиб,  баҳс-муҳокамалар қизигандан қизиб бормоқда. Таниқли адиб Мурод Муҳаммад Дўст таъбири билан айтганда «ахборот «Daryo»дан ўчирилса ҳам уммонда сузиб» юрибди.

Ўзбекистон кинематография соҳаси арбоблари, мутахассислари, режиссёрлар ва актёрлардан иборат юз нафардан ортиқ киши имзо қўйган шикоятда (улар орасида «Ўзбеккино» бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, бош директор ўринбосари Низом Маҳмудов, «Ўзбекфильм» директори Фотиҳ Жалолов, Ўзбекистон киноарбоблар уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов, Алишер Навоий номидаги киносарой директори Баҳром Ўтанов, «Мультстудия» директори Севара Тўлаганова, «Республика кинофонди» директори Шуҳрат Умаров ва бошқалар бор) Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қисқа фаолияти яхшигина элакдан ўтказилгани кўринади.

Мурожаатчиларга кўра: «...асосий мақсад — бугунги кунга келиб миллий кинематография соҳасини ривожлантириш эмас, балки ҳеч бўлмаганда бор обрўсини йўқотиб, уни хароб қилишдан сақлаб қолишдан иборат». Чунки: «...Фирдавс Абдухолиқов ҳукумат қарори билан ўрнатилган тартибга бўйсунмай, «якка ўзим ҳал қиламан» қабилида иш тутмоқда. У «Ўзбеккино» қошида фаолият юритадиган Бадиий кенгаш томонидан коллегиал ҳал этилган масалаларни тўхтатиб қўйиш амалиётини жорий эта бошлаган». Бундан ташқари агентликда «Қўл остидаги ходимларга ва Бадиий кенгаш аъзоларига ўз лавозимини суистеъмол қилган ҳолда таъсир ўтказиш орқали Бадиий кенгаш бошқарувини ўз тизгинига олиш ва ўзига мақбул аъзоларни кенгаш таркибига киритиш учун турли ҳаракатлар авж олган. Хусусан, жорий йилнинг март ойида Агентлик бош директорини Бадиий кенгаш раиси сифатида белгилаш тўғрисида буйруқ қабул қилиниб, унинг таркибига шу кунга қадар Бадиий кенгаш аъзолари сифатида ишлаб келган тажрибали ижодкорлар ўрнига кино соҳасига алоқаси бўлмаган шахслар киритилди», дея таъкидланади мурожаатда.

Шунингдек, киноижодкорлар мурожаатида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги марказий аппарати ходимлари орасида тушкун ҳолат юзага келиши туфайли коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият иккинчи ўринга ўтиб қолгани ҳам айтилади. Март ойида бош директор эътирозларга қарамасдан агентлик марказий аппаратининг ташкилий тузилмасига 2 нафар бош директор маслаҳатчиси, 2 та бўлим, 2 та хизмат, 3 та сектор каби янги таркибий бўлинмалар киритилган ҳамда «Ўзбеккино» фаолиятига умуман алоқаси бўлмаган «Фан ва таълим», «Меценатлик» ва PR йўналишлари ташкил этилган.

Бундан ташқари «Сўнгги ярим йил ичида ўндан ортиқ тадбирлар ташкил этилган бўлиб, уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар 1 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган. Бош директорнинг ўзи мунтазам равишда мақсадсиз хорижий сафарларга чиқиши, хорижий меҳмонларни кутиб олиш ва уларнинг харажатларини «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳисобидан қоплаш одатга айлангани»га ҳам урғу берилади.

Мурожаатдаги жиддий айбловлардан яна бири: «Ўтказилаётан тадбирларда ва хориж сафарларида чет эл кинокомпаниялари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш масаласида шартномалар, келишувлар ва меморандумлар имзоланиши тантанали равишда бўрттириб кўрсатилмоқда. Аслида ушбу келишувлар аҳамиятсиз бўлиб, улар юзасидан конкрет шартномалар имзоланмаганлиги, уларнинг номига фақатгина кўзбўямачилик ва жамоатчиликни алдаш учун қилинаётганлиги»дир.

«Kun.uz» мухбирига кўра, у мурожаатда акс эттирилган важлар бўйича изоҳ олиш мақсадида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги директори билан телефон орқали боғланган. Ўз навбатида Фирдавс Абдухолиқов яқин вақт ичида ушбу масала юзасидан баёнот беришини маълум қилгани айтилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг