Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Алпомиш» достонининг неча хил талқини бор?

«Алпомиш» достонининг неча хил талқини бор?

Термиз шаҳридаги «Матбуот уйи» биносида жорий йилнинг 5-10 апрель кунлари Сурхондарё вилоятида ўтказиладиган биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивали олдидан «Алпомиш» достони китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги, Республика маънавият-маърифат маркази вилоят бўлими, ходимлари, шоир, ёзувчилар, ОАВ вакиллари ва ёшлар иштирок этишди.

Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов талқинида миллатнинг эзгу орзу умид, интилишларини, жасорати ва мардлигини том маънода ўзида мужассам этган ушбу достон Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Республика маънавият-маърифат маркази вилоят бўлими томонидан нашрга тайёрланиб, «Академнашр» нашриётида 1000 нусҳада чоп этилди.

Китоб тақдимотида сўзга чиққанлар, «Алпомиш» достоннинг ўқувчилар қўлига етиб боргунга қадар жараёнлар, асарнинг сюжети ва бошқа вариантларидан фарқли жиҳатларини айтиб ўтишди.



«Воқеаларнинг изчиллиги оғзаки нусхадан қоғозга кўчганида ҳам табиийлигини сақлаб қолган ва ҳар бир сўзга рамз юклатилган. Образларнинг жонлантирилиши ҳақчил тарзда амалга оширилган. Буни ёзиб олувчининг ютуғи сифатида баҳолаш лозим», - дейди Республика Маънавият-маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими бошлиғи Фирдавс Шарипов. Эндиликда ушбу достоннинг бир неча бахши-шоирларимиз талқинида чоп этилиши режалаштирилган.

Фолклоршунос олимларнинг эътироф этишича, ҳозирги кунда ушбу достоннинг қирқдан ортиқ варианти мавжуд. Шунингдек, Сурхон бахшичилик мактаби вакиллари томонидан достоннинг бир неча талқинлари яратилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, «Алпомиш» асарининг бахши-шоирлар томонидан куйланган талқинларида сюжет воқеалари ўзгаргармайди, аксинча, бадиий ифодаси жиҳатидан халқ бахшиларининг сўз қочиримлари билан мукамаллашиб, вақт, давр маконга қараб, ижро вақтида бойитилиб боради. Шу сабабли олимлар томонидан уларнинг ҳар бирини мустақил бадиий асар сифатида ўрганиб келинмоқда.

«Сурхон воҳаси халқ оғзаки ижодининг беқиёс намуналари яратилган. Шулар орасида «Алпомиш» достонимизнинг шу вақтга қадар бадиий жиҳатдан мукаммал талқини китоб ҳолатига келтирилмаган, чоп этилганлари ҳам тан олинмасдан келинганди. Мен бугунги кунга қадар 30га яқин достонларни биламан. Ва шулардан тўрттаси чоп этилди.Қолганлари ҳам яқин кунларда китобсеварларга тақдим этилади», - дейди Ўзбеккистон Халқ бахшиси Абдуназар Поёнов.



Айтиш керак, асрлар давомида халқ тилида, унга тушунарли қилиб айтилган достонлар қадимий тупроқда яшаган ҳар бир инсон қалбининг нозик торларини чертиши билан билан биргаликда, бугунги авлодни ватанпарварлик, миллатга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим воситалардан бири бўлиб хизмат қилади.

Ўзбек халқ қаҳрамонлик достонининг чоп этилиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилиши фестиваль олдидан халқимиз учун муносиб совға бўлди дейиш мумкин.

Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг