Актёр Тўлқин Тожиевнинг сўнгги кунлари
Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек санъатининг тарихи ва дурдонаси, дубляжимиз булбули, биллур овоз соҳиби, истеъдодли актёр Тўлқин Тожиев 88 ёшда ҳаётдан кўз юмди. Гарчанд санъатдан кетганига анча бўлса-да, халқимиз уни унутгани йўқ, иштирокидаги фильмларни, овоз берган киноасарларини севиб томоша қилар, аммо кейинги пайтда актёр ТВ ёки интернетда жонли интервью беришни хоҳламади. Биз Тўлқин Тожиевнинг сўнгги кунлари ҳақида унинг қизи Гулноз опа билан суҳбат қурдик.
– Дадам ўтган йили 22 ноябрь куни йиқилган эдилар, – дейди Гулноз опа. – Мана, бир йилдан ошибди. Ақл-ҳушлари жойида, тузалиб қолгандилар. Фақат оёқлари сингани боис, оғриқ сезардилар. Биз аравачада ҳовлига олиб чиқардик. Аҳволлари жуда яхши, гаплашиб ўтирардилар.
Вафотларидан бир кун олдин мен ош дамладим. Аввал дадамдан сўрадим. Нима овқат ейсиз, десам, ҳаммасини еявераман, дедилар. Кейин қатиқ қўшиб, ошни роҳатланиб тановул қилдилар. Овқатдан сўнг, дуо қилинг, десам, яхшилаб дуо ўқидилар.
Худога шукр, ётиб қолганлари ва биз оғзига сув томизиб ўтирганимиз йўқ. Ўлимларини пойламадик. Яхши ўлим топдилар. Елдай келиб, селдай олиб кетди, дейишади-ку! Қандай вафот этганларини билмай ҳам қолдик. Ўтиргандилар. Токи овқат бериб орқага қарагунча «ҳуҳ» деб жон чиқди-қўйди. Жудаям чиройли бўлиб кетдилар.
Бутун бошли театр аҳли келди. Ёдгор Саъдиев бошчилигида икки кун шу ерда бўлишди. Тумонат одам келди, ҳатто кўчага сиғмай кетди. Ҳозир ҳам одамларнинг қадами тингани йўқ.
Энг қизиқари, лол қолдирган жойи бошқа маҳалладан – Қибрай туманининг «Маҳалла» деган жойидан олти нафар эр-хотинлар келишди. Биз Тўлқин акани жудаям яхши кўрардик, у кишининг овозини эшитиб катта бўлганмиз, дейишди. Дадам ўтирган жойларни сўраб, кўрпачаларни бирам силашдики, ўзимиз ҳайрон қолдик.
Тўлқин Тожиевнинг битта ўзи яшамасди, фарзандлари, невара-чеваралари доимо атрофида эди. Дадамни деб Америкада яшайдиган қизлари, куёвлари бола-чақаси билан кўчиб келишганди. Дадамни еру кўкка ишонмай шундай қарадикки, яқинларимиз буни очиқ эътироф этишди. Ювувчи ҳам алоҳида айтди: шу қадар тоза одам эканки, қандай қарагансизлар, на ҳид бор, на тирноқ ўсган, деди.
Дадам жума куни вафот этдилар. Намоздан сўнг соат 13.40 да жонлари узилди. Вафотларини эшитиб, тумонат одам бўлиб кетди. Бир кун қолдирмаймиз, жойларига қўямиз, дейишди. 1936 йил 13 апрелда туғилган бўлсалар, 2024 йил 13 декабрда 88 ёшда вафот этдилар.
Жудаям ажойиб инсон эдилар. Ҳамза театрида ишлаганлар, биласиз, тўғри сўз, ҳақиқатгўй бўлганлар. Ҳеч кимдан қарз олмаганлар. Ўзгача инсон эдилар. Менинг овозимни ҳеч ким қилолмайди, дердилар.
Охирги кунларида ҳамкасбларини кўп эслаб гапирдилар. Ҳеч қачон бир ўзлари қолиб кетмади. Дунёнинг машҳур одамлари билан учрашганлар. Казо-казолар билан, Раж Капур билан қўл бериб кўришиб, битта столда гаплашганман, дердилар. Армен Жигарханян, ўзимизнинг машҳур санъаткор Тамархонимлар билан суҳбат қурганлар. Обид Юнусов, Турғун Азизов, Ёқуб Аҳмедов, Яйра Абдуллаевалар билан бирга ишлаганлар. Навоийшунос олима Суйима Ғаниевани кўп эслардилар.
Ҳозирги актрисалардан Вазира Юнусованинг истеъдодини юқори баҳолардилар. Ролларини кузатардилар. Вазирада ҳаммаси – комедия ҳам, фожиа ҳам табиий, дердилар.
Дадам ажойиб ва ғаройиб инсон эдилар. Дунёга бир келдилару кетдилар. Менимча, бошқа Тўлқин Тожиев туғилмайди. Жойлари жаннатда бўлсин. Кунларимиз яхши бўлсин.
Анвар Намозов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter