Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

33 йилгина яшаб 33 та альбом чиқарган ҳофиз Аҳмад Зоҳирни ёд этиб...

33 йилгина яшаб 33 та альбом чиқарган ҳофиз Аҳмад Зоҳирни ёд этиб...

«Афғон санъати қироли». «Афғон булбули». «Афғон Элвис Преслиси». «Тенгсиз қўшиқчи». «Шарқ олмоси». «Қалблар султони». «Шарқнинг олтин овози». «Форсча қўшиқлар шоҳи» ...

Бу таърифларнинг барчаси битта санъаткорга, бор-йўғи 33 йил яшаб, афғон санъатини дунёга танитиб кетган Аҳмад Зоҳирга тегишли. Унинг қўшиқлари ҳали ҳам машҳур. Ҳали ҳам унинг қўшиқлари афғон радио ва телеканаллари орқали ҳар куни қўйилади. Ҳали ҳам унинг суратлари энг кўп сотилади. Аҳмад Зоҳирнинг қўшиқларини бутун дунёда, Ўзбекистонда ҳам севиб эшитишади, куйлашади. Санъаткор ҳаёт бўлганида 72 ёшга кирган бўларди...

Бахтли кун − 14 июнь

Аҳмад Зоҳир 1946 йилнинг 14 июнида Кобул шаҳрида туғилди. Отаси, Нью-Йоркдаги Колумбия университетини битирган Абдул Зоҳир шоҳ саройининг доктори эди. У турли йилларда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири, Бош вазир, парламент раиси бўлган, 1964 йилда ёзилган Афғонистон конституциясининг муаллифларидан бири, Зоҳиршоҳ даврида нуфузли шахс эди.

Аҳмад 1960-йилларда Кобулнинг Ҳабибия мактабида ўқир экан, Умар Султон, Фарид Заланда, Кабир Ҳувайдо сингари дўстлари билан гуруҳ тузиб, аккордеон чалиб, қўшиқ айтар эди. Уларнинг гуруҳи кейинчалик «Ҳабибия мактаби гуруҳи» сифатида Наврўз ва ҳайит байрамларида, Афғонистоннинг мустақиллик куни байрамларида чиқиш қила бошлади.

Мактабдан сўнг ўқитувчилар коллежини битиргач, инглиз тили муаллими даражасини олиш учун икки йил Ҳиндистонда ҳам ўқиди. Аммо ўша ерда унинг йўли санъат эканига амин бўлди. Аҳмад Зоҳир Ҳофиз, Саъдий, Бедил, Мавлоно Румий, Жалолиддин Балхий каби машҳур форс шоирларининг ғазалларини куйлай бошлади. Биринчи қўшиғи «Менга бир қиё боқ» уни профессионал қўшиқчи сифатида танитган бўлса, кейинчалик «Оҳиста-оҳиста», «Ҳамма менинг дўстим», «Дарё-дарё», «Сени соғиндим» каби ўнлаб қўшиқлари машҳур бўлиб кетди. Аҳмад Зоҳир саксофончи Исмоил Азимий, трубачи Нангилай, барабанчи Абдулла Эътимодий, Найнавоз, Таронасоз, Салим Сармаст, Машҳур Жамол каби ўша даврнинг энг машҳур созандалари билан ишлади. Бир неча марта «Йилнинг энг яхши қўшиқчиси» деб топилди.

Унинг овози жуда ёқимли бўлиб, қўшиқлари оташин эди. Гоҳ қалб изтиробларини куйласа, гоҳ Афғонистон ҳукумати сиёсатини танқид қилувчи қўшиқларни куйларди. Шунинг учун ҳукумат унинг кўп ёзувларини йўқотиб юборишга ҳаракат қиларди.

Энг сермаҳсул қўшиқчи

Аҳмад Зоҳир узоғи билан ўн йил ижод қилди. Аммо шу қисқа фурсатда 30 дан ортиқ альбом чиқарди. Дарий, пуштун, ҳинд, инглиз тилларида қўшиқлар куйлади. Дунёда бу борада унга тенг келадиган санъаткор йўқ. Йилига учтадан, баъзан тўртта альбом чиқариш ҳалигача ҳеч кимга насиб қилмаган. Қўшиқчилар қироли бундан эллик йил бурун, ҳозирги шароитлар, эндиги чолғу асбоблари-ю компьютерлар, замонавий овоз ёзиш студиялари бўлмаган замонда баъзи альбомларини бор-йўғи бир кунда ёзиб битирган. 14-15 та қўшиқни жонли ижрода, созандалар жўрлигида бир кунда ёзиб тугаллашни тасаввур қилиб кўринг. Бунча қўшиқни ҳозир қўшиқчилар бир йил давомида ҳам ёза олишмайди.

Аҳмад Зоҳирнинг шуҳрати бутун дунёга ёйилгани учун ҳам Афғонистонда қўшиқчилик санъатига эҳтиром ортди. Қўшиқчиликни муқаддас касблардан бири сифатида ардоқлайдиган бўлишди. Айнан Аҳмад Зоҳир мактаби сифатида Кобул мусиқа мактаби фаолият бошлади.

Имкониятлар бугунгидек бўлмагани учун ҳам Аҳмад Зоҳирдан фақат иккитагина видеоёзув қолган, холос. Булар ўзбек шинавандаларига яхши таниш бўлган «Лайлижон» (1976) ва «Худо бувад ёре» («Худо ёринг бўлсин» 1977) қўшиқлари.

Аҳмад Зоҳирни форсийзабон мамлакатлар бирдек севишар, концерт беришга чақиришар эди. Уни Покистон, Эрон, Ҳиндистон, Тожикистонда ҳам севар эдилар. Аҳмад Зоҳир Россияда ҳам концерт берган, Россия телевидениеси уни намойиш қилган эди.

Унинг қўшиқларини барча мамлакатлар, ҳатто Ғарбда ҳам куйлашади, оҳанглари асосида қўшиқлар яратишади. Ўзбек шинавандалари Ўзбекистон халқ артистлари Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов, Насиба Абдуллаева, Мардон Мавлонов ва бошқа кўплаб хонандалар ижросида Аҳмад Зоҳир қўшиқларини тинглашган. Унинг қўшиқларини энг кўп куйлаган қўшиқчи Абрам Толмасовдир.

О, муҳаббат!

Аҳмад Зоҳирни севмаган қиз Афғонистонда йўқ эди десак, муболаға бўлмас. Қизлар уни бир кўришни орзу қилишарди. Оддий қизлар ҳам, катта амалдорларнинг қизлари ҳам. Аҳмад Зоҳирнинг елкасига тушиб турадиган зулукдек сочларига шайдо бўлган афғон қизлари бозордаги энг қимматбаҳо матони «Кокули Аҳмад Зоҳир», яъни «Аҳмад Зоҳирнинг сочлари» деб номлашган эди.

Ўша пайтда Бош вазир бўлган Ҳафизулла Аминнинг ҳуснда тенгсиз қизи ҳам Аҳмад Зоҳирга ошиқ бўлиб қолган, унинг барча концертларида олдинги қаторда ўтирар эди. Аҳмад Зоҳир ҳам бу гўзал қизни севиб қолди.

Аҳмад Зоҳирнинг қизи билан муносабатларидан хабар топган, ўзининг шафқатсизлиги билан ном қозонган диктатор Амин қўшиқчини ҳали ҳеч ким тирик қайтмаган Кобулнинг Пули Чархи қамоқхонасига тиқиб юборишни буюрди. 1970-йилларнинг охирида Афғонистонда репрессия авж олган, минглаб одамлар ҳеч қанақа судсиз, сўроқсиз отиб юборилаётган таҳликали давр эди. Аҳмад Зоҳирни ҳам ана шу тақдир кутаётган эди. Уни яна муҳаббат омон сақлади.

Яқин қариндошининг тўйида Аминнинг қизи фақат ва фақат Аҳмад Зоҳир куйлашини талаб қилди. Аминнинг одамлари Аҳмад Зоҳирни қамоқхонадан олиб келишга мажбур бўлишди. Бир нечта қўшиқ куйлаган Аҳмад Зоҳирни тўйдан тўғри қамоқхонага олиб кетмоқчи бўлишганда Бош вазирнинг қизи катта тўполон кўтаришини айтиб, уларни қўрқитди ва Аҳмад Зоҳир қамоқхонага қайтмади.

Бош вазир битта шарт қўйди: Аҳмад Зоҳир тезда уйланади ва улар бошқа кўришмайдилар!

Аҳмад Зоҳир шундан кейин оила қурди.

Совет махсус хизмати ходимлари шоҳни ўлдириб, ўзи шоҳ бўлиб олган Ҳафизулла Аминни отишди, оила аъзолари эса айнан Пули Чархи қамоқхонасига тиқилди...

Аҳмад Зоҳир нафақат машҳур қўшиқчи, балки ўз давридан анча илгарилаб кетган мода вакили эди.

Бахтсиз кун – 14 июнь

Аҳмад Зоҳир айнан туғилган кунида, 1979 йилнинг 14 июнь куни Саланг довонида автоҳалокат туфайли нобуд бўлди.

Ўша куни Кобул кўчаларида ҳаракат тўхтади. Барча таълим муассасаларида ўқиш, барча корхоналарда иш тўхтади. Афғон халқи эрка қўшиқчиси Аҳмад Зоҳир билан видолашгани чиқди. Уни халқ бугунги кунга қадар зиёрат қилаётган «Солиҳ шаҳидлар» қабристонига дафн этишди.

Ҳукумат сиёсатини хушламайдиган Аҳмад Зоҳирни Бош вазирнинг одамлари ўлдиришгани ҳақида шов-шувлар кўпайди. Машинада бўлганлардан фақатгина Аҳмад Зоҳир ҳалок бўлгани, жасад ўрганган жарроҳлар кейинчалик унинг бошида ўқ қолдирадиган думалоқ тешик бўлганини ҳам айтишгани миш-мишлар, бу фожиа режалаштирилган қотиллик экани тўғрисида гумонлар кўпайишига сабаб бўлди.

Ўлимидан сўнг Аҳмад Зоҳир миллий қаҳрамонга айланди. У ҳақида афсоналар тўқишди.

33 ёшида ҳалок бўлган Аҳмад Зоҳирдан 33 та мусиқий альбом қолди...

Ҳар йили 14 июнь куни бу қабр атрофи одамларга тўлади. Аммо йил бўйи қабридан гул узилмайди, гарчи уруш бўлиб турган бўлса ҳам...

Аҳмад Зоҳир авлодлари

Аҳмад Зоҳирнинг отаси Абдул Зоҳир ўғлидан сўнг икки йилгина яшади. Аҳмад Зоҳирнинг синглиси Америкада. У Оқ уйда сартарошлик қилади. Ота-бола Бушларга сартарошлик қилган. Аҳмад Зоҳирнинг хотини ва ўғли Ришод ҳам Америкада яшайди. Ришод Зоҳир худди икки томчи сувдек Аҳмад Зоҳирга ўхшайди. Аҳён-аҳёнда отаси каби қўшиқ айтиб туради.

Кобулнинг марказидаги Аҳмад Зоҳир яшаган уйда собиқ советларнинг фирмаси жойлашган эди. Ҳозир бу уйнинг ҳовлиси автомобилларнинг кондиционерларини тузатадиган устахона...

Сўнгсўз ўрнида

«Дунё тез ўтиб кетади», — дейди афғонлар. Вақт деган шафқатсиз қўл миллионлаб оддий инсонлар ҳақидаги хотираларни ўчириб юборади. Аммо у Аҳмад Зоҳир каби машҳур инсонлар ҳақидаги хотираларни асло ўчира олмайди.

Тингланг, Аҳмад Зоҳир куйлаяпти. «Боз омадам», яъни «Мен яна келдим» деб куйлаяпти. Бу овоз ўз соҳибининг умрига зомин бўлганларни асло тинч қўймайди.

У бугун яна келди.

У қалбларимиздан ҳеч қачон кетмайди...

Тингланг, «Эй сорбон, оҳиста юр, оромижоним борадур» деб куйлаяпти ҳофиз. Миллионлаб мухлислар карвонининг қалбида кетиб бораяпти Аҳмад Зоҳирнинг ўзи...

Аҳмад Зоҳир мусиқий альбомлари:

  1. «Гулбадан» (1971);
  2. «Ҳиндча қўшиқлар» (1971);
  3. «Жамолинг» (1971);
  4. «Афғонча қўшиқлар» (1972);
  5. «Агар баҳор келса» (1972);
  6. «Дил дарди» (1972);
  7. «Дилим» (1973);
  8. «Баҳор» (1973);
  9. «Жамолинг шайдосиман» (1973);
  10. «Зулмат кечалари» (1974);
  11. «Аҳмад Зоҳир ва Найнавоз» (1974);
  12. «Она» (1974);
  13. «Дайди» (1975);
  14. «Шарқ олмоси» (1975);
  15. «Ёшлик гулдастаси» (1975);
  16. «Ой ғуломи» (1975);
  17. «Қалбим султони» (1976);
  18. «Бир нозанин ғами» (1976);
  19. «Чаённинг ниши» («Кажаки») (1976);
  20. «Бевафо ёр» (1977);
  21. «Лайли» (1977);
  22. «Гул мавсуми» (1977);
  23. «Лайлижон» (1977);
  24. «Ўзинг биласан» (1977);
  25. «Аҳмад Зоҳир юлдузи» (1977);
  26. «Аҳмад Зоҳир ва Жила» (1978);
  27. «Дил рози» (1978);
  28. «Менга» (1978);
  29. «Ҳаёт оҳанглари» (1978);
  30. «Ёшлик қўшиқлари» (1978);
  31. «Ҳаёт» (1979);
  32. «Ёд этаман» (1979);
  33. «Ҳижрон кечаси» (1979, ўлимидан сўнг чиққан).

 Аҳмад Зоҳир қўшиғи

Ошиқ бўлибсан, эй дил

(Афғончадан Тўра Мурод таржимаси)

Ошиқ бўлибсан, эй дил, савдолар қутлуғ бўлсин,

Шайдо бўлибсан, эй дил, ғавғолар қутлуғ бўлсин,

Оёғингга занжирлар, балолар қутлуғ бўлсин!

 

Кўзингдан тўкдинг гавҳар, сийнангдан оқар шарар,

Қонини тўкди жигар, тўкилди лаъл, ёқут, зар.

Доро бўлибсан, эй дил, дунёлар қутлуғ бўлсин!

 

Гоҳ оқилу фарзона, гоҳ беҳушу девона,

Гоҳ масжидда парвона, гоҳо жойинг бутхона,

Порсо бўлибсан, эй дил, уқболар қутлуғ бўлсин!

 

Гоҳ дарддан пинҳон куйдинг, гоҳида нолон куйдинг,

Гоҳ гулдек хандон урдинг, гоҳ мисли хазон куйдинг,

Пайдо бўлибсан, эй дил, аҳёлар қутлуғ бўлсин!

-------------------------

Сийна – кўкрак

Шарар – оташ, аланга

Доро – Аҳмонийлар сулоласининг подшоҳи

Фарзона − доно, ақлли, олим

Порсо – тоза, покиза, диндор, художўй

Уқбо – охират

Аҳё – тирилиш

Эй сорбон

(Бу қўшиқни форсийда Аҳмад Зоҳир куйлаган, қуйидаги видеолавҳа орқали томоша қилишингиз мумкин. Ўзбекчасини биз Шерали Жўраев ижросида тинглаганмиз)

Эй сорбон, оҳиста юр, ороми жоним борадур,
Тандин дилу жоним олиб, ул дилситоним борадур.

Қолурму мен олис бўлиб, бечора-ю маъюс бўлиб,
Қалбим фироқ тиғи тилиб, то устухоним борадур.

Дердим қилиб найранг-фусун, сиррим этай пинҳон бу кун,
Пинҳон бўлолмас чунки хун дилдан ниҳоним борадур.

Саркаш нигоримдан жудо, айшу қарорим бебақо,
Манқалда оташдек қаро дуд бирла қоним борадур.

Чексам-да зулм бедодини, ҳам ваъдалар барбодини,
Кўксимда тутгум ёдини, токи забоним борадур.

Тўхтат бир оз, эй сорбон, карвонни қилма тез чунон,
Сарви равон ишқида жон — руҳи равоним борадур.

Қайт, кўзларимга қўй оёқ, эй дилфириб, кетма йироқ,
Эй нозанин, кўкка бу чоқ оҳу фиғоним борадур!

То субҳки, уйқу билмадим, носиҳни кўзга илмадим,
Аммо атайлаб қилмадим — қўлдан иноним борадур.

Сабр айла дер менга жарас, ёр васлини қилма ҳавас,
Бу менга лойиқ иш эмас, чун хонумоним борадур.

Ундай чиқар жону бу тан, сабил қолур деб кўп сухан,
Тинглаган эрдим, энди ман кўрдимки, жоним борадур.

Қилма фиғон, эй Саъдиё, ҳеч арзимас ул бевафо,
Тоқатни қўймас бу жафо, ақлу имоним борадур.

Саъдий Шерозий

Эй сорбон

(Форсийда)

Эй сорбон, оҳиста рон, к-ороми ҷонам меравад,

В-он дил, ки бо худ доштам бо дилситонам меравад.

Ман мондаам маҳҷур аз у, бечораву ранҷур аз у,

Гуӣ , ки неше дур аз у, дар устухонам меравад.

Гуфтам ба найрангу фусун пинҳон кунам рози дарун,

Пинҳон намемонад, ки хун бар остонам меравад.

Маҳмил бидор, эй сорбон, тундӣ макун бо корвон,

К-аз ишқи он сарви равон, гуӣ, равонам меравад.

У меравад доманкашон, ман заҳри танҳоӣ чашон,

Дигар мапурс аз ман нишон, к-аз дил нишонам меравад.

Баргашт ёри саркашам, бигзошт айши нохушам

Чун мичмаре пуроташам, к-аз сар духонам меравад.

Бо он ҳама бедоди у, в-ин аҳди бебунёди у,

Дар сина дорам ёди у ё бар забонам меравад.

Боз ою дар чашмам нишин, эй дилситони нозанин,

К-ошубу фарёд аз замин бар осмонам меравад.

Шаб то саҳар менагнавам в-андарзи кас мешнавам,

В-ин раҳ на косид меравам, к-аз каф инонам меравад.

Гуфтам: бигирям, то ибил чун ҳар фуру монад ба гил,

В-ин низ натвонам, ки дил бо корвонам меравад.

Сабр аз висоли ёри ман, баргаштан аз дилдори ман,

Гарчӣ набошад кори ман, ҳам кор аз онам меравад.

Дар рафтани ҷон аз бадан гуянд ҳар навъе сухан,

Ман худ ба чашми хештан дидам, ки ҷонам меравад.

Саъдӣ, фиғон аз дасти мо, лоиқ набуд эй бевафо,

Тоқат намеорам ҷафо, кор аз фиғонам меравад.

[Саъдӣ]

Қуйида ҳофиз ижросидаги «Эй сорбон» қўшиғини тингланг

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг