Зангиотадаги ковид-касалхонада беморлар кўпайиб кетди
Ижтимоий тармоқларда Зангиотадаги коронавирусга чалингани гумон қилинган беморларни даволашга мўлжалланган юқумли касалликлар шифохонаси коридорлари одамлар билан тўла экани, тартибсиз муҳит юзага келгани, ҳар ёқдан йўтал овозлари эшитилаётгани акс этган видеоёзувлар тарқалди.
Видеоёзувлардаги ҳолат ҳақиқатан ҳам Зангиотадаги касалхонада юз бергани, бундай ҳолат 1 июль куни соат 19:00 атрофида кузатилганини тасдиқланди. Бу ҳақда шифохона директори Дониёр Миразимов «Дарё»га маълум қилган.
«Беморлар оқими кескин ошиб кетганлиги ва улар сараланмагани, барча беморларнинг МСКТ, рентген, ПЗР анализларини олиб, саралаш учун кўп вақт ва ресурс талаб этилгани сабабли шундай тирбандлик пайдо бўлган», — дейди шифокор.
Унинг қўшимча қилишича, видеода акс этган ҳолат («тирбандлик») соат 22:00 га келиб бартараф этилган, бунинг учун барча бўлим мудирлари, катта ҳамширалар ва бўш персонал ёрдамга сафарбар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда аввал ёпилган учта ковид-марказ яна очилгани хабар қилинганди.
ССВнинг кунлик статистикасига кўра, Ўзбекистонда беш юзга яқин кишида коронавирус инфекцияси аниқланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter