«Ёшгина олим пандемия қурбони бўлди» – ҳамкасби Андрей Кубатинни хотирлади
Куни кеча тарихчи олим Андрей Кубатин коронавирусдан вафот этгани хабар қилинганди. Журналист ва филолог Эльдар Асанов ҳамкасбини хотирлади.
«Ҳамкасбим, акам, устозим, асосийси, яхши инсон Андрей ака Кубатиндан айрилиб қолдик. Туҳмат билан қамалиб, шунча азоб тортган, энди тўлақонли ҳаёт бошлаган, PhD ҳимоясига ва катта тадқиқотларга киришган, шунча орзу-ҳаваси бор ёшгина олим, тадқиқотчи пандемия қурбони бўлди. Ўзи аранг оёқда турган ўзбек тарихчилиги, туркологияси энг забардаст вакилларидан биридан айрилди.
36 ёшида шунча билим тўплаган, юзлаб бирламчи манбалар, соҳадаги барча асосий илмий тадқиқотлар билан танишиб чиқишга улгурган, деярли барча туркий тилларни, форс, сўғд, курд, пашто, сурёний, араб каби тилларни биладиган, бошқа кўплаб тиллар ҳақида фундаментал билимга эга бу инсон мени ҳайрон қолдирарди. Ўзбекчани шевалари билан, энг майда икир-чикиригача биларди. Ҳавас қилардим, билим томондан ундан ошиб кетишга уринардим. Энди ҳеч қачон ошиб кетолмайман.
Андрей ака билан кўп маслаҳатлашардим, кўп нарса сўрардим. У киши ҳам мендан маслаҳат сўраб турарди. Бир-биримизнинг тадқиқотларимизга ёрдам берардик. Охирги пайтларда у киши илк ўрта асрлар уйғур ҳужжатларини, хитойча манбаларни оригиналда ўқиётган, форсча манбаларни таржима қилаётган эди. Бу ўзбек фанига ҳам, Андрей аканинг оиласига ҳам, биз яқинларига ҳам кутилмаган ва жуда оғир зарба бўлди. У кишининг ўрнини фанда ҳам, бизнинг ҳаётимизда ҳам ҳеч ким тўлдиролмайди энди.
Андрей аканинг хотирасини абадийлаштириш, меросини асраш, қолиб кетган ишларини давом эттириш – қўлимиздан келадиган энг майда, арзимас иш. Ҳеч бўлмаса шунга ярасак, бироз таскин топамиз», деб ёзади Эльдар Асанов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter