Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна мактаб сабабчими? Норвегияда ўсмирлар орасида коронавирусга чалинганлар сони кўпаймоқда

Яна мактаб сабабчими? Норвегияда ўсмирлар орасида коронавирусга чалинганлар сони кўпаймоқда

Фото: «News.yandex.ru»

Норвегия бош вазири Эрна Сульберг жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида охирги пайтларда 13-19 ёшлардаги ўсмирлар орасида коронавирусга чалинганлар сони кўпаяётганидан хавотирга тушганини билдирди, дея хабар берди NRK телерадиокомпанияси.

Ўтган бир кеча-кундузда Норвегияда 710 та коронавирус ҳолати қайд этилди. Бу пандемия бошлангандан бери кунлик рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Энг кўп касалланишлар ҳолати Осло, Драммен ва Бергенда кузатилган.

«Касалланиш, айниқса, 13-19 ёшлардаги одамлар орасида кўпайган», — дея маълум қилди телекомпания.

«Шуни таъкидлаш керакки, ўсмирлар ҳам ўзларини эҳтиёт қилишлари керак. Биз кекса авлод ва бошқа заиф гуруҳларга кўпроқ ғамҳўрлик қиляпмиз», — деди Сульберг.

Унинг таъкидлашича, энг кўп касалланишлар сони катта ёшдаги ўсмирлар орасида кузатилмоқда.

Норвегиядаги айрим коммуналар мактабларни ёпишни ва болалар боғчасидаги иш вақтини камайтиришни афзал кўришди. Бироқ бутун мамлакат бўйлаб бундай чора кўрилмади.

Ўтган ҳафта Сульберг Норвегия аҳолисига уйда қолиш ва ижтимоий алоқани чеклашни сўраб мурожаат қилди. Мамлакатда бир қатор қатъий чекловлар жорий этилган.

«Кеча тинч пайтда тарихда энг қатъий чекловларни жорий этганимизга саккиз ой бўлди. Мен бунинг қийин эканлигини тушунаман, бироқ ҳаммани бўш келмасликка чақираман. Биз биргаликда ҳамма тўсиқларни енгиб ўтоламиз», — деди бош вазир.

Соғлиқни сақлаш вазири Бент Хёйе олти ҳафта қолган рождество байрамларини ўтказиш даврида ҳам чекловлар сақланиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

«Умид қиламизки, кўрилган чоралар ўша вақтгача ўз самарасини беради», — деди у.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг