Хитой бозорлари коронавирус тарқалишининг янги ўчоғига айландими?
Пекиндаги энг катта улгуржи бозорларидан бири бўлган «Синьфади»нинг 10 мингдан ортиқ ходими COVID-19 га тест топширишига тўғри келади. Чунки импорт қилинган лососни бўлиш тахтасида коронавирус чиқди, деб ёзади «Синьцзинбао» газетаси.
Пайшанба куни Пекинда қарийб икки ой ичида илк бор COVID-19 ҳолати қайд этилганди. Охирги пайтларда пойтахтдан ташқарига чиқмаган, лекин «Синьфади» бозорига борган 52 ёшли киши коронавирусга чалинди. Жума куни маъмурлар Хитой гўшт маҳсулотларини ўрганиш марказида ишлайдиган ва Фэнтай ҳудудида истиқомат қиладиган яна икки нафар кишининг вирусни юқтирганлигини маълум қилишди. Улардан бири охирги икки ҳафта ичида Циндао шаҳрига борган, иккинчиси эса Пекиндан ҳеч қаерга чиқмаган. Уларда коронавирус тасдиқлангандан сўнг, расмийлар эпидемиологик текширув ўтказишга қарор қилишди, натижада улар бозорларни ҳам ўрганишди.
Бозор дезинфекция ўтказиш ва текшириш учун шанба куни соат 3:00 да вақтинча ёпилди. Жума куни кечгача бозордаги мол гўшти, қўй гўшти, чўчқа гўшти, мева-сабзавотларни текширишди, бироқ улардан олинган тест намуналарида вирус чиқмади. Бозор фаолиятини тиклаш вақти алоҳида эълон қилинади.
«Синьфади» бозори Пекин дўконлари ва умумий овқатланиш муассасаларини 90% мева-сабзавот билан таъминлайди. Янги мева-сабзавотлар танқислиги келиб чиқмаслиги учун Фэнтай маъмурлари вақтинча бозор ташқарисида савдо қилиш учун махсус ҳудудларни ташкил этди. Ушбу савдо-сотиқ жойларида фақат яқиндагина олиб келинган ва бозорга туширишга улгурмаган маҳсулотлар сотилади. Бозордаги маҳсулотлар эса вақтинча тамғалаб қўйилди.
Газетанинг ёзишича, соат 2:30 дан бошлаб бозорга кириш тўлиқ ёпилган, кириш эшиги олдида озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган кўплаб юк машиналари тўпланиб қолди, улар бозор ҳудудига кира олишмаган.
Умуман олганда, эпидемиологик текширув ўтказиш мақсадида Пекиннинг турли жойларида олтита улгуржи бозор вақтинча ёпилди: «Синьфади» бозори, «Цзиншэнь» денгиз маҳсулотлари бозори, «Шуньсинь Шимэнь» бозори, «Сунъюй Дунли», «Дунсыцюй» ва «Ваньсин» қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter