«VIP-вакцинация» соғлиқни сақлаш вазирини истеъфога чиқарди — Аргентина
Аргентина соғлиқни сақлаш вазири Хинес Гонсалес Гарсия истеъфога чиқди. «VIP-вакцинация» — ҳукуматга яқин шахслар навбатдан ташқари эмланаётгани катта можарога сабаб бўлди. Гонсалес Гарсия ўз истеъфоси ҳақида «Twitter»да ёзди.
Шу пайтгача Гонсалес Гарсиянинг ўринбосари бўлиб ишлаб келган Карлос Виссотти соғлиқни сақлаш бўйича янги вазир этиб тайинланди.
Аргентинада «VIP-вакцинациялаш» кетаётгани 71 ёшли журналист Орасио Вербицкий «Destape» радиосидаги эфирда коронавирусга қарши вакцина олиш учун «ўзининг эски дўсти» вазирга қўнғироқ қилганини айтганидан сўнг маълум бўлганди.
Кейинроқ «Clarin» нашри вакцинани навбатсиз оладиган амалдорлар рўйхатини чоп этди: ҳаммаси Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан эмланиш истагини билдирганлар.
Аргентина президенти Алберто Фернандес давлат раҳбарлари орасида иккинчи бўлиб «Спутник V» вакцинаси билан эмланганди.
Эслатиб ўтамиз, Аргентинада 2020 йилнинг декабрида «Спутник V»га рухсат берилган. Шунингдек, мамлакатда «Pfizer/BionTech» вакцинаси ҳам рўйхатдан ўтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter