Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркияда комендантлик соати. Аҳоли нонни қаердан олади?

Туркияда комендантлик соати. Аҳоли нонни қаердан олади?

Коронавирус эпидемиясига қарши кураш доирасида Туркиянинг 31 та шаҳрида комендантлик соати жорий этилди. Ички ишлар вазирлиги қарорига кўра, 10 апрель соат 00:00 дан бошлаб 12 апрель соат 00:00 гача – 48 соат мобайнида кўчага чиқиш тақиқланади.

Мазкур қарор шанба ва якшанба кунлари об-ҳавонинг исиши туфайли аксар фуқароларнинг уйда қолиш чақирувига риоя қилмаслик эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги касаллик янада кенг тарқалиши олдини олишда фуқароларнинг уйда қолиши муҳим эканини уқтирмоқда.

Истанбулнинг машҳур Истиқлол кўчаси шу кунларда ҳувиллаб қолган. Фото: «Anadolu Ajansı»

Комендантлик соати мамлакатнинг Анқара, Истанбул, Измир, Кўнё, Адана каби йирик шаҳарларида ҳам амал қилмоқда.

Тиббий воситалар ва дори-дармон ишлаб чиқарувчи корхоналар, шифохона, озиқ-овқат дўкони ва новвойхоналар ишлашига рухсат берилган.

Комендантлик соати кучга кириши арафасида дўкон ва новвойхонларида навбатлар кузатилган.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, эндиликда давлат идоралари комeндантлик соати мобайнида аҳолига озиқ-овқат ва кундалик маҳсулотларни уйигача етказиб бeрмоқда. Айни чоқда, мамлакат бўйлаб новвойхоналар ва махсус кўнгиллилар гуруҳи томонидан хонадонларга нон етказиб берилмоқда.

Комендантлик соати новвойхоналар фаолиятига дахл қилмайди. Фото: «Yeni Şafak»

Туркия ҳукумати 3 апрелдан йирик шаҳарларга транспорт воситалари кириши ва чиқишини тақиқлаган эди. Қолаверса, 20 ёшдан кичикларнинг уйларини тарк этиши ҳам ман этилди.

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон топшириғига кўра, тиббий ниқобларни сотиш тақиқланди. Мамлакат бўйлаб ҳар бир фуқарога бир ҳафтада 5 донадан ниқоб ва антисептик беғараз тарқатилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда 52167 киши коронавирус юқтиргани қайд этилган. Улардан 2965 нафари буткул соғайган бўлса, 1101 киши инфекция туфайли вафот этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг