Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туман ва шаҳарлар «қизил», «сариқ» ва «яшил» ҳудудларга ажратилади

Туман ва шаҳарлар «қизил», «сариқ» ва «яшил» ҳудудларга ажратилади

Фото: Xabar.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май куни карантин шароитини янада енгиллаштириш ва иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда Республика комиссиясига хизмат кўрсатиш турларини қайси ҳудудларда ва қандай шартлар асосида йўлга қўйишни белгилаш топширилди.

Йиғилишда карантин чоралари енгиллаштириладиган ҳудудларни белгилаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳарнинг карантин даражасини белгилаш, жойлардаги вазият ўзгаришига қараб, тезкорлик билан карантин даражаларини янгилаб бориш вазифаси қўйилди.

Жумладан, туманлар  ва шаҳарлар «қизил» (юқори хавфли), «сариқ» (ўрта хавфли) ва «яшил» (хавфсиз) ҳудудларга ажратилади.

23 апрель куни тасдиқланган пандемия даврида вақтинчалик санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормаларга риоя этиш зарурлиги таъкидланди.

Карантиндан кейин иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлар барқарор фаолият юритиб кетиши учун шароит яратишни ҳозирдан бошлаш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тармоқ раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ва банклар билан бирга 1 июнга қадар корхоналарга кўрсатиладиган ёрдам турлари ва миқдорини аниқлаб, ҳар бир корхона бўйича Инқироздан кейинги манзилли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилди. Ушбу режада корхоналарга айланма маблағлар учун қўшимча кредитлар бериш, экспорт мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш, томорқа ва иссиқхоналар учун давлат томонидан бериладиган субсидиялар миқдорини оширишга устувор аҳамият берилади.

Видеоселектор йиғилишида солиқ тушумларини таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Жорий йилнинг январь-апрель ойларида бу борадаги прогноз 102,7 фоизга бажарилган. Бундан буён бюджетга тушумлар сезиларли равишда ортиб бориши қайд этилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам яна бир бор эътибор қаратилиб, аҳолини асосий турдаги маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари белгиланди.

Видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар ва ҳокимлар ахборот берди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг