Токиода Олимпиада қишлоғи шифохона сифатида фойдаланилиши мумкин
Спортчилар учун Токиода қурилаётган Олимпиада қишлоғи вақтинча коронавирусга чалинган беморларга шифохона тарзида берилиши мумкин, дейди ўз хабарида «Ассошиэйтед Пресс».
24 та бинодан иборат қишлоқ 11 минг олимпиадачи-спортчи ва 4,4 минг паралимпиадачи ва бошқа ходимларга мўлжалланган. Олимпиада қишлоғи яқин 16 ой мобайнида бўш ётади. Негаки Токио-2020 ўйинлари коронавирус пандемияси туфайли 2021 йилга қолдирилди.
Токио губернатори Юрико Коикэ бу қишлоқ коронавирусга чалинган беморларни жойлаштириш мумкин бўлган вариантлардан бири эканини айтди. Шунингдек, ҳукумат ушбу мақсадда меҳмонхоналарни ҳам сотиб олиши мумкин.
Японияда ҳозиргача 3508 та юқтириш ҳолати аниқланган. Жумладан, 712 нафар одам вирусни февраль ойи Япония соҳилларида карантинда ушланган «Diamond Princess» круиз кемасида юқтириб олишган. 84 киши вафот этди, 72 нафари оғир ҳолатда, 1124 киши тузалиб, шифохонадан чиққан. Япония Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, янги коронавирус инфекциясини жами 229,5 минг киши юқтириб олиш эҳтимоли бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter