Словакия президенти кутилмаганда карантинга кетди
Словакия президенти Зузана Чапутова ходимларидан бири COVID-19 га чалинган бемор билан мулоқотда бўлгани учун карантинга кетди. Бу ҳақда бугун, яъни 24 июнь куни «HN Slovensko» портали хабар берди.
«Президент режалаштирилган тадбирларни бекор қилди ва жума кунигача (26 июнгача — таҳририят) карантинда қолади», — дея маълум қилди давлат раҳбари матбуот котиби.
Словакия соғлиқни сақлаш вазири Марек Крайчининг сўзларига кўра, президент коронавирусга тест топширган, натижаси кутилмоқда.
Ўтган бир кеча-кундузда республикада 18 та COVID-19 билан боғлиқ янги ҳолат қайд этилди. Бу ўтган икки ой давомида рекорд ўсиш ҳисобланади, дея таъкидлаган «Dennik».
Мамлакатда коронавирус бўйича чеклов чоралари апрелдаёқ бекор қилина бошлаган. Масалан, 22 апрель куни озиқ-овқат бозорлари, автосалонлар, дўконлар ва аҳолига хизмат кўрсатиш муассасалари фаолияти тикланди.
Ҳукумат чеклов чораларини ҳар икки ҳафтада босқичма-босқич бекор қилишга ваъда берган.
«Worldometer» маълумотларига кўра, 24 июнга келиб Словакияда 1,6 минг кишида COVID-19 қайд этилган бўлиб, 28 нафари вафот этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter