Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сайёрамизда ҳар ўнинчи одам коронавирусга чалинган — ЖССТ

Сайёрамизда ҳар ўнинчи одам коронавирусга чалинган — ЖССТ

Фото: «Интерфакс»

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемия бошланганидан бери Ер аҳолисининг ўндан бир қисми коронавирусга чалинган деб ҳисобламоқда.

Қайд этилган ҳолатлар бўйича расмий статистика (35 миллион) ҳақиқий вазиятни акс эттирмайди, бунга ташкилотнинг ишончи комил. Айни пайтга келиб вирусни юқтиришлар сони Шимолий яримшарда ва жануби-шарқий Осиёда ўсиб бормоқда.

Лотин Америкасида вазият ўта оғир. «Сиз юқори хавф зонасига киряпсиз» — бу қандайдир ядровий объект эмас, Мехикодаги бозор пештоқидаги ёзув. Ёзда ёпилган бозор дезинфекция қилиниб, янгича шароитда ишлашга мослаштирилди. Шунга қарамай, 600 та футбол майдонига тенг бозор ҳамон вирус юқтириш хавфи ўта юқори ҳудудлигича қолмоқда.

Шимолий Америкада коронавирус нималар қилаётганини таърифлаш ҳам шартмас: АҚШ ва Канада таслим бўлмаса-да, тиз чўккани бор гап.

«Кўрилаётган чоралар етарли эмас. Биз нотўғри йўлдан кетяпмиз. Шунинг учун ҳам канадаликлар ниқоб тақишлари, масофани сақлашлари муҳимлигини билишлари керак. Бу даҳшат қанчалик тез тугаши ҳар биримизнинг шахсий хатти-ҳаракатларимизга боғлиқ», — деди Канада бош вазири Жастин Трюдо.

«Бу»нинг қанчалик тез тугаши нафақат фуқаролар, балки давлатга ҳам боғлиқ. Яъни соғлиқни сақлаш бўйича сиёсатига.

«Биз айрим мамлакатларда аҳолини ёппасига вакцинациялаш эмас, балки барча мамлакатларда аҳолининг маълум қисми эмланиши тарафдоримиз. Шунда чегараларни тезроқ очиш, савдо-сотиқ, сармояларни жалб этиш мумкин бўлади. Пандемиянинг тугаши иқтисодиётни тезроқ тиклашимизга йўл очади», — баёнот берди ЖССТ раҳбари.

Аммо воқеалар ривожи иқтисодиётни тиклаш ҳақида гапиришга ҳали эрталигини кўрсатмоқда. Испания пойтахти пандемик қамалда: инфекция тарқаб кетмаслиги учун Мадридга кириш ва чиқиш икки ҳафтага тўхтатилган, дўконлар ва ресторанлар ярим кучи билан ишламоқда. Аммо касалхоналарда иш каррасига ошган, босимга дош беролмаган тиббиёт ходимлари намойиш ўтказишгача боришяпти. Улар бошқа тоифа касаллар қаровсиз қолиб кетаётганидан норози.

«Пандемия сабабли операциялар ва тадқиқотлар тўхтаб қолди. Апрель ойида саратон ёки юрак хасталиги аниқланган беморларни кўришга ҳануз улгурганимиз йўқ. Уларнинг ҳоли не кечади?», — деди тиббиёт ходимлари касаба уюшмалари вакили Хесус Гарсия.

Иккинчи карантинни жорий этган илк мамлакат — Исроилда чекловлар 14 октябргача узайтирилди. Мактаблар ёпилган, энг зарур соҳалардан ташқари деярли барча корхоналар тўхтатилган, уйга меҳмон чақириш ҳам мумкинмас, фақат оила аъзолари бўлиши талаб этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг