Саудия Арабистонида мудҳиш рекорд қайд этилди
Саудия Арабистонида коронавирусга чалинганлар сони илк бор бир кеча-кундузда 4,5 минг кишидан ошди, дея хабар берди қироллик соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Маълумотларга кўра, ўтган бир кеча-кундузда қиролликда 4507 та янги юқтириш ҳолати қайд этилган бўлиб, бу кунлик рекорд натижа ҳисобланади. Бир кун олдинги кўрсаткич 4233 тани ташкил этганди.
Саудия Арабистонида жами 132 048 кишида COVID-19 аниқланган бўлиб, улардан 87 890 нафари тузалди, 1011 киши ҳаётдан кўз юмди.
Саудия Арабистони ҳали ҳам коронавирус билан касалланганлар сони бўйича араб мамлакатлари орасида биринчи ўринда. Май ойининг охирида Саудия Арабистони ҳукумати коронавирус туфайли жорий этилган чеклов қоидалари юмшатилганини эълон қилганди. Жумладан, бутун мамлакат бўйлаб комендантлик соатлари қисқартирилди, савдо марказлари ва дўконлар очилди, Маккадан ташқари бутун қироллик бўйлаб масжидларда жума намозлари ўқила бошлади. Бироқ касалланишлар сони яна кўпая бошлагач, Саудия Арабистони ҳукумати 6 июндан бошлаб икки ҳафта давомида қиролликда катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи Жидда шаҳрида соат 6:00 дан 15:00 гача комендантлик соатларини жорий этишга қарор қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter