Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қорбобо қариялар уйида 75 кишига коронавирус юқтирди — Бельгия

Қорбобо қариялар уйида 75 кишига коронавирус юқтирди — Бельгия

Фото: «Sputniknews.com»

Бельгиянинг Антверпен провинцияси Мол коммунасида жойлашган қариялар уйида Синтерклаас костюмидаги аниматор — маҳаллий Қорбобо 75 кишига COVID-19 юқтирди. Бу ҳақда «Daily Mail» нашри хабар берди.

Тадбирда қариялар уйидаги 150 нафар киши иштирок этган. Синтерклаас ва унинг ёрдамчилари — Қора Питлар ниқобда бўлишган, аммо улар икки метрлик ижтимоий масофани сақлашмаган. Байрамдаги ҳамма меҳмонлар ҳам ниқоб тақишмаганди.

Қариялар уйига бориб келгандан сўнг Қорбобо касал бўлиб қолган. Уч кундан кейин COVID-19га топширган тести ҳам мусбат чиққан. Шундан сўнг маҳаллий тиббиёт вакиллари қариялар уйидагиларни оммавий текширувдан ўтказишга қарор қилишди.

Натижада 61 қария ва 14 муассаса ходимида COVID-19 аниқланди. Уларнинг аҳволи ҳақида хабар берилмаяпти, аммо шуниси маълумки, бир бемор кислородли терапиядан ўтишига тўғри келган.

Мол мэри Вим Кеерс беморларга ҳамдардлик билдирди. Унинг таъкидлашича, қариялар уйи маъмурияти тадбир давомида барча қоидаларга риоя этганлигини маълум қилган, бироқ иштирокчиларнинг фотосуратлари бунинг аксини кўрсатмоқда. Кеерс қариялар уйидаги нохуш ҳолатни бартараф этиш учун барча керакли тиббий ресурсларни сафарбар этишга ваъда берди.

Бельгиянинг етакчи вирусологларидан бири, Лейвен католик университети ходими Марк Ван Ранст биргина аниматор шунча одамга вирусни юқтиришига шубҳа қилмоқда. Унинг тахминига кўра, ҳодисага хонани яхши шамоллатмаслик сабаб бўлган. Шунга қарамай, вирусолог пандемия пайтида Синтерклааснинг қариялар уйига бориши жуда аҳмоқона фикр эканлигини таъкидлади.

Бельгияда коронавирусдан ўлим даражаси ниҳоятда юқори. Сўнгги маълумотларга кўра, 14 декабрга келиб Бельгияда 608,1 минг кишида янги коронавирус инфекцияси аниқланди. COVID-19 касаллигидан мамлакат бўйича жами 18 минг киши вафот этди.

Синтерклаас — соч-соқоли оппоқ, қизил чопон ва митра кийган қария. У барча совғаларни 5 декабргача етказиш учун ноябрь ойининг охирида Испаниядан пароходда йўлга тушади. Унинг кўплаб ёрдамчилари бор — барча ишларини ана шу Қора Питлар бажаришади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг