Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қийин шароитда қолган тадбиркорни йил охиригача бирорта текширувчи безовта қилмайди

Қийин шароитда қолган тадбиркорни йил охиригача бирорта текширувчи безовта қилмайди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 март куни коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Президент коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида фармон қабул қилди. Ҳужжатга асосан, Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унда 10 триллион сўм шакллантирилади.

Йиғилишда фармонда белгиланган долзарб вазифаларни амалга ошириш, пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Коронавирус тарқалашининг олдини олиш, шифохоналарни дори, ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминлаш, карантин харажатларини ўз вақтида молиялаштириш зарурлиги таъкидланди.

Юртимизда коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилган. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Касалланганларни ўз вақтида аниқлаш ва профилактикага эътиборни кучайтириш, бунинг учун барча ҳудудий юқумли касалликлар шифохоналарини экспресс-тестлар билан таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Ҳозирги кунда 16 мингдан ортиқ фуқаролар карантинга олинган. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга карантин назоратини таъминлаш юклатилди.

Коронавирус таъсири энг юқори бўлган иқтисодиёт тармоқларига солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича имтиёзлар бериш, бюджет ссудалари ажратиш юзасидан вазифалар белгиланди.

Масалан, меҳмонхона бизнесида 90 миллиард сўмлик, транспорт-логистика соҳасида 650 миллиард сўмлик, умумий овқатланиш муассасаларида 180 миллиард сўмлик, ташқи савдо корхоналарида 3,6 триллион сўмлик кредитларни қайтариш имконияти пасаймоқда. Туристик фирма ва меҳмонхоналар ҳар бир сайёҳ учун кунига 2-3 доллардан туризм йиғими тўлаб келмоқда.

Шу боис ушбу корхоналарнинг кредит муддатларини узайтириш, туристик йиғимлар ундиришни вақтинча тўхтатиш бўйича кўрсатма берилди.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, пандемия сабабли фаолиятини тўхтатган тадбиркорларга банклар орқали фоизсиз бюджет ссудалари ажратилади. Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилади.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоизга камайтирилади. Бунда маҳаллий бюджетдаги йўқотишлар республика бюджетидан қоплаб берилади.

Йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинади ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилади. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмайди.

Халқаро савдодаги вазиятни инобатга олиб, экспорт-импорт бўйича кечиктирилган қарздорликка жарима қўлламаслик, «яшил йўлак»лардан маҳсулот ўтказишни кўпайтириш, юк ташишда юзага келаётган масалаларни оператив ҳал этиб бориш бўйича топшириқлар берилди.

– Ҳозирги ҳолатда баъзи корхоналарнинг солиқ тушадиган базаси камайиши табиий. Лекин бу камомад нима ҳисобидан қопланиши бўйича мутасаддиларда кундалик таҳлил ва сўров бўлиши шарт, – деди Президент.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг