Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони яна бир минг кишилик довондан ошди
Қирғизистонда коронавирусни юқтирганлар сони 3 минг кишидан ошди, дея маълум қилди СOVID-19 га қарши кураш республика штаби. Бу ҳақда якшанба куни «РИА Новости» хабар берган.
«2020 йил 21 июнь ҳолатига кўра республика бўйича 170 та янги СOVID-19 ҳолати қайд этилди, улардан 56 нафари Бишкекда аниқланган», — деди штаб вакили.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, куни кеча COVID-19 ни юқтирган иккита бемор вафот этди: 1974 йилда туғилган аёл билан 1969 йилда туғилган эркак. Ўтган бир кеча-кундузда Қирғизистон бўйича 30 нафар бемор шифохонадан тузалиб чиқди. Стационарларда 528 киши қолмоқда, улардан 11 нафари реанимацияда.
Штабнинг маълум қилишича, касалликка янги чалинганлар орасида 10 нафар тиббиёт ходими ҳам бор. Коронавирус пандемияси даврида соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларининг жами 556 нафарида коронавирус қайд этилган.
Шу тариқа, якшанба кунги ҳолатга кўра, Қирғизистонда COVID-19 аниқланганлар сони 3151 кишига етди. 37 киши ҳаётдан кўз юмди. 2011 киши шифохонадан тузалиб чиқди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter