Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонлик таниқли дипломат коронавирус оқибатида вафот этди

Ўзбекистонлик таниқли дипломат коронавирус оқибатида вафот этди

Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси маслаҳатчиси, сиёсий фанлар доктори Дониёр Обидов коронавирус инфекцияси оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев «Hurriyat» газетасида чоп этилган мақоласида маълум қилди.

«Шу ойнинг илк кунларида Беларусдан хабар келди. Минскдаги Ўзбекистон элчихонасида ишлаб турган дўстимиз, укамиз, сиёсий фанлар доктори Дониёр Обидов коронавирус туфайли вафот этибди. Шавқу завқ билан ёниб, ёлқинланиб ўзбегу беларус халқларининг маданий яқинлашуви учун дилдан хизмат қилиб юрган эди», – деб ёзади Ш.Ризаев.

Ўзбек дипломатининг бевақт ўлими ҳақидаги хабар Беларусдаги «Звязда» нашриёт уйи директори Алесь Карлюкевич томонидан юборилган.

«Унинг вафоти ҳақида шоир Минҳожиддин Мирзо маълум қилди. Бунга ишонмадим. Унинг дўсти – тошкентлик журналист Бобур Алихонов билан боғландик. «Ҳа, бу ҳақиқат, – деди у. – Дўстимиз Дониёрдан айрилиб қолдик». Минскдан мактуб келди. «Звязда» нашриёт уйи директори – бош муҳаррири Алесь Карлюкевич «У коронавирусдан вафот этди» деб ёзибди», – дейди ёзувчи Рисолат Ҳайдарова.

Дипломат ва олим сифатида ҳурмат қозонган Дониёр Обидов Ўзбекистон ҳамда Беларусь ўртасидаги турли соҳадаги ҳамкорлик, хусусан, маданий-гуманитар робиталарни ривожлантириш йўлида сидқидилдан фаолият юритиб келаётган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари таниқли дипломатнинг вафоти ҳақида хабар бергани йўқ. Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси расмий сайтига ишонилса, Д.Обидов ҳамон тирик – сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчи мақомида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон ТИВнинг «Дунё» ахборот агентлиги сайтида жорий йил 17 март куни Д.Обидовнинг «Мотуридий таълимоти Европа марказида кенг ўрганилмоқда» номли мақоласи чоп этилган. Унда муаллиф ягона қўлёзмаси Кембриж университети кутубхонасида сақланаётган «Китоб-ат-тавҳид» асари ҳақида сўз юритади. Бу – фоний дунёни тарк этган дипломат ва олимнинг матбуотдаги сўнгги мақоласи бўлса ажаб эмас.

Беларусдаги «Звязда» нашриёт уйи икки давлатнинг маданий-гуманитар алоқалари равнақига катта ҳисса қўшган марҳум дипломат Д.Обидов хотирасини абадийлаштириш, жумладан, Минскдаги кўча ёки мактаблардан бирига унинг номини беришни таклиф этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг