Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Омикрон» «дельта»га нисбатан тез тарқалади, аммо...

«Омикрон» «дельта»га нисбатан тез тарқалади, аммо...

Коронавируснинг «омикрон» штамми икки ҳафта ичида дунёнинг олти қитъасини «забт» этиб улгурди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотига кўра, янги мутация шу пайтгача 63 мамлакатда қайд этилган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

ЖССТ томонидан эълон қилинган навбатдаги бюллетенда келтирилишича, «омикрон» «дельта»га нисбатан тезроқ тарқалиши мумкин. Бироқ уни юқтирганларда касаллик енгилроқ ўтмоқда.

Хусусан, Жанубий Африка Республикасидан олинган дастлабки далиллар шуни кўрсатадики, янги штаммнинг оғир асоратларни келтириб чиқариш эҳтимоли кам.

Амалдаги ПЗР ва антиген тестлар орқали «омикрон»ни аниқлаш мумкинлиги яна бир бор тасдиқланди. Шунингдек, СOVID-19нинг бошқа штаммларини даволашда қўлланилаётган усуллар бу инфекция турини муолажа қилишда ҳам самара беради.

Шунга қарамай, ЖССТ тўпланган ушбу маълумотлар «омикрон» хавфи ҳақида якуний хулоса чиқариш учун ҳали етарли эмас, деган хулосада.

Янги касаллик турининг енгил ўтаётганини бошқа расмий доиралар ҳам тасдиқлаган. Жумладан, Европада 732 та янги мутацияни юқтириш ҳолати аниқланган. Уларнинг катта қисми Дания (195 киши) ва Норвегия (109 киши) ҳиссасига тўғри келади. Беморларнинг деярли барчасида касаллик енгил кечган.

Бундай хулосалар АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази томонидан ҳам эълон қилинди. Унга кўра, мамлакатда яқин кунларгача 43 та ҳолат рўйхатга олинган ва барча беморларда хасталик оғир асоратларсиз ўтган. Фақат бир киши шифохонага ётқизилган ва шунда ҳам аҳволи яхшилангач, икки кундан кейин унга жавоб берилган.

Мутахассисларнинг кузатувларига кўра, «омикрон»нинг белгилари катталар ва болаларда турлича намоён бўлмоқда. Уларни умумлаштирувчи асосий аломатлар эса чарчоқ, бош оғриғи, иштаҳа йўқолиши ва теридаги тошмалардир.

Ҳозир қатор давлатлар янги вариантнинг тарқалиш шиддатини ҳисобга олиб, эҳтиёт чораларини кучайтирмоқда. Мисол учун, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон мамлакат аҳолисига мурожаат билан чиқиб, 18 ёшдан ошган фуқароларни йил охиригача бустер доза билан эмланишга чақирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг