Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олий Мажлис депутати карантиндан чиқди. Нима бўлганди?

Олий Мажлис депутати карантиндан чиқди. Нима бўлганди?

Нодирбек Тилаволдиев.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодирбек Тилаволдиев 15 кун карантинда бўлиб чиқди. Бу ҳақда унинг ўзи маълум қилди.

«Пойтахтдан вилоятга келишимиз чоғида самолётда биз билан учиб келган йўловчилардан бирида коронавирус борлиги гумон қилиниб, карантинга олинди. Табиийки, ўша йўловчи билан бирга бизни — бошқа йўловчиларни ҳам карантинга олишди. Мана, ўн беш кун карантинда бўлдик биз ҳам. Шукурки, ҳеч қандай вирус аниқланмади, хавф-хатар ўткинчи бўлиб чиқди», — деб ёзади депутат.

Унинг қайд этишича, олиб борилаётган тушунтириш ва огоҳлантириш ишларига қарамай, баъзи бир фуқаролар томонидан вируснинг қанчалик хавфли эканини тушуниб етмаяпти, коронавирусга қарши курашиш комиссия қарор ва талабларга масъулиятсизлик билан ёндашмоқда.

«Ушбу балога қарши курашиш фақатгина Президент ва ҳукуматнинг вазифаси, касаллик мени ва менинг оиламни четлаб ўтади, деб фикрлайдиганлар қаттиқ янглишади. Ягона ва энг тўғри йўл ҳукумат, ҳар бир фуқаро, тадбиркорлик субъектлари ва жамоатчиликнинг бир тану бир жон бўлиб, ушбу касалликка қарши мардонавор курашишидир. Қатъий интизом, масъулият, сабр-тоқат, жипслик ва фидойилик билан хитойликлар ушбу балони енгиш мумкинлигини амалда исботлаб берди. Сингапур, Жанубий Корея ва Япония халқининг ҳам метин иродаси, гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи, ҳукумат томонидан қабул қилинган қонун ва талабларга ҳурмат, итоаткорлик мазкур давлатларда пандемияни жиловлаш имконини берди.

Баъзи ҳолларда одамларнинг, жамият аъзоларининг ҳам бир-бирларига бўлган муносабати кишини ўйлантириб қўймоқда. Бундай мураккаб вазиятда бир-бирига тасалли бериш ўрнига, кўнгилни хира қиладиган ишлар қилинмоқда. Афсуски, фуқароларимиз карантин сўзи моҳиятини тўлиқ тушуниб етмаяпти. Карантинда сақланаётган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига «вируслар» деб ном қўйиб, маҳалла-кўйда уларнинг обрўсига путур етказиб, ножўя гаплар тарқатиш ҳолатлари ҳам учраб турмоқда. Ваҳоланки, бугунги кунда касаллик тарқалишини олдини олиш учун 100 мингдан ортиқ фуқаро карантинга олинган. Фуқароларимиз карантинга олиниш бу инсон касалланган деган маънони англатмаслигини, фақатгина эҳтиёт чораларини кўриш мақсадида муайян муддатга изоляция қилиш ҳолати эканини яхши тушуниб етишимиз керак», — дея қайд этган Нодирбек Тилаволдиев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг