Олимлар коронавирус кимларда узоқроқ давом этишини аниқлашди
Лондон Қироллик коллежи олимлари «Covid Symptom Study» дастури ёрдамида COVID-19нинг узоқ давом этадиган турига кимлар кўпроқ дучор бўлишини аниқлашди. Бу ҳақда «Express» портали хабар берди.
Тадқиқотчилар коронавирусга чалинган ҳар йигирманчи бемор саккиз ҳафта ва ундан кўп вақт давомида касаллик аломатларидан қийналишини маълум қилишди. Аслида COVID-19 қанча давом этишини касаллик бошлангадаёқ билса бўлади.
«Касалликнинг биринчи ҳафтасида беморда қанча кўп аломатлар намоён бўлса, узоқ давом этадиган COVID-19 эҳтимоли шунча юқори бўлади», — дейилади мақолада.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, касаллик давомийлиги беморнинг ёши, жинси ва тана вазни индексига боғлиқ.
Олимлар коронавирусга чалинган қарийб 4200 беморнинг маълумотларини ўрганишиб, беморнинг ёши қанча катта бўлса, COVID-19нинг узоқ давом этиш эҳтимоли шунча юқори бўлишини аниқлашди. Шунга кўра, 18 — 49 ёшлардаги беморларнинг тахминан 10%ида касаллик чўзилади, 70 ёшдан ошганларда эса бу кўрсаткич 22%га етади.
Шунингдек, тана вазни индекси юқори бўлган кишилар COVID-19дан узоқроқ азият чекишади. Бундан ташқари, эркакларда касалликнинг узоқ давом этиши аёлларга қараганда бир ярим баравар кўп учрайди. Бироқ бу, энг аввало, ёш беморларга тааллуқли. Бундан ташқари, астмаси бор беморларда ҳам бундай хавф юқори.
Коронавирус пандемияси дунёдаги деярли барча мамлакатларни қамраб олди. Ҳозирги вақтда 47 миллион киши коронавирусга чалинган, 1,2 миллион бемор вафот этди. 33,8 миллион киши касалликдан фориғ бўлди. Касалланишлар сони энг кўп АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилияда кузатилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter