Нью-Йоркда коронавирусдан вафот этган учинчи ўзбекистонлик таниқли хонанда экани маълум бўлди
Бугун тонгда Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси 6 апрель куни 1969 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Р.Х. коронавирус инфекциясини юқтириб олиш натижасида маҳаллий клиникада вафот этганини хабар қилганди.
Нью-Йоркдаги ўзбекистонликлар ҳамжамияти вакиллари ушбу шахс таниқли қўшиқчи, шашмақом ижрочиси Рустам Самарқандий эканини маълум қилди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 51 ёшли Рустам Ҳожимамедовда 22 март куни касалликнинг биринчи аломатлари кузатилган эди, унинг соғлиғи кескин ёмонлашиши муносабати билан 2 апрель куни у касалхонага ётқизилиб, ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига уланган ва сунъий комага туширилган эди. Аммо бу фойда бермади ва бемор 6 апрель куни оламдан ўтди.
Рустам Ҳожимамедов Рустам Самарқандий тахаллуси остида ижод қиларди. У машҳур ҳофиз Абрам Толмасовнинг шогирди ҳисобланарди. Рустам Самарқандий ширали овози ҳамда мумтоз куйларни ижро этиш маҳорати билан машҳур эди.
Ҳозирги пайтда Бош консулхона диаспорал ташкилотлар раҳбарлари ва фаоллари билан биргаликда унинг дафн маросими билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нью-Йоркда икки ўзбекистонлик (бир аёл ва бир эркак) коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Умуман олганда, хорижий давлатларда бўлиб турган 23 нафар Ўзбекистон фуқаросида коронавирус аниқланган.
Ўзбекистонда эса коронавирусга чалинганлар сони 7 апрель соат 15:00 ҳолатига кўра 504 нафарни ташкил этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter