Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нурмат Отабеков «британча» штаммни аниқлаш учун беш кун сарфланганига изоҳ берди

Нурмат Отабеков «британча» штаммни аниқлаш учун беш кун сарфланганига изоҳ берди

«Британча» штаммни аниқлаш шу даражалик қийин жараёнми, нега уни аниқлаш учун беш кун вақт сарфланди?

АОКАдаги брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков ушбу саволга жавоб берди.

«Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази томонидан «Британча» штаммни генетик аниқлаш жараёнига тахминан 5 кун вақт сарфланди. Бу жараён анча мураккаб ҳисобланиб, ҳар бир босқичини алоҳида назорат қилиш талаб этилади.

Шу кунгача марказ томонидан «Британча» штамм мавжудлиги эҳтимоли бўлган COVID-19 вируси аниқланган 33 нафар беморнинг бурун бўшлиғидан олинган суртмалар текширилди.

Биринчи босқичда — барча тақдим этилган намуналарнинг коронавирус РНКси ДНК шаклга ўтказилди. Сабаби, вирус РНК шаклда бўлиб, у билан ишлаш учун уни аввал ДНК шаклга ўтказиш талаб этилади.

Иккинчи босқич Реал Тайм ПЦР реакцияси ёрдамида «Британча» штаммнинг маркер мутацияси скрининги ўтказилди. Бу усул ҳам марказ олимлари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, илк бор реал беморлар таҳлилида қўлланилди.

Бу усулни оптималлаштиришга тўғри келган бўлиб, бир қатор такрор тажрибалар ўтказиш орқали, хатога йўл қўймаслик учун замин яратилган. Айнан мана шу босқичда биз шубҳали намунани аниқладик, аммо мазкур намунада «Британча» штаммга хос бўлган қатор бошқа мутациялар ҳам мавжуд эканига ишонч ҳосил қилиш керак эди.

Сўнгра намунани секвенлашга (генларнинг ДНК кетма-кетлигини аниқлашга) тайёрланди. Бунинг учун коронавирус геноми участкалари сунъий шароитда кўпайтирилиб, тозаланади. Бу энг қийин жараён ҳисобланиб, бир қатор реакциялар қўлда амалга оширилишига тўғри келган. Кейин эса ДНКнинг қайта ишланган ва тайёрланган бўлаклари аппаратга — секвенаторга жойланиб, бевосита генетик таҳлили қилинган.

Учинчи босқич — сўнггиси ҳисобланиб, унда олинган натижалар компьютерда қайта ишланди, халқаро маълумотлар базасидаги генетик кетма-кетликлар билан солиштирилди. «Британча» штаммга хос қатор мутациялар мавжудлиги тасдиқланганидан кейингина маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилди».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг