Нурмат Отабеков: «400 киши коронавирусга қарши эмланди»
Юртимизда бошланган коронавирус вакциналарининг клиник синовлари ҳақидаги ССВ матбуот хизмати саволларига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Отабеков жавоб берди.
— COVID-19га қарши вакцина синовларида юртдошларимиз кўнгилли сифатида қатнашаётгани ҳақида биламиз. Синов жараёнларида қатнашиш тартиблари қандай, бунда кўнгиллиларга қандай талаблар қўйилади? Ёки истаган киши унда иштирок этиши мумкинми?
— Маълумки, республикамиз коронавирусга қарши ишлаб чиқилиши режалаштирилаётган вакцинанинг самарадорлигини синовдан ўтказиш 3-клиник фазасида иштирок этмоқда. Шу боис ҳам ушбу тадбирга 18 ва ундан юқори ёшдаги кўнгиллилар жалб қилинади. Дастлаб, кўнгиллиларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилади, олинган қон намуналари коронавирус касаллигиги бор ёки йўқлигига лаборатория усулида текширилади, касаллиги борлар ва касалликни ўзида ўтказиб, унга қарши антитаначалари мавжуд бўлган шахслар синов жараёнидан чиқариб юборилади ва бу тадбирга жалб қилинган ҳар бир шахснинг саломатлиги бутун синов мобайнида кузатув остига олинади.
Таъкидлаш жоизки, сурункали касаллиги бор ва иситмалаётган, қон босими меъёридан юқори, қон касалликлари мавжуд, иммун танқислиги билан касалланган, саратонга чалинган беморлар ҳамда ҳомиладор ва фарзанд кўриш истагидаги аёллар ҳам бу жараёнда қатнашиши мумкин эмас.
Айни пайтдаги клиник синовларда 400 нафардан ошиқ кўнгиллилар мазкур вакцина билан эмланди. Кимдир кўнгилли сифатида синов жараёнида қатнашиш истагида бўлса, тез орада Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этиладиган махсус сайтга мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Ҳозир кўнгиллилар орасида синаб кўрилаётган коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари Хитойнинг «Рекомбинат» вакцинаси билан амалга оширилмоқда, ушбу вакцинанинг биринчи ва иккинчи клиник-синовлари Хитойда амалга оширилган бўлиб, ўта муваффақиятли ўтди, деб баҳоланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати клиник синовнинг 3-босқичи амалга оширилишини доимий назорат остига олган. Тизимда мавжуд маълумотларга кўра, шу пайтгача эмланган кўнгиллилар орасида эмлашдан кейинги реакциялар ва салбий асоратлар кузатилмади ҳамда ҳар бир эмланган шахс устидан тиббий назорат ўрнатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter