«Миллиардлаб инсонларнинг умид кўзлари сизга қадалган» – вазир
Бугун юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 8 нафари бутунлай соғайиб, ушбу дарддан фориғ бўлганлар 38 нафарга етгани ҳақида хабар бергандик.
Шу муносабат билан, беморларнинг дардига малҳам бўлаётган Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси жамоасига Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов чуқур миннатдорлик билдирди.
– Сабаби улар бугунги кун қаҳрамонлари. Бу эътироф дунёнинг барча минтақаларида, давлатларида янграётгани ҳам бежиз эмас. Чунки жаҳон бўйлаб инсонлар ҳаётига таҳдид солаётган коронавирус инфекциясига қарши, биринчи навбатда, шифокорлар жасорат ва матонат кўрсатишмоқда. Юз минглаб беморларнинг ҳаёти учун кеча-ю кундуз жон куйдираётган тиббиёт ходимларига миллиардлаб инсонларнинг умид кўзлари қадалган. Дарддан фориғ бўлаётган инсонлар қувончи эса қаҳрамон тиббиёт ходимларига куч-ғайрат, иштиёқ бағишламоқда.
Бундай ватанпарварлик намунасини мамлакатимизда фаолият юритаётган минглаб шифокорларимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Улар оиласи, яқинлари, халқимиз учун махсус тиббиёт ва карантин муассасаларида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга астойидил ҳаракат қилишмоқда. Шундай экан, улар меҳнати ҳар қанча эҳтиромга муносибдир, – дейди вазир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter