Ковидни оғир ўтказган Даврон Файзиев вакцина ҳақида ёзди
Таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев нима учун вакцина олгани ҳақида пост қолдирди.
«Бу мавзуда ёзиб ўз тажрибам билан бўлишгим келди. Балки менга ўхшаш ҳолатдагиларга фойдаси тегар.
Вакцина масаласида бир ойдан бери кузатув режимида эдим. Олганлар билан гаплашиб, мақолалар ўқиб, шифокорлардан фикр олиб юрдим.
2020 йил сентябр-октябрда ковидни оғир ўтказганман. Экспомарказ ва Вирусологияда даволаниб чиққанман (ўша ердагиларга яна бир бор раҳмат). Демак бир ойдан кейин бир йил бўлади. Жуда кўпчиликдан эшитяпманки, коронавирус роппа-роса бир йилдан кейин қайта юқяпти. Антителамни текширдим. Бор, аммо кам, айнан 1 йил бўлишига тугайдиган. Демак, бир ойдан кейин чиқадиган антитела учун ҳозир вакцина олишим керак.
Журналистлардан доим хабар олиб турадиган укамиз (АОКА мутахассиси) Аҳмад Юсупов қўнғироқ қилиб, поликлиникаларда Moderna вакцинаси билан эмлашаётганини айтиб, боришга тарғиб қилди. Шифокоримку аллақачон олинг деб бўлганди. Ҳуллас бордим ва модерна билан эмландим.
Тунда озгина иссиғим чиқди. Эртасига ҳам давом этди. Кўп суюқлик ичдим, дори ичмадим. Қўлим ҳам оғригани сабаб иккинчи куни ухлаш олдидан битта дори ичдим. Шу билан яхшиланиш бошланди. Учинчи кун озгина ҳолсизликни айтмаса, деярли ўтиб кетди ҳаммаси. Вакцина қилган шифокор ҳар куни хабар олиб турди.
Ҳаммага таъсир қилиши ҳар хил. Мен билан бир кунда олган кўп танишимда умуман ўзгариш бўлмади. Вакцина олиш ўта индивидуал қарор. Лекин, кўпчилигимиз маска тақиш ва масофа сақлашга кўпам эътибор бермаяпмиз. Атрофда эса касаллар жуда кўп. Ҳимояланмаяпмиз. Иккита йўл қолади: касалликни ўтказиш ёки вакцина.
Ишонинг, касал бўлиш жуда катта таваккалчилик. Шу сабаб вакцина ягона тўғри йўл дейилмоқда. Мен ҳам шахсий ўрганиш натижасида шу фикрга келдим. Сизга албатта олинг деёлмайман, чунки врач эмасман. Ҳолатингизга қаранг, керак бўлса текширув ўтказинг, вакцинани ва ўз организмингизни ўрганинг. Шундан кейин медицина томондан тўсиқ бўлмаса ва тарознинг нариги томонида вакцинага қарши фақатгина телеграмдаги аудиолар турган бўлса, унда борингда эмланинг. Ҳаммага саломатлик тилайман!» деб ёзади у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter